Жаҳон | 23:25 / 12.07.2024
9012
2 дақиқада ўқилади

Британияда қамоқхоналар инқирози: янги ҳукумат илк катта муаммони қандай ҳал қилмоқчи?

Британияда мухолифат ҳокимият тепасига келишга энди улгурганида илк жиддий инқирозга дуч келди — бир-икки кун ичида мамлакат қамоқхоналарида жой қолмайди ва бу полициядан тортиб судларгача жиноятчиликка қарши курашувчи давлат машинасини фалаж ҳолга келтириши мумкин, деб ёзади BBC.

Фото: BBC

Айни пайтда Англия ва Уэлс қамоқхоналарида 87,5 минг киши “ўтирибди” — бу Европанинг ҳар қандай давлатига нисбатан кўп, бўш жойлар эса бир ярим мингта қолган, холос.

Улар ҳам тўлганидан сўнг полиция жиноятчиларни ҳибсга ололмай қолади, чунки судлар дастлабки қамоқ учун камералар етишмаслиги туфайли уларни қабул қилмайди.

Сўнгги 30 йил ичида Британияда жиноятчилик сони ва айблов ҳукмлари камайганига қарамасдан, маҳбуслар сони икки баробарга ошган. Бунга бош сабаб — ҳокимиятнинг жиноятчиликка қарши курашишда сиёсий капитал ишлаб олишга уриниши ва мамлакатда йиллар мобайнида жиддий жиноятлар учун жазолар қатъийлаштириб борилган, демоқда экспертлар.

“Агар зудлик билан чора кўрилмаса, бизни жиноятга қарши одил судлов тизимининг барбод бўлиши ва жиноятчиликнинг авж олиши кутиб турибди”, — деган адлия вазири Шабона Маҳмуд “Файв Уэллс” қамоқхонаси персонали олдида қилган чиқишида.

Қамоқхона ислоҳоти Кир Стармернинг бош вазир лавозимида амалга ошириши лозим бўлган илк катта иши бўлиб қолмоқда. Янги бош вазир бу вазиятда мамлакани 14 йил давомида бошқарган консерваторлар ҳокимиятини айблаган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид