Депутатларнинг сиртдан баҳси: улардан бири ўлим жазосини тиклаш кераклигига шама қилди, иккинчиси жавоб қайтарди
Алишер Қодиров Тошкент шаҳрида уч ёшли бола пичоқлаб ўлдирилгани ортидан бу ваҳшийликни қилган одам яшамаслиги кераклиги ҳақидаги фикрларини билдирди. Одилжон Тожиев эса бунга жавобан давлат ўзи бермаган ҳаётни олишга ҳаққи йўқлигини маълум қилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров Ўзбекистонда ўлим жазосини тиклаш кераклигига шама қилди. У Тошкент шаҳрида 3 ёшли бола ўлдирилгани ҳолатига муносабат билдириб, бу каби ваҳшийликка борган одам яшамаслиги кераклигини айтган.
Қодиров солиқлар ҳисобига жиноятчининг соғлигини сақлаб, қорнини тўйдириб, бошқа инсон бўлиб қолишини кутиш мантиқсизлик эканини қўшимча қилган.
«Жиноятнинг ҳаммаси ҳам жиноят, лекин мурғак болага ваҳшийлик қилган инсон яшамаслиги керак.
Кеча ёш бир йигитга 20 марта пичоқ уриб ўлдирган жиноятчи судда пушаймонлигини айтиб, 17 йилга қамалди. 25 ёшли бу махлуқ қамоқдан 42 ёшида жамиятга ким бўлиб қайтади? Ҳайвонлашиб кетган жиноятчини солиқларимиз ҳисобига соғлигини сақлаб, қорнини тўйдириб, бошқа инсон бўлиб қолишини кутиб ўтириш мантиқсиз. Бундайлардан жамиятни тозалаш керак!
Болалар ва бегуноҳ аҳоли қирғинига юзсизларча кўз юмиб, дунёга инсонпарварликдан дарс бераётганларнинг инсонқарашига мослашишга мажбурмизми? Бу махлуқлар нафақат бугун, балки келажакдаги про-махлуқларга намуна-устоз бўлиб хизмат қилишини унутмаслик керак», деб ёзган у.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг яна бир ўринбосари Одилжон Тожиев эса мақбул ечимдек кўринадиган ушбу таклифга мутлақо қўшилмаслиги, ўлим жазосини тиклаш керак деганларга Конституция китобини совға қилиш кераклигини билдирган.
«Бегуноҳ гўдакнинг умрига зомин бўлган кимсаларнинг яшашга ҳаққи йўқ, дея билдирилган иддао «ўлим жазосини тиклаш керак» дегандек гап. Бир қарашда адолатли ва мақбул ечимдек кўринадиган ушбу таклифга мутлақо қўшилмайман.
Биринчидан, ўлим жазоси эҳтимолий нохолис ўтказилган тергов ёки нотўғри чиқарилган ҳукм таъсирида жазоланган бегуноҳ инсоннинг ҳаёти бутунлай йўқотилишига олиб келиши мумкин. Тарих тирик гувоҳ. Суд қарори қанчалик адолатли кўринмасин, йиллар ўтиб жиноятчи аслида умуман бошқа шахс бўлгани аниқланган кейслар жуда кўп.
Иккинчидан, ўлим жазоси жиноятчилик даражасига таъсир кўрсатмайди. Жиноятлардан тийиб турадиган самарали воситалардан бири жазонинг шафқатсизлигида эмас, муқаррарлигида намоён бўлади. Қолаверса, ўзга бир инсоннинг умрига нуқта қўйишга сабабчи бўлган қотилга ўлим жазосини берсак, ўша ваҳший кимсадан фарқимиз қолмайди», дея таъкидлаган Одилжон Тожиев.
Унинг қўшимча қилишича, яшаш табиий ҳуқуқ бўлиб, давлат ўзи бермаган ҳаётни олишга ҳаққи йўқ.
Маълумот учун, Ўзбекистонда ўлим жозоси президентнинг 2005 йил 1 августдаги фармони билан 2008 йилнинг 1 январидан жиноий жазо тури сифатида бекор қилинган ва унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилган.
Мавзуга оид
18:21 / 11.11.2024
Алишер Қодиров ЛГБТ тарғиботини тақиқловчи қонун ишлаб чиқилишини маълум қилди
22:30 / 25.10.2024
Хитойда 17 болани ўғирлаб сотган аёл ўлим жазосига ҳукм қилинди
15:34 / 20.10.2024
Россиялик депутат Ўзбекистон фуқароларига виза режимини жорий этишга чақирди. Жамоатчилик бунга жавоб қайтарди
17:18 / 11.10.2024