Берлин: АҚШ ракеталари жойлаштирилиши - Россиянинг ЎКРЙШдан чиқишига жавоб
Германия ҳукумати расмийси Россия ўз қўшниларига нисбатан анча тажовузкорона муносабатда бўлаётганини, шунинг учун ядровий бўлмаган тўхтатувчи компонент зарурлигини таъкидлади.
Берлин Россиянинг Ўрта ва кичик масофаларга учувчи ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартнома (ЎКРЙШ)дан чиқишига жавоб сифатида Американинг ўрта масофали ракеталарини Германияда жойлаштириш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 15 июл, душанба куни Германия ҳукумати вакили Штеффен Хебештрайт маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг янги узоқ масофали қуроллари «нафақат ишлаб чиқилган, балки жойлаштирилган». «Шу билан бирга, биз Россия ўз қўшниларига нисбатан ўтмишдагига қараганда анча тажовузкорона муносабатда бўлаётганини кўряпмиз», — дея унинг сўзларини келтиради Reuters. Шунинг учун ядровий бўлмаган тўхтатувчи компонент зарур.
Шу билан бирга, Германия ҳукумати ГФРда 2026 йилга мўлжалланган Америка ракеталарини жойлаштириш ҳақида ҳеч қандай қўшимча маълумот беришни истамади ҳамда жойлаштирилган қанотли ракеталар ва товушдан тез учувчи ракеталар учун ким тўлайди деган саволни жавобсиз қолдирди. «Бу аслида Американинг қуролларни жойлаштириш қарори. Бу бироз тушунча бериши мумкин», - деди Хебештрайт. Унинг сўзларига кўра, Германия ҳукумати АҚШ президентлик сайловларида Доналд Трамп ғалаба қозонган тақдирда ҳам бу мажбуриятни бажаришини тахмин қилмоқда.
Қуролсизланиш бўйича янги келишувлар зарур
Узоқ муддатли истиқболда Германия ҳукумати Россия билан қуролсизланиш бўйича янги битимлар тузишни мақсад қилган, бироқ яна қурол кўпайтирилиши мумкин деб ҳам ҳисоблайди. «Янги қуролланиш пойгаси энди бошланиши мумкин деган қўрқувни бутунлай йўқ қилиб бўлмайди», - дея Хебештрайт сўзларини келтирган AFP. Шу билан бирга, унинг айтишича, Берлин сабр қилиши керак.
Европалик ҳамкорларни ҳимоя қилиш
10 июл куни АҚШ Россияни тийиб туриш учун НАТОда Европадаги ҳамкорларини ҳимоя қилиш чораларини кучайтириши маълум бўлди. Хусусан, Tomahawk қанотли ракеталари ва бошқа узоқ масофага учувчи қуроллар 2026 йилдан бошлаб Германияда вақтинча жойлаштирилади. Бу ҳақда АҚШ ва Германиянинг Вашингтондаги НАТО саммити чоғида эълон қилинган қўшма баёнотида маълум қилинди.
13 июл куни Кремл бу баёнотга жавоб қайтарди. Россия Европада узоқ масофага учувчи Америка ракеталарининг жойлаштирилишига жавобан ушбу ракеталар стационар бўладиган жойларни ўз ракеталари нишони сифатида аниқлашга мажбурдир, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. «Бизда бу ракеталарни ушлаб туриш учун етарли салоҳият бор», деди Кремл вакили «Россия 1» телеканалига берган интервюсида.
Ушбу гапларни шарҳлар экан, Хебештрайт Россиянинг бундай баёнотлари «ҳар доим жиддий қабул қилиниши керак»лиги, аммо улар «эътиборга лойиқ эмас»лигини таъкидлади.