Жаҳон | 12:43 / 12.07.2024
17989
4 дақиқада ўқилади

Вашингтонда НАТО саммити якунланди. Асосий маълумотлар

Алянс Украина «тўлиқ Евроатлантика интеграцияси сари қайтмас йўлда» эканини маълум қилди.

Michael Reynolds / EPA / Scanpix / LETA

Украина «тўлиқ Евроатлантика интеграцияси, жумладан НАТОга аъзолик бўйича ортда қайтмас йўлда», дейилади алянснинг Вашингтонда ўтказилган саммити якунида эълон қилинган коммюникеда. Унинг матнида Киевни бу йўлда қўллаб-қувватлаш ваъдаси баён этилган; Украинага алянсга қўшилиш бўйича таклиф «иттифоқчилар розилик берганида ва шартлар бажарилганида» юборилади.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳам делегация билан Вашингтонга келди ва иштирокчи мамлакатлар вакиллари билан икки томонлама музокаралар ўтказди. Саммит вақтида АҚШ, Нидерландия ва Дания Киевга F-16 қирувчи самолётларини етказиб бергани эълон қилинди. 

11 июл куни кечқурун эса Зеленскийнинг Байден билан учрашувида Украинага 225 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети эълон қилинди. Ундан Patriot зенит-ракета комплекси батареялари, NASAMS ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун снарядлар ҳамда бошқа ўқ-дорилар ўрин олган.

Саммит бошланишидан олдинроқ Украина АҚШнинг узоқ масофали ATACMS ракеталаридан Россиянинг халқаро тан олинган ҳудудлари бўйлаб зарбалар берилишига рухсатини олишдан умидвор эди, аммо бу борада қандайдир келишувга эришилгани тўғрисида ҳеч қандай хабар чиқмади — расман ҳам, норасмий тарзда ОАВ орқали ҳам.

Саммит якунларига кўра, Россияни келгусида ҳам сақланиб қоладиган «хавфсизликка энг муҳим ва тўғридан тўғри таҳдид» деб аталди. Коммюникеда «глобал хавфсизликка жиддий путур етказган» Украинадаги уруш учун фақатгина Москва жавобгар экани таъкидланади. «Биз Россиянинг 8 июл куни украин халқига, шу жумладан шифохонага қилинган даҳшатли ҳужумларини кескин қоралаймиз. Россия бу урушни зудлик билан тўхтатиши ва БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияларига мувофиқ ўз кучларини Украинадан тўлиқ ва сўзсиз олиб чиқиши керак», — дейилган баёнотда.

Шу билан бирга, коммюникеда НАТО Россия билан қарама-қаршиликка интилмаслиги ва унга таҳдид солмаслиги таъкидланади. Алянс мамлакатлари кескинлашув хавфини камайтириш учун Москва билан алоқа каналларини сақлаб қолишга тайёрлигини билдирган.

Саммит иштирокчилари Хитойни қаттиқ танқид қилган. Якуний декларацияда Пекин «алянснинг манфаатлари, хавфсизлиги ва қадриятларига қарши чиқишда давом этаётгани» қайд этилган. Иттифоқчилар биринчи марта Хитойни урушда Россияни қўллашда очиқчасига айблаб, Пекин томонидан РФнинг «мудофаа саноати базасини кенг миқёсда қўллаб-қувватланиши»га эътибор қаратган.

Хитой бунга жавобан, барча айбловларни қатъиян рад этиб, уларни «нохолис, туҳмат ва провокацион» деб ҳисоблаган ҳамда алянс «совуқ уруш қолдиғи» эканини қўшимча қилган. Хитой ТИВ АҚШни «туҳматли ёлғон» ишлаб чиқаришда ва Пекиннинг Евроиттифоқ билан ҳамкорлигига путур етказишга уринишда айблаган. Ташқи сиёсат идораси алянсдан Осиёни ўз фаолият соҳасига жалб этмасдан, «Шимолий Атлантикадаги минтақавий мудофаа ташкилоти сифатидаги роли доирасида қолиш»ни талаб қилган.

Саммит давомида Американинг узоқ масофага ҳаракатланувчи қуроллари Германияга жойлаштирилиши маълум бўлди. Икки мамлакатнинг 11 июл куни эълон қилинган тегишли баёноти SM-6 ракеталари, Tomahawk ва «ҳозирда Европадаги мавжуд қуруқликдаги ўт очиш воситалариникига қараганда каттароқ масофага эга бўладиган» ва ҳозирда ишлаб чиқиш жараёнида бўлган гипертовушли қуролларни жойлаштиришни назарда тутади. Бу совуқ уруш давридан буён илк бор Германияда Россия ҳудудидаги нишонларга зарба бера оладиган қуроллар жойлаштирилиши бўлади. РФ ТИВдагилар бу келишувни «эскалация йўналишидаги бўғин» ва Москвани «қўрқитиш элементларидан бири» деб атаб, ҳарбий жавоб ишлаб чиқилишига ваъда берган.

Мавзуга оид