Ғазо бўйича музокараларда силжиш, икки хил стандартни танқид қилган етакчилар ва YouTubeʼни блоклашга тайёрланаётган Россия — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
8 июл куни Исроил учинчи марта Ғазо шаҳри аҳолисига шаҳарни тарк этиш талаби билан мурожаат қилганидан сўнг минглаб фаластинликлар эшак-арава, велосипед ва пиёда ўзларининг яшаб турган чодирлари, бошпаналари ва уйларини тарк этишган.
Эксклавнинг энг катта шаҳрининг Исроил зарбаларидан жон сақлаётган аҳолиси Ғазо шаҳрининг катта қисмини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлишди.
Исроил армияси вакили Ғазонинг марказига самолётлар ва дронлар қўлловида танклар бостириб кираётган бир пайтда шаҳарнинг Сабра, Римал, Тал ул-Ҳалва ва Ад-Дараж мавзелари аҳолисини “ҳуманитар зона” деб аталувчи зонага қочишлари кераклиги буюрган.
Қамал қилинган эксклавнинг фуқаролик мудофааси бўйича агентлиги сўнгги ультиматум янграшидан аввал шаҳарнинг турли қисмларида ўнлаб қурбонлар рўй берганини хабар қилган.
Бу орада АҚШ президенти Жо Байден Исроил ва ҲАМАС Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва гаровда ушлаб турилганларни озод қилиш бўйича келишувларнинг чегарасини белгилаб олишганини эълон қилди.
Байденга кўра, ҳали томонларнинг олдида амалга оширилиши лозим бўлган кўп ишлар бор. “Менинг жамоам силжишга эришмоқда, мен ишни охиригача етказиб қўйиш қатъияти билан тўламан”, деган Байден.
Туркия президенти АҚШда қилган сўнгги чиқишларидан бирида тарихнинг ҳақиқат томонида туришни истовчилар Фаластинни давлат сифатида тан олишлари лозимлиги, бу адолатли ва ҳалол ёндашув бўлишини таъкидлаган.
Макрон “икки хил стандартлари” ҳақида
Франция президенти Эммануэл Макрон турли давлатларнинг Фаластин ва Украинадаги можароларга нисбатан икки хил стандарт қўллаётгани тўғрисидаги айбловлари НАТОга “чуқур зиён етказмоқда” деди ва урушларга бир хил ёндашув намойиш этишга чақирди.
Франция етакчисига кўра, Ғарб “икки хил стандартлар” тўғрисидаги айбловларга “қатъий жавоб бериши” керак, айниқса, Ғазо секторида Исроил агрессияси ҳақида гап кетганда: “Бизни Украинадан кўра Ғазога камроқ эътибор бераётганликда айблашмоқда ва бу танқид барчамизга чуқур зиён етказади”, деган у.
“Биз бу гаплар асоссиз эканини намойиш этишимиз керак. Мен буни бу ерда яна бир такрорлайман: биз зудлик билан Ғазода ўт очишни тўхтатиш, гаровда ушлаб турилганларни озод қилиш, урушнинг Ливанга ёйилишининг олдини олиш учун зарур бўлган авж палласини совитиш билан шуғулланишимиз зарур”, - деган Франция етакчиси.
Макроннинг сўзлари Испания бош вазири Педро Санчеснинг НАТО давлатларига Фаластин ва Украинадаги урушларда “икки хил стандарт” билан ёндашувлардан воз кечишга чақирувига жавобан янграганди.
“Агар биз ўз халқимизга халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилаётганимиз сабабли Украинани қўллаётганимизни айтар эканмиз, худди шу ишни Ғазога нисбатан ҳам қилишимиз керак”, - деган Педро Санчес НАТОнинг 75 йиллик юбилейига бағишланган саммитда.
НАТОдан Украинага ёрдам
Вашингтонда бўлиб ўтган НАТО саммити майдонларида 23 та давлат етакчиси Украинага Россия устидан ғалаба қозонилгунга қадар қўллаб-қувватлашни кафолатловчи “Украина шартномаси”ни имзолади.
«Украинанинг хавфсизлиги Евроатлантика минтақаси ва унинг чегараларидан ташқаридаги хавфсизлигининг ажралмас қисми эканини англаган ҳолда, Украина токи Россия агрессияси устидан ғалаба қозонмагунга қадар уни қўллаб-қувватлаш ниятида эканлигимизни тасдиқлаймиз», — дейилади ҳужжат матнида.
Хусусан, давлатлар хавфсизлик, замонавий қурол-яроғлар, мудофаа саноати соҳасида Киевга доимий ёрдам ва керакли иқтисодий ёрдамни кўрсатишини ўз зиммасига олди. Шунингдек, давлатлар мамлакат мудофаа салоҳиятини таъминлай олувчи ва Россияни тийиб турувчи Украинанинг “келажакдаги кучлари”ни яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириши лозимлиги таъкидланди.
Агар Россия жорий ҳарбий ҳаракатлар якунланганидан сўнг яна Украинага ҳужум қилса, мамлакатлар “энг олий даражада оператив ва коллектив йиғилиш”га ва Киевни қўллаб-қувватлаш бўйича кейинги қадамларни аниқлаштиришга келишиб олди. “Келажакдаги ҳужум” юз берган вазиятда Украинага хавфсизлик борасида ёрдам кўрсатиш, Россияга нисбатан чекловлар киритиш назарда тутилмоқда.
