Ўзбекистон | 21:00 / 12.07.2024
6156
6 дақиқада ўқилади

12 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Фарғонадаги янги ташаббуслар, Марғилонда қуриладиган янги тураржой массиви, фуқароларни лақиллатиб юрган автосалон ва яшил шаҳарлар рейтингида ғолиб Наманган — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи

Президентнинг Фарғона вилоятига ташрифи давом этди. Вилоятни келгусида иқтисодий ривожлантириш бўйича бир қанча ташаббуслар илгари сурилди, режалар эълон қилинди ва топшириқлар берилди.

Масалан, Фарғона туманида саноат усулида Италия ва Полшанинг серҳосил малина навлари экилиши эълон қилинди. Қўштепа ва Ёзёвонда 1 минг гектардан юқори ҳосилдор бодом, шафтоли, гилос ва олхўри боғлари ташкил қилинади.

Фарғонанинг 15 та туманида 500 гектардан зиёд ерда боғлар ташкил қилинади. Улар 50 сотихдан 30 минг аҳолига бўлиб берилади, вилоятдаги 8 минг гектар самарасиз боғлар янгиланади.

Қувасойда электромобилларни зарядлаш станцияларини ишлаб чиқариш корхонаси қурилади. Президент ушбу корхонани 2024 йилдаёқ ишга тушириш зарурлигини таъкидлади.

Фарғонадаги 19 та туман-шаҳар Хитой тажрибаси асосида саноатнинг аниқ бир йўналишига ихтисослаштирилади. Уларда саноат зоналари ташкил қилинади. Бу борада Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровга топшириқ берди.

Марғилонда 110 гектар майдонда 25 минг аҳолига мўлжалланган янги массив қуриладиган бўлди. Массивда 5 минг хонадонли уйлар, институтлар, меҳмонхоналар, савдо марказлари, театр, парк ва бошқа объектлар бўлади.

«Мамлакатимизнинг кўп жойларида янги массивлар, шаҳарчалар қуряпмиз. Марғилонликларнинг яшаш шароитларидан, уй-жойларга эҳтиёжидан хабарим бор. Шу талаб ва истакларни, кўпчилик оилаларнинг орзуларини инобатга олиб, замонавий иморатлар қуришни ўйлаяпмиз», — деди Мирзиёев.

Давлат раҳбари массивни хориж тажрибаси асосида пухта лойиҳалаштириш, уйлар ва инфратузилмани узоқни кўзлаб қуриш бўйича кўрсатмалар берди.

Камбағалликни қисқартириш тизимида ўзгариш

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Фарғонага ташрифи чоғида камбағалликни қисқартириш бўйича тизимни ўзгартириш зарурлигини таъкидлади. Энди камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя Ижтимоий ҳимоя агентлиги тизимида бўлади.

“Маҳалла еттилигида қандай ишлаш кераклиги бўйича тажриба тўпланди, уларга банк-молия инструментлари билан кўмаклашиш жорий қилинди. Шу билан бирга тизим кенгайган сари янгича ёндашувга эҳтиёж сезилмоқда”, - деди президент.

Йиғилишда эҳтиёжманд аҳоли даромад манбаи билан таъминланмаса, яна ижтимоий ёрдамга қайта-қайта мурожаат этиши кўрсатиб ўтилди.

“Шу боис, энди камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя битта, яъни Ижтимоий ҳимоя агентлиги тизимида бўлади”, - деди давлат раҳбари.

Яшил шаҳарлар рейтинги эълон қилинди

Республикадаги 14 та маъмурий марказнинг экологик рейтинги тузиб чиқилди. Шаҳарлар 100 балли тизимда баҳоланган. Наманган шаҳри 62 балл тўплаб, Ўзбекистондаги энг яшил шаҳар деб топилди.

Рейтингнинг кейинги ўринларида Самарқанд 61,13 балл ва Навоий шаҳри 59,5 балл билан мос равишда 2-, ва 3-ўринларни эгаллади.

Экологик барқарор шаҳарлар рейтинги ҳудудларни 7 та йўналишда ўрганиш орқали тузиб чиқилган. Бунда ҳаво сифати, ердан фойдаланиш, транспорт, сув, чиқинди, санитария ва энергия соҳалари қамраб олинган. Охирида умумий рейтинг натижалари ҳисоблаб чиқилган. Умумий рейтингда энг ёмон натижани Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳри кўрсатган бўлса ҳам, шаҳар энг тоза ҳаволи ҳудуд деб топилган.

Ҳаво сифати бўйича иккинчи ва учинчи ўринни Самарқанд ва Урганч шаҳарлари эгаллаган. Энг ёмон ҳаво эса Термиз шаҳрида экани қайд этилган.

Транспорт соҳасида эса киши бошига нечта транспорт тўғри келиши, шаҳарнинг транспорт стратегияси ва йўлда машиналар тиқинининг қанчалик ҳал қилингани масалалари ўрганилган. Бунда Топ 3таликка Андижон, Қарши ва Нукус шаҳарлари киритилган. Тошкент шаҳри эса транспорт энг ёмон ташкиллаштирилган шаҳар деб топилган.

Рейтингнинг 4-йўналиши шаҳарда киши бошига қанча сув тўғри келиши ва бошқа омилларни қамраб олади. Буни нисбатан яхши ташкиллаштирган шаҳарлар сифатида Термиз, Андижон ва Наманган шаҳарлари кўрсатилган.

Чиқиндиларни йиғиш, кўмиш ва уларни қайта ишлаш соҳаларида эса Нукус шаҳри 8,59 балл билан энг яхшиси деб топилган. Энг ёмон аҳвол эса Бухоро шаҳрида.

Машина оламан деганлар яна чув тушдими?

Тошкентдаги яна бир автосалон одамларни алдагани айтилмоқда. Kun.uz’га қилинган мурожаатга кўра, автосалон масъуллари машина олиш мақсадида тўлов қилган кўплаб фуқароларни алдаб юрибди. Айрим мижозларга эса машина берилган, аммо ҳужжати тўғрилаб берилмаган.

Мурожаатчиларга кўра, Тошкент шаҳридаги “Allianse Motors” МЧЖ ҳақида кетмоқда.

“2024 йил 19 май куни “Allianse Motors” МЧЖ билан BYD машинасини сотиб олиш бўйича шартнома туздим. Автосалонга дастлаб 63 млн 900 минг сўм, 20 май куни 178 млн 500 минг сўм тўлов қилганман.

Менга ўзини автосалон директори деб таништирган Давлат Нарзиев машинани 15 кунда келтириб беришни ваъда қилганди. Ушбу муддат ўтгач, мен машинани сўрай бошладим. У эса эрта-индин дея алдаб юрди.

2024 йилнинг 29 июн куни машинам келганини, шартнома бўйича қолган суммани тўлаб кетишим кераклигини айтди. Автосалонга бориб, қолган тўловни тўлаб келдим. Эртаси куни машинани эвакуаторга юклаб уйимга келтириб беришди. Лекин бугунгача машинанинг ҳужжатларини тўлиқ қилиб бергани йўқ”, дейди бошқа бир мурожаатчи.

Шунингдек, мурожаатда “Allianse Motors” МЧЖ масъуллари тўлов қилган бир неча ўнлаб одамларни алдаб келаётгани, уларга машиналарини шартнома бўйича ўз вақтида етказиб бермаётганлиги таъкидланган.

Мавзуга оид