Жаҳон | 11:51 / 15.07.2024
7892
2 дақиқада ўқилади

Трампга ўқ узишдан аввал мерган полициячини нишонга олган

Доналд Трампга қарата ўқ отишни бошлашдан аввал, 20 ёшли мерган полициячи билан тўқнаш келган ва уни нишонга олган, деди маҳаллий шериф The Washington Post нашрига.

Фото: Reuters

АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга қарата ўт очишдан олдин 20 ёшли Томас Мэтю Крукс маҳаллий полициячи билан тўқнаш келган. Бу ҳақда Батлер округи шерифи Майкл Слуп 14 июл, якшанба куни чоп этилган The Washington Post газетасига берган интервюсида айтиб ўтди

Слупнинг сўзларига кўра, полициячи шубҳали одамни қидириб, бино томига қараган ва у ерда бўлган Крукс уни нишонга олган. Офицер томнинг четидан қарагани ва қўлида қуроли бўлмагани учун «ўлишни истамагани сабабли» яна ерга сакраб тушган, деди шериф. Шундан сўнг, унинг сўзларига кўра, Крукс Трамп ва митинг иштирокчиларига қарата ўқ узган. 

Полиция митинг бошланишидан олдин Круксни шубҳали деб ҳисоблаган

CNN аввалроқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Крукснинг шубҳали хатти-ҳаракатларини митинг бошланишидан олдин, у металл детекторлардан ўтаётганда пайқашгани ҳақида хабар берган эди. Улар рация орқали эркакни кузатиб бориш кераклигини айтган. Таъкидланишича, маълумотлар Махфий хизматгача етиб келган. 

Пенсилванияда Доналд Трампга суиқасд

АҚШ собиқ президенти, республикачи Доналд Трампга 13 июл куни Пенсилвания штатининг Батлер шаҳрида сайловолди ташвиқоти митингидаги нутқи вақтида ўқ узилди. Ўқ сиёсатчи қулоғининг тепа қисмига тегди. Отишма натижасида 50 ёшли эркак ҳалок бўлди, яна икки митинг иштирокчиси яраланди. Уларнинг аҳволи барқарор, деди Пенсилвания штати полицияси. Ҳужумчи Пенсилвания штати Бетел-Парк шаҳрида истиқомат қилувчи 20 ёшли Томас Мэтю Крукс эканлиги аниқланган, у хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган.

Бир қатор жаҳон сиёсий етакчилари Доналд Трампга қилинган суиқасдни қоралаб, ҳамдардлик билдирди.

Мавзуга оид