Ўзбекистон | 07:21 / 13.07.2024
3358
3 дақиқада ўқилади

Беларус, Қозоғистон ҳамда Ҳиндистон билан парламентлараро ҳамкорлик кенгайтирилади

МДҲ Парламентлараро ассамблеяси кенгаши мажлисида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб турган Сенат раиси Танзила Норбоева бир нечта манфаатли учрашувлар ўтказди.

МДҲ Парламентлараро ассамблеяси кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб турган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Беларус Республикаси Миллий Мажлиси Республика кенгаши раиси Наталя Кочанова билан учрашув ўтказди.

Фото: Senat.uz

Музокара чоғида икки давлат ўртасида парламентлараро мулоқотни самарали давом эттириш масалалари муҳокама қилинган.

Томонлар ўтган йили имзоланган Беларус Республикаси Миллий Мажлиси Республика кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқишга имкон берганини таъкидлаган. Ушбу меморандумни амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги амалий чоралар режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш юзасидан фикр алмашилган.

Унда олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ижросини биргаликда мониторинг қилиш механизмини такомиллаштириш, парламент фаолияти соҳасида тажриба алмашиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва аёлларнинг жамиятдаги ролини ошириш ҳамда ёшлар парламентларининг ролини мустаҳкамлаш каби масалаларни акс эттиришга келишиб олинган.

Ҳиндистон парламенти қуйи палатаси Спикери Ом Бирла билан ўтказилган музокарада эса Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, туризм ва парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Мулоқот давомида парламентлараро муносабатларни ривожлантиришнинг амалий жиҳатларига эътибор қаратилган. 

Юқори даражада эришилган келишувлар ижроси устидан тизимли парламент назоратини йўлга қўйиш, ўзаро ташрифлар ташкил этиш орқали қонун ижодкорлиги, электрон парламент йўналишида тажриба алмашиш лозимлиги таъкидланган. Мазкур жиҳатларни қамраб олган ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга келишиб олинган.

Шунингдек, Танзила Норбоева Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев билан ҳам учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида парламентлараро алоқаларни амалий мазмун билан янада бойитиш масалалари томонлар эътибор марказида бўлган. Ўзбекистон ва Қозоғистон Сенатлари ўртасидаги парламентлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва ҳамкорликка оид янги “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинган.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид