Жаҳон | 17:24 / 11.07.2024
9433
8 дақиқада ўқилади

«У вақт билан жангда устун келолмайди». Жорж Клуни Байденни президентлик пойгасидан чиқишга чақирди

У ўзи билан гаплашган барча демократ сенаторлар, конгрессменлар ва губернаторлар ҳам худди шундай фикрда эканини айтган.

Фото: Getty Images

Америкалик таниқли актёр ва Демократик партия учун хайрия маблағлари йиғиш бўйича ташкилотчилардан бири Жорж Клуни АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байденни сайловолди пойгасини тарк этишга чақирди. Бу ҳақда у New York Times учун колонкасида ёзган.

Актёр Жо Байден ўз сиёсий фаолияти давомида жуда кўп курашларда устун келгани, аммо энди у «вақт билан жангда устун кела олмаслиги»ни қайд этган.

Актёр мақоласида ўзи «бир умрга демократ» бўлиб қолишини айтган ва бир неча марта демократ номзодлар кампанияси учун маблағ йиғишда қатнашганини эслатган. Клунининг сўзларига кўра, у уч ҳафта муқаддам Жо Байден билан учрашган ва бу энди 2010 йилги Байден ва ҳатто 2020 йилги Байденга ҳам ўхшамаслигини англаб етган.

«Мен Жо Байденни яхши кўраман. Сенатор сифатида. Вице-президент ва президент сифатида. Мен уни дўстим деб ҳисоблаганман ва унга ишонганман. Унинг характерига ишонганман. Унинг ахлоқий фазилатларига ишонганман. Сўнгги тўрт йилликда у ўзи тўқнаш келган кўплаб жангларда ғалаба қилди. Аммо у устун кела олмайдиган ягона кураш — бу вақт билан жангдир. Бизнинг ҳеч биримиз бунга қодир эмасмиз. Буни айтиш даҳшатли, аммо мен уч ҳафта муқаддам хайрия йиғиш тадбирида учрашган Жо Байден 2010 йилдаги Жо Байден эмас. У ҳатто 2020 йилги Жо Байденга ҳам ўхшамайди. Бу биз барчамиз [Доналд Трамп билан] дебатларда кўрган одам эди», — дея ёзади Клуни. 

Актёр Демократик партия етакчилари 51 миллион киши улар аслида кўрган нарсани кўрмагани ҳақида гапиришни бас қилиши кераклигини қайд этган. Унинг ҳисоблашича, демократлар Трампнинг иккинчи муддати эҳтимолидан «шу қадар чўчиб кетганки», «барча огоҳлантирувчи белгиларни эътиборсиз қолдиришга қарор қилишган». 

Актёрнинг сўзларига кўра, «барчаси ёшга боғлиқ» ва бошқа гап йўқ. У агар Демократик партия Жо Байден билан сайловга борса, унда ғалаба қозона олмайди деб ҳисоблайди.

«Бу фақат менинг фикрим эмас. Бу мен юзма-юз гаплашган ҳар бир сенатор, Конгресснинг ҳар бир аъзоси ва ҳар бир губернаторнинг фикридир. Улар омма қаршисида нима дейишганидан қатъи назар», — деган Клуни. 

Клуни Демократик партияда президентлик пойгаси учун янги номзод топишга ҳали вақт борлигини таъкидлаган. 

Колонка охирида у Байденни 2020 йилда демократияни «қутқариб қолган» қаҳрамон деб атаган. «У 2024 йилда яна бир бор шу ишни қилиши керак», — дея хулоса қилган актёр.

Партиянинг бошқа тарафдорлари қандай позицияда?

Жорж Клунининг баёноти Вакиллар палатаси собиқ спикери Нэнси Пелоси Байденда ўтган ой охиридаги муваффақиятсиз дебатлардан сўнг президентлик пойгасида қолиш-қолмаслик бўйича қарор қабул қилиш учун тобора кам вақт қолаётганини айтиши ортидан янгради. У MSNBC эфирида АҚШ президентининг қайта сайланиш бўйича ҳаракатларини қанчалик қўллаши ҳақидаги саволга шундай жавоб қайтарган: «Президент сайловда иштирок этиш-этмаслиги бўйича қарорни ўзи қабул қилади. Биз барчамиз уни шундай қарорни қабул қилишга чақирамиз, чунки вақт тугаб бормоқда».

