Жаҳон | 14:06 / 14.07.2024
16357
9 дақиқада ўқилади

“Қирқ йил қирғин келса ажали етган ўлади” – узоқ йиллар пешонасида ўқ билан яшаган америкалик ким эди?

1863 йилда Америкада давом этаётган фуқаролар уруши пайтида пиёда аскарлардан бирининг пешонасига ўқ қадалади. Шериклари уни ҳалок бўлди деб ўйлашади ва ташлаб кетишади. Бироқ аскар ўлмаган эди. У пешонасига қадалган ўқ билан узоқ йиллар яшайди ва 1917 йилда вафот этади.

Фото: Alamy

Дунёда ҳар куни биз мўъжиза деб атайдиган ажабтовур ишлар содир бўлиб туради. Бундай ишлар тарихда ҳам кўп марта юз берган.

Ана шундай мўъжизалардан бири АҚШда 1860-йиллар бошларида бўлиб ўтган фуқаролар уруши даврида содир бўлган. Ўшанда оддий пиёда аскарлардан бири пешонасидан ўқ ейишига қарамасдан тирик қолади.

Исм-шарифи Жейкоб Миллер бўлган бу шахс нафақат тирик қолади, балки пешонасига қадалган ўқ билан узоқ умр кўради.

АҚШнинг иккига бўлиниши

Барчаси 1860 йилда АҚШда ўтказилган президентлик сайловларидан бошланади. Бу сайловда ўз олдига АҚШда қулчиликка барҳам беришни мақсад қилган Республикачилар партияси вакили Авраам Линколн ғалаба қозонади.

Бу сайловдан аввалроқ Линколннинг сайловолди дастуридан хабар топган жанубий штатлар агар сайловда у ғалаба қозонса Қўшма Штатлар таркибидан чиқиб кетиш билан таҳдид қилишади.

Авраам Линколн
alamy.com

Ўшанда президентлик учун асосий номзодлар аввалига уч киши эди. Булар – Республикачилар партиясидан Авраам Линколн, Конституцион иттифоқ вакили Жон Белл ва Демократик партиядан Стивен Дуглас.

Авраам Линколннинг мамлакатда қулдорликни тугатиш ҳақидаги дастуридан хабар топган жанубий штатлар сайловга ўз номзодини кўрсатади. У Демократик партия вакили Жон Брекинридж эди. Шу тариқа номзодлар сони тўрт нафарга етади.

Ноябр ойида ўтказилган сайловларда Линколн 39,8 фоиз, Дуглас 29,5 фоиз, Брекинридж 18,1 фоиз ва Белл 12,6 фоиз овоз олади. Шу тариқа Линколн ғолиб чиқади.

Жон Брекинридж
alamy.com

Шундан сўнг жанубий штатлар Жанубий Каролина, Миссисипи, Флорида, Алабама, Жоржия, Луизиана ва Техас сайловларни тан олмаслигини маълум қилади. Кўп ўтмай уларнинг сафига Виржиния, Шимолий Каролина, Теннеси, Арканзас штатлари қўшилади.

Кентукки ва Миссури штатлари эса иккига бўлинади. Бу штатларнинг ярми Линколнни қўллайди, қолган қисми сайловни тан олмаслигини маълум қилади.

1861 йил феврал ойида жанубий штатлар АҚШ таркибидан чиққанини ва Америка Конфедератив Штатлари номли янги давлат тузишганини эълон қилишади.

Қизил рангда белгиланган штатлар АҚШда қулдорликни сақлаб қолиш ьарафдори бўлишган

Янги давлатга Дэвис Жефферсон президент бўлади. У 14-президент Франклин Пирс даврида 1853-1857 йиллар оралиғида АҚШ мудофаа вазири бўлганди. Виржиния штати маъмурий маркази Ричмонд шаҳри пойтахт сифатида танланади.

1861 йил 4 март куни Авраам Линколн Вашингтон шаҳрида қасамёд қабул қилади. У шу ерда сўзлаган нутқида яна бир бор мамлакатда қулчиликни тугатиш кераклигини айтади.

Шундан сўнг мамлакат Конгрессига жанубий штатлардан сайланган депутатлар парламентни тарк этишади. Америка Конфедератив Штатлари ўз Конгресси ташкил этилганини эълон қилади.

Дэвис Жефферсон, Америка Конфедератив штатларининг биринчи ва ягона президенти
alamy.com

Фуқаролар уруши ва Чикамог жанги

Ўша пайтда вазият ниҳоятда нозик бўлиб, исталган пайтда шимол ва жануб ўртасида қуролли можаро бошланиши мумкин эди. Охир-оқибат шундай бўлади ва 1861 йил 12 апрел куни уруш бошланади.

Ўша пайтда 21 ёшда бўлган Жейкоб Миллер тез орада шимолликлар армиясига қўшилади ва Индиана пиёда қўшинлар полкида хизмат қила бошлайди.

1863 йил 19-20 сентябр кунлари Жоржия штатидаги Катуса ва Уокер округлари ҳудудида демократия тарафдорлари бўлган шимолликлар ва қулдорликни ёқлайдиган жанубликлар ўртасида ҳал қилувчи жанглардан бири бўлиб ўтади.

Шимолликлар томонидан қарийб 60 минг, жанубликлар томонидан 70 мингдан ошиқ одам иштирок этган бу жанг тарихда “Чикамог жанги” деб ном олган.

Бу жангда шимолликлардан 16 мингдан ошиқ одам ўлган. 10 минг одам ярадор бўлган, қарийб 5 минг одам асирга тушган ва бедарак йўқолган.

