Жаҳон | 19:09 / 16.07.2024
23302
4 дақиқада ўқилади

Россия армиясига ёлланиб, ҳарбий лагердан Ўзбекистонга қочиб келган йигит жазога тортилди

У автобус бекатидаги рекламани кўриб қолганидан кейин, 2024 йил 5 февралда Россия Мудофаа вазирлигининг Москва шаҳар бўлими билан 240 минг рубл ойлик маош эвазига Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун шартнома тузган. Бироқ жангларда иштирок этмасдан, ҳарбий лагердан қочиб кетган.

Фото: AmurMedia

Пул эвазига Россия армиясига ёлланган 23 ёшли йигитга ҳукм ўқилди. Kun.uz танишган суд ҳукмида келтирилишича, Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида яшовчи, 2001 йилда туғилган Шерзод Қутлимуратов 2023 йил декабр ойида Россиянинг Москва шаҳрига ишлаш мақсадида борган.

У 2024 йил 5 феврал куни бир марталик 195 минг рубл, кейинчалик 240 минг рубл миқдоридаги ойлик маош эвазига Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш учун Россия Мудофаа вазирлигининг Москва шаҳар бўлими билан шартнома тузган.

Шерзод Қутлимуратов «Авангард» номли ҳарбий лагерда махсус ҳарбий жанговар тайёргарликдан ўтган ва ўқчи этиб тайинланган. Аммо у 2024 йил 9 феврал куни ҳарбий лагердан қочиб, «Москва-Урганч» рейси орқали Амударё туманидаги доимий яшаш манзилига қайтиб келган.

Шерзод Қутлимуратов судда айбига иқрор бўлиб, бу ишга пул учун қўл урганини таъкидлаган.

«2023 йилнинг декабр ойида ишлаш мақсадида отам билан Россиянинг Калуга шаҳрига бордик. Аммо у ерда иш топа олмагач, Москва шаҳрига йўл олдик. Аввалига қурилиш ишларида, кейинчалик тунги клубда бармен бўлиб ишладим.

Бир куни автобус бекатида Россия Мудофаа вазирлигининг контракт асосида ҳарбий хизматга таклиф қилиш мазмунидаги рекламасини кўриб қолдим ва қўнғироқ қилдим. 2024 йил 4 феврал куни ишдан кетиб, Москва шаҳридаги Яблочково мавзесида жойлашган мудофаа бўлимига бордим. У ерда мени Хоразм вилоятидан бўлган нотаниш шахс кутиб олди ва нега келганимни сўради. Пул зарурлигини тушунтирдим. У менга агар махсус ҳарбий операцияда қатнашсам, кейинчалик Россия фуқаролиги берилишини айтди. Сўнгра маълумотларимни ёзиб олиб, тегишли ҳужжатларни тўлдирди. 

Бўлимда мени тиббий кўрикдан ҳам ўтказишди ва қайси бўлимда хизмат қилишни исташимни сўрашди. Мен ўқчи аскар сифатида хизмат қилишни хоҳлашимни айтдим. Шартнома тузиб, менга пластик карта беришди. Бошида бир марталик 195 минг рубл, кейинчалик ҳар ойда 240 минг рубл ойлик маош беришларини, фақат пул маблағлари ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, жангга киргач тўланишини тушунтиришди», деган у.

Шерзод Қутлимуратовга агар шартнома тузилиб бўлганидан сўнг хизматдан бош тортса, бу жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида тушунтирилган. Шу тариқа, уни бошқа кўнгиллилар билан биргаликда Москва областида жойлаган «Авангард» ҳарбий лагерига олиб боришган. Лагерда улар ўқотар қуролдан, дрондан фойдаланиш, махсус окопларда ҳаракатланиш бўйича амалий машғулотлар ўтаган.

Қутлимуратов уч кун мобайнида ушбу машғулотларда иштирок этган. Бироқ лагерда Михаил исмли шахс урушда қандай яраланганини айтиб бергач, хато қилганини тушуниб, отаси касал бўлиб қолганини баҳона қилган ҳолда қисқа таътил сўраган. Сўнгра Москва шаҳрига етиб келиб, Ўзбекистонга қайтган.

Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг 2024 йил 24 июндаги ҳукми билан Шерзод Қутлимуратов Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида (ёлланиш) назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Наманган вилоятининг Поп туманида яшовчи йигит «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига ёлланиб, Луҳанск областидаги жанговар ҳаракатларда қатнашгани учун 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинганди.  

Мавзуга оид