Ҳужжатга АҚШ, Канада, Литва, Латвия, Белгия, Люксембург, Чехия, Нидерландия, Дания, Норвегия, Эстония, Полша, Португалия, Финландия, Словения, Франция, Испания, Германия, Швеция, Исландия, Италия, Буюк Британия, Япония ва Украинанинг ўзи имзо қўйган. Ҳужжатнинг биринчи хатбошисида 21 давлат санаб ўтилган (Чехия ва Словения йўқ), шунингдек, Европа Кенгаши ва Еврокомиссия тилга олинмаган.
Айни пайтда НАТОга 32 та давлат аъзо. Ҳужжатга Албания, Болгария, Венгрия, Греция, Шимолий Македония, Руминия, Словакия, Туркия, Хорватия ва Қоратоғ имзо қўймаган.
Вашингтонда 9–11 июл кунлари бўлиб ўтган НАТО саммити якунларига кўра, алянсга аъзо давлатлар “Украинанинг келажаги НАТОда” экани таъкидланган декларацияни қабул қилди. Улар “тўлиқ евроатлантика интеграцияси томон ортга қайтмас йўл”да Киевни қўллаб-қувватлашда давом этишларини билдирган. Ҳужжатда Украина расман ҳарбий блок аъзолигига барча шартлар бажарилганидан сўнг таклиф қилиниши ҳам қайд этилган.
Россия YouTube'ни блоклайдими?
Россия ҳукумати YouTube'ни мамлакат ҳудудида блоклашга тайёрланмоқда. «Газета.Ru» нашрига кўра, блоклаш сентябр ойида амалга оширилади.
Нашрнинг президент маъмуриятига яқин манбасига таяниб хабар беришича, июл-август ойларида Россиянинг баъзи ҳудудларида YouTube фаолияти ёмонлашади. Қаердадир сайт секин ишлайди, қаердадир илова қота бошлайди. Блоклаш эса сентябрдан бошланади.
12 июл куни Роскомнадзор YouTube фаолиятида «Google компаниясига тегишли техникалардаги носозлик сабаб» узилишлар кузатилиши ҳақида огоҳлантириш эълон қилди. Аммо «Медуза» манбаларига кўра, YouTube тезлиги аллақачон онгли равишда сиқила бошланган.
Россияда АҚШдаги Meta корпорациясига тегишли WhatsApp мессенжерини ҳам «бўғиш» бошлаб юборилган. Кейинги босқичда мессенжер блокланиши мумкин, аммо Дума депутати Антон Немкинга кўра, ҳозирча бу борада қарор қабул қилинмаган. Депутат мамлакатда WhatsApp фаолияти онгли равишда секинлаштирилаётганини тасдиқлаган.
Депутат Немкиннинг айтишича, Россия Telegram'ни ҳам яна блоклаши мумкин. Москва олти йил аввал бу ишни тўлиқ уддалолмаганди. «Охирги олти йилда биз техник жиҳатдан яхшигина ўсишга эришдик, ҳозир Telegram'ни блоклай оламиз», деган у.
Россияда антимигрант ташаббус
Россия Давлат думаси депутатлари ноқонуний миграция билан боғлиқ жиноятларнинг барчасини оғир ва ўта оғир деб ҳисоблашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқди. Бу ҳақда Давлат думаси вице-спикери Ирина Яровая маълум қилган.
«Бугун биз бир ҳафта ичида барча ваколатли вазирликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Давлат думаси депутатлари томонидан яратилган ва муҳим йўналишларни қамраб олган қонун лойиҳаси бўйича ўз фикрларини тақдим этишига келишиб олдик. Улардан бирига кўра, биз ноқонуний миграцияни ташкил этиш билан боғлиқ барча жиноятларни оғир ва ўта оғир тоифага киритамиз», — деган Яровая.
Аввалроқ Россия Давлат думаси РФ Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва мигрантлар мамлакатдан чиқариб юборилиши учун асос бўладиган ҳуқуқбузарликларнинг кенгайтирилган рўйхати тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирган эди.
Бундай ҳуқуқбузарликлар сирасига полиция ва бошқа кучишлатар тизимлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, миграцион ҳисобга олиш вақтида сохта маълумотлар тақдим этиш, кичик безорилик, «нацистик атрибутика ва экстремистик ташкилотларнинг рамзлари»ни пропаганда ва омма олдида намойиш қилиш кабилар киритилмоқда.
Бундан ташқари, рўйхатга ўқотар қуролдан ўрнатилган қоидаларга хилоф равишда ўқ узиш, «аудиовизуал сервислар орқали террористик ва экстремистик фаолиятга чорловчи» материалларни тарқатиш каби қонунбузарликлар киритилган. Бир қатор ҳуқуқбузарликлар учун агар қоидабузарнинг мамлакатда бўлиб туриши «исталмас» деб топилса, суд қарорисиз оператив тарзда мамлакатдан чиқариб юбориш жорий этилади.
Мавзуга оид
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024