81 ёшли Байденни сайловолди пойгасидан чиқаришга қаратилган босимлар Доналд Трамп билан дебатлардан кейин кучайди, дебатда у саросимага тушгандек кўринган ва бир неча марта гапидан чалғиб кетганди (Байден кейинроқ ABC News учун интервюсида буни «ҳаддан ташқари толиққани» билан изоҳлаган ва ўша вақтда «ўзини даҳшатли даражада ёмон ҳис қилгани»ни айтганди).

Ўша дебатлардан кейин Демократик партиянинг бир қатор ҳомийлари очиқчасига агар Байден пойгадан чиқмаса, кампанияни молиялаштиришни тўхтатиши ҳақида огоҳлантирди.

Аммо CBS News телеканали хабарига кўра, душанба куни президент Демократик партия ҳомийлари билан телефон мулоқоти ўтказган ва уларни сайловолди пойгасида қолиши тўғри бўлишига ишонтирган.

CBS манбалари Байден дебатлар мавзусини ортда қолдириб, Трамп ва республикачиларнинг дастурига қарши стратегияга эътибор қаратишни мақсад қилганини айтишган.

Катта эҳтимол билан, бу етарли бўлмаслиги мумкин, чунки Конгрессдаги олти нафар демократ (Палатанинг Вашингтон, Техас, Аризона, Иллинойс, Массачусетс ва Миннесотадан бўлган вакиллари) Байденни пойгадан бош тортишга чақирган. Сешанба куни уларга ўртага кўп нарса тикилганини айтиб, ню жерсилик конгрессмен Мики Шеррилл ҳам қўшилди.

10 июл куни эса демократ сенаторлар орасида биринчи бўлиб Майкл Беннет ҳам шу каби чақириқларга қўшилди.

Колорадо штатидан сайланган сенатор CNN билан суҳбатда президент Доналд Трампга «катта фарқ билан ютқазиши» мумкинлигини айтган, аммо у ўз номзодини қайтариб олиши зарурлигини тилга олмаган. Беннетнинг сўзларига кўра, бундай вазиятда пойгадан чиқиш — мамлакат келажагига дахлдор бўлган ахлоқий танловдир.

Бошқа демократлар эса партия бирдамлиги муҳимлигини таъкидламоқда. Масалан, Сенатдаги кўпчилик етакчиси Чак Шумер шу кунларда қисқача шундай деди: «Мен Жо биланман».

Бу вақтда эса Жо Байден НАТОнинг Вашингтондаги юбилей саммитида 13 дақиқалик нутқ ирод этди. АҚШ президентининг чиқиши унинг Доналд Трамп билан дебатидан кескин фарқ қилди — у аниқ ва кучли гапирди, унинг нутқи иттифоқчиларни ноябрдаги сайловларда ғолиб бўла олишига ишонтиришга қаратилгандек эди.

Июл ойи бошида Америка нашрларида Паркинсон касаллиги бўйича невролог ва мутахассис Кевин Каннард ўтган йил августидан шу йил мартига қадар камида саккиз марта Оқ уйга келгани ҳақида хабар тарқалиши Байденнинг вазиятини янада оғирлаштирди.

Шундан кейин Оқ уй яна Байденнинг саломатлиги борасидаги хавотирларни аритишга уриниб, журналистларга АҚШ президенти Паркинсон касаллигидан азият чекмаслиги, доимий текширувлар унинг асаб тизими фаолиятида муаммо йўқлигини кўрсатганини маълум қилди.

Президент Жо Байденнинг ўзи президентлик сайловларида иштирок этиш қарорида қатъий турибди.

Висконсин штатида тарафдорлари билан учрашув вақтида Байден сайловда яна ғолиб бўлмоқчи эканини айтганди.

«Мен жуда кекса эканим ҳақидаги гапларнинг барчасини кўряпман», — деган Байден. «15 миллион ишчи ўринлари яратиш учун жуда қари эмасмидим? <… > Беш миллион америкалик талабалар қарзини ёпиш учун жуда қарилик қилмаганмидим?» — дея сўрайди у.

«Сиз нима деб ўйлайсиз, мен Доналд Трампни енгиш учун қарилик қиламанми?» — деган у ва оломон «йўқ» дея жавоб қайтарган.

Мавзуга оид