Ўзбекистон | 17:35 / 14.07.2024
13010
4 дақиқада ўқилади

Талабалар яна тестга келди – имтиҳоннинг илк кунидан репортаж

“Бир йил контрактда ўқидим, грант бўлиб қоларми деб яна тестга келдим”, “Қизим 2-курсда ўқийди, лекин йўналиши ўзига ёқмайди”. Бу йилги тест имтиҳонлари ўзига иккинчи имконият беришга қарор қилган талабалар билан тўла. Kun.uz имтиҳоннинг илк куни таассуротларини билиш учун тест ечиб чиққан абитуриентлар ва уларнинг яқинларига микрофон тутди.

Бугун, 14 июл давлат олийгоҳларига кириш имтиҳонларининг илк куни. Бу йил тестлар одатдагидан 15 кун олдин бошланди. Биринчи смена имтиҳонлар 8:00-11:00, иккинчи смена эса 15:00-18:00 оралиғида ўтказилади.

Бу йил нафақат тест кунларида ўзгариш бўлди, балки тестга келган абитуриентларда ҳам ўзгариш бор. Уларнинг аксари тестни ҳаяжонсиз ўтказган. Чунки тестга келганлар орасида ўзига иккинчи имкониятни беришга қарор қилган талабалар талайгина. Kun.uz Тошкент шаҳрининг “Ёшлик” спорт мажмуаси биносига бориб, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашди. Аксар абитуриентлар ўзини абитуриент эмас, талаба деб таништирди.

Қизимни олиб келдим. У сиртқига ўқишга кирган. Лекин ундан қониқмай, кундузги таълимда ўқишни хоҳлаяпти”, – деди Қашқадарёдан келган ота-оналардан бири.

Яна бир бошқа она ҳам қизи педагогика йўналишида ўқишини, лекин тиббиёт мутахассиси бўлишни хоҳлашини айтади.

Қизим Ўзбекистон Миллий университетининг биология факултетида ўқийди. Лекин у СамПИда ўқишни хоҳлаган эди. Балли етмагани учун киролмаганди. Бу йил яна омадини синаб кўряпти”, – деди оналардан бири.

Худди шундай жавобларни Kun.uz мухбири дуч келган ўндан ортиқ абитуриентлар ҳам айтди. Лекин уларнинг тестни иккинчи марта қайта топширишга қарор қилиш сабаблари бир-биридан фарқ қилади. Кимдир олдинги йиллари контрактга киргани сабаб, бу йил грантга илинишга умид қилса, кимдир ўтган йили мажбур бўлиб қолганидан ўзи истамаган йўналишни танлаб қўйгани, бу йил эса ўзи қизиққан соҳаси бўйича ўқиш истаги борлигини маълум қилди.

Ўзим ирригация йўналишида ўқийман. Лекин яхшироқ ўқишда ўқишни хоҳлайман. ТАТУнинг киберхавфсизлик йўналишини мўлжал қилиб, имтиҳонга кирдим”, – деди талабгорлардан бири.

Шунингдек, тестни ечиб чиққан абитуриентлар тестлар қийин эмаслиги, ўзлари хоҳлаган йўналишга ўқишга киришга умид қилаётганларини ҳам айтишди. 

Бир йилдан бери Низомий номидаги педагогика йўналишида ўқиб келаман. Ўтган йили ўзим истаган соҳага киролмасликдан қўрққаним сабаб топширмагандим. Энди бу йил шуни тузатмоқчиман. Тўғри, ўтган йили грантга киргандим. Шунинг учун бемалолман, агар ҳозир ўқишга киролмай қолсам ҳам, эски ўқишимда ўқийвераман”, – деди яна бир талаба.

Олдинроқ абитуриентларни ўқишга қабул қилиш бўйича янги тартиб эълон қилинган эди. Унга кўра, абитуриентларга тест ечиб, балларини кўрганидан кейин олийгоҳ танлаш имконияти бериладиган бўлди.

Маълумот учун, 2024/2025 ўқув йили учун тест имтиҳонлари 25 июлгача давом этади. Абитуриентлардан тест синовлари бошланишидан камида 1 ярим соат олдин белгиланган ҳудудда келиш талаб этилади. Улар тестга паспорт (ID) ва абитуриент рухсатномаси олиб келишлари талаб қилинади.

Зуҳра Абдуҳалимова, Kun.uz
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов 

Мавзуга оид