Чикамог жанги, Луис Курц томонидан чизилган сурат. Бу суратга Kurz and Allison ижодий уйи эгалик қилган.
alamy.com

Жанубликлардан эса 18,5 минг одам ҳалок бўлган, қарийб 15 минг киши яраланган. 1,5 минг одам асирга тушган ва бедарак йўқолган. (Бошқа манбаларда бошқа маълумотлар келтирилган.)

Чикамог жангида жанубликларнинг қўли устун келади ва шимолликлар чекинади. Ана шу жангда Индиана пиёда қўшинлар полки таркибида бўлган ва жанубликларга қарши жанг қилган Жейкоб Миллер пешонасидан ўқ ейди.

Ўқ Миллернинг пешонасини тешиб киради ва мияга бир неча миллиметр етмасдан бош суягига қадалиб қолади. Аскар йиқилади ва ҳушидан кетади. Шунда унинг ёнида жанг қилаётган шериклари Миллерни ўлди деб ўйлашади.

Аскар тирик қолганди, фақат кучли оғриқ туфайли кўзини оча олмасди. Миллер ҳушига келганда душманларга асир тушишни хаёлига ҳам келтирмайди ва бошига қадалган ўқ билан аста-секинлик билан ҳаракатланиб жанг майдонидан четга чиқиб олади.

alamy.com

Пешонадаги яра билан 54 йил

1911 йилда The Joliet Daily News» Миллернинг хотираларини нашр этади. У ўз хотираларида ўқ егани ва жанг майдонидан чиқиб кетганини шундай тасвирлаган:

“Ўзимга келганимдан сўнг бир муддат ўтгач, мен фронт чизиғидан Конфедерация қўшинларининг орқа томонида қолиб кетганимни англадим. Қўлга тушмаслик учун олдинги фронт чизиғини четлаб ўтиб, ўзимизникилар томонга қайтишга қарор қилдим. Мен тўппонча стволини асо сифатида ишлатиб, ўрнимдан турдим. Сўнг жанг майдонидан бир оз узоқроққа судралиб кетдим ва кейин фронт чизиғига параллел равишда ҳаракатлана бошладим. Ўшанда бошим, юзим ва кийимларим шу қадар қонга ботган эдимки, йўлимда учраган жанубликликлар менинг янки (жанубликлар шимолликларни шундай деб аташган) эканлигимни сезишмади. Ҳатто ўзимизникиларнинг олдига етиб борганимда командиримиз бўлган майор ҳам мени танимади”.

Кўп ўтмай уни шимолликлар санитарлари пайқаб қолишади ва ҳоспиталга олиб боришади. Врачлар Миллернинг жароҳатини кўздан кечиришади ва аскарни операция қилишга ҳожат йўқлигини, у тез орада вафот этишини айтишади.

АҚШ жанубида алоҳида давлат тузган штатлар ўз байроғини ҳам ўзгартиради.
amazon.fr

Эртаси куни қўшин чекинаётганда ҳоспитал ҳам йиғиштирилади ва ярадорларни Теннеси штатидаги Чаттануга шаҳарчасига кўчира бошлашади. Врачлар маслаҳатлашиб Миллерни қолдириб кетишга қарор қилишади ва унга “барибир вафот этасан, душманга асир тушиб қўя қол” деб маслаҳат беришади.

Шу жойда Миллер ҳеч қачон душманга асир тушмаслигини таъкидлайди ва бир оёғига таяниб, ярадор ҳолида Чаттанугага қараб жўнайди.

Бир муддат йўл босганидан сўнг унинг кучи тугайди ва йўл четига йиқилиб ётиб қолади. Шунда уни охирги санитар фургонида кетаётганлар кўриб қолишади ва Миллерни ўзлари билан олиб кетишади.

Ярадорларни Чаттанугадан Нэшвил шаҳридаги шифохонага жўнатишади. Бу ердаги врач Миллерга биринчи ёрдам кўрсатади – пешонасидаги ўқ кириб кетган ярани боғлаб қўяди.

Миллерни бир неча ой давомида бир нечта шифохонага юборишади. Бироқ уларнинг барчасида унинг бошига кириб кетган ўқни чиқариб бўлмаслигини айтишади.

У уйга қайтгач бир муддат қаттиқ бош оғриғидан азият чекиб юради ва бошидан ўқни олиб ташлай оладиган шифокор қидиради. У малакали шифокорни топади. Бироқ ўтказилган операцияда шифокор ўқнинг бир қисмини чиқариб олади холос. Қолгани Миллернинг пешонасида қолиб кетади.

alamy.com

Кейинчалик у бош оғриғидан қутулади. Уруш тугаб Америка яна яхлит давлатга айлангач ҳукумат уруш қатнашчиси ва ногирони сифатида Миллерга ойига 40 доллар нафақа тайинлайди.

Миллер пешонасидан ўқ еганидан кейин ҳам 54 йил яшайди ва 1917 йилда Индиана штатида жойлашган уйида 77 ёшида вафот этади. Миллер кейинчалик кўплаб газеталарга интервю беради ва жароҳати тарихини ҳикоя қилади. Шу сабабли у Америкада жуда машҳур бўлиб кетади.

Кексайиб қолганида ундан ярим аср олдинги ҳодисаларни қандай эслай олиши ҳақида сўрашганда Миллер шундай деб жавоб берган:

“Баъзилар жароҳатланганим ва жанг майдонидан қочиб чиққанимни қандай эслай олишимни ва қандай батафсил тасвирлай олишимни сўрашади. Уларга жавобим шуки, менга ҳаётимнинг ўша қисмини ҳар кун эслатиб турадиган пешонамдаги яра ва бош оғриқ бор. Ўша жанг манзаралари миямга пўлатга ўйиб ёзилгандай сақланиб қолган”.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид