“НАТО – дунё учун хавф дегани эмас” – сиёсатшунос эксперт
Дунёдаги энг йирик ҳарбий-сиёсий ташкилот НАТОнинг тузилганига 75 йил тўлди. Ташкилотнинг юбилей саммити Вашингтонда, АҚШ мезбонлигида бўлиб ўтди. Шимолий Атлантика шартномаси ташкилотига замонавий мудофаанинг энг илғор кўриниши деб таъриф берилади. НАТО Мудофаа коллежи дастурларида қатнашган сиёсатшунос Фарҳод Толипов фикрича, ташкилотга АҚШ раҳбар эмас. Ҳар бир қарорлар консессус асосида қабул қилинади. Бироқ бюджет томонлама Вашингтон кўпроқ ҳисса қўшгани ортидан таъсири ҳам юқори бўлиб қолмоқда.
НАТОга бугун 32 давлат аъзо. Аслида ташкилот 1949 йилда Европани ташқи хавфлардан ҳимоя қилиш мақсадида АҚШ ташаббуси билан тузилган эди. Бироқ унга Европадан ташқарида бўлган Канада ва АҚШ, қисман минтақа бўлаги ҳисобланган Туркия ҳам аъзо. Тузилмага бирлашганлар аҳолининг тинч ҳаёти, хавфсизлик кафолати тарафдори. НАТОнинг мақсадлари бироз идеалистик характер ҳам касб этади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, тузилма глобал эмас – халқаро ташкилотдир. Унинг таъсир зонаси – фақат аъзолар ҳудуди билан чекланади. Яъни НАТО глобал жавобгарликни ўз бўйнига олмайди.
Бош қароргоҳи Брюсселда жойлашган ташкилотнинг юзлаб қўмиталари, хизмат бошқарув бўлинмалари бор. Ҳар бир аъзо давлат Брюсселдаги бош офисда ўз ваколатхонасига эга. Унда алянснинг маслаҳатлашувлари, қарорлар қабул қилиш жараёнларида давлатлар номидан қатнашувчи вакиллар ўтиришади.
НАТОнинг асосий сиёсий қарорлари – Шимолий Атлантика кенгаши томонидан қабул қилинади. Ташкилот олий маъмури эса – бош котибдир. У қарорларнинг амалга ошиши ва бажарилиши учун асосий жавобгар шахс.
Сиёсатшунос Фарҳод Толиповга кўра, НАТО аъзолари бугун тенг ҳуқуқларга эга. Ташкилот ҳужжатлари ва бош низомда уларнинг тенглиги, бирига бўлган ҳужум бутун ташкилотга деб қабул қилиниши белгилаб қўйилган.
“Ташкилот АҚШнинг босими остида деган гапга қўшилмайман. Чунки аъзолар қарорларни мустақил қабул қилади, консенсус асосида. Тўғри, АҚШ ажратадиган маблағ миқдори бошқаларникига қараганда кўпдир, шунга яраша таъсири ҳам жиддий. Лекин бу АҚШнинг таъсир доирасида дегани эмас. Масалан, 1966 йилда Франциянинг НАТО билан алоқалари совуқлашган. Ҳаттоки, бош қўмондонлик ҳам тарк этилган. Қаранг, қанчалик мустақил ҳаракат қилган Франция”, - дейди Толипов.
НАТОга ҳамма давлат ҳам аъзо бўлолмайди. Ташкилот қонун-қоидаларига кўра, жамоавий ва Европа хавфсизлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўша оладиган ҳар қандай Европа давлати аъзоликка даъвогар бўлиши мумкин. Лекин аввало буни ҳар бир аъзо давлатлар қабул қилиши лозим.
Хўш, НАТОнинг кенгая бориши дунё учун қанчалик катта хавфлар туғдиради?
“НАТО дунё учун хавф эмас. Унинг амалга оширган операциялари, машғулотлари ёки фаолиятидан бирор норози томонни кўрганим йўқ. Менимча, НАТОни ҳужумкор, террорчи ташкилот дея фақат Россия атаб келмоқда. Ўзингиз ўйланг, ўтган йилгача нейтрал позицияда бўлиб келган Швеция ва Финландия ҳам НАТОга аъзо бўлишга қарор қилди. Демак, хавфсизлик кафолатини улар НАТОда кўрмоқда”, - дейди Фарҳод Толипов.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп ўз бошқаруви даврида Европа хавфсизлиги ортидан НАТО учун тикилаётган пуллар ниҳоятда кўплигидан нолиганди. Франция президенти Эммануэл Макрон эса Европага АҚШсиз хавфсизлик ташкилоти кераклигини айтиб чиққанди. Президент Байден эса НАТО борасида ўз ўтмишдоши Трампдан фарқли ўлароқ, жиддий танқидларини билдиргани йўқ. Аксинча, президент Байден Американинг ташқи сиёсатда глобалроқ ёндашувини қайтарди. Катта халқаро ташкилотлардаги фаоллик ошди.
Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
01:18
Россиялик ўқитувчилар «НАТОдан ҳимояланиш учун» фолгадан қалпоқлар ясади
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
20:42 / 09.11.2024