«У сайловни ютиб бўлди» – Трампга суиқасд ҳақида нималар дейишмоқда?
Доналд Трампга ўқ отилиши дунё сиёсати учун катта воқеа бўлди. Шунчалик каттаки, Америка партиявий оламидаги мувозанат ҳам бузилиб кетди.
Мамлакатдаги нуфузли миллиардерлардан бири Билл Акман Капитолий воқеаларидан кейин Доналд Трамп америкаликлардан кечирим сўраши кераклигини айтганди. Суиқасддан кейин у ҳам республикачилар номзодини тўлиқ қўллашини айтиб чиқди.
«Трамп сайловни ютиб бўлди»
Республикачилар етакчиси отилганидан кейин унинг ноябрда ўтадиган сайловда ғалаба қозониш имконияти ошиб кетди. Висконсин штатидан сайланган депутат Деррик ван Ордер Трамп «ҳозиргина сайловни ютиб бўлгани»ни айтди. «Президент Трамп бу суиқасдни енгиб ўтди. У ҳозиргина президентлик сайловини ютиб бўлди», деди у.
Аксар республикачилар суиқасд сайлов натижасини ҳал қилди деб айтишга шошмаётган бўлса-да, уларнинг деярли ҳаммаси бу отишма Трампнинг сайловдаги имкониятларини оширганига шубҳа қилмаган. «Имкониятларни ҳеч нарса бу қадар ошириб юбормаган бўларди. У қонга беланган ҳолатида ҳам муштини баланд кўтарди ва «курашинг», «курашинг», «курашинг» деб айтди. Бу сайловолди кампанияси шиори бўлади», деди теннесилик республикачи Тим Берчетт.
Politico нашри эътибор қаратишича, Трампни танқид қилиш бўйича бирлашган демократлар охирги икки ҳафтада бундай чиқишларни кучайтиришганди. Отишма фонида эса улар жим туришга мажбур бўлишди. Республикачиларда эса жипслашув кучайди.
Республикачилар орасида суиқасдда президент Жо Байденни айблаганлар ҳам топилди. Масалан, Жоржия штатидан Вакиллар палатасига сайланган Майк Коллинзнинг айтишича, Трампни отишга айнан Байден буйруқ берган. Юта штатидан сайланган сенатор Майк Ли эса Трампнинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси билан бирга баёнот берар экан, «мамлкатдаги сиёсий ҳароратни тушириш учун» Байденни прокурорларга Трамп устидан очилган барча ишларни ёпишга буйруқ беришга чақирди.
43 йил ичида отилган илк президент
АҚШда сиёсатчиларга суиқасд қилиниши одатий ҳол деб бўлмайди, аммо бу умуман кузатилмаган воқеа ҳам эмас. Ахир бутун бошли президент Жон Кеннеди ҳамманинг кўз олдида отиб ўлдирилганди.
Охирги марта айнан амалдаги президент ёки президентликка номзодлар суиқасдга учраши билан боғлиқ ҳолат 1981 йил кузатилганди. Ўшанда АҚШ президенти Роналд Рейганни президентлик муддатига киришганидан икки ой отиб ўлдирмоқчи бўлишади. Рейган ва унинг уч қўриқчисини Жон Ҳинкли исмли одам ярадор қилади. У бу орқали ўзи ёқтирган актриса Жоди Фостернинг эътиборини тортишни мақсад қилганини айтганди. Роналд Рейган махсус хизматларнинг тезкор операцияси сабаб омон қолади. Жиноятчи эса бутун умрга жиннихонага ташланади.
«Трамп – ҳақиқий америкалик»
Интернетнинг русча сегмантида машҳур бўлган «Сталингулаг» каналида Трампга суиқасд ҳақида қизиқ пост пайдо бўдди. Унда Трамп сайловни ютишига шубҳа қолмаганига ишора қилинган: «Трампни ҳақиқий америкалик дейиш мумкин, унинг биографияси бунга имкон беради: пули кўп, енгилтак аёллар билан можарога аралашган, президент бўлган, импичмент олишига сал қолган, мана энди суиқасдга учради.
Гўёки режиссёр Скорсезе бизга малла сочли ярамас қаҳрамон ҳақида ҳикоя қилиб бераётгандек. Ахир бу одамлар Америкага боришни орзу қилишига сабаб бўлган ҳаётнинг ўзгинаси-ку. Унинг фонида Байден анча зерикарли кўринади: ваъда қилди, аммо бажармади, ниманидир айтмоқчи бўлди, лекин адашиб кетди, йиқилиб тушди, ўрнидан турди, лекин ухлаб қолди.
Шундай экан, куздаги сайловларни бўлиб ўтган деб ҳисоблайверсак бўлади. Ахир ёрқин Ҳолливуд филмлари доим зерикали нарсалар устидан ғалаба қозонган».
Мавзуга оид
17:00 / 09.11.2024
The Telegraph: Трамп режаси Британия қўшинларини Украина чегарасига жойлаштиришни назарда тутади
15:09 / 09.11.2024
ЕК раҳбари Трампга РФ газини Америка газига алмаштиришни таклиф қилди
13:48 / 09.11.2024
Трамп ғалаба нутқида америкалик яҳудийларни тилга олмади
11:57 / 09.11.2024