Жаҳон | 17:01 / 17.07.2024
9464
6 дақиқада ўқилади

«Бу махфий хизматнинг сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий муваффақиятсизлиги». WSJ — Трампга суиқасд ҳақида

Фото: Jabin Botsford / The Washington Post / Getty Images

13 июл куни Пенсилвания штатидаги сайловолди митинги чоғида Доналд Трампни ўлдиришга уриниш АҚШ Махфий хизматининг сўнгги ўн йилликлардаги — айнан айтилса, 1981 йилда президент Роналд Рейганга уюштирилган суиқасддан бери кузатилган энг йирик муваффақиятсизлиги бўлди, деб ёзади The Wall Street Journal газетаси.

АҚШ Конгрессининг бир неча қўмитаси махсус хизматлар фаолиятини текширмоқчи. Хусусан, вакиллар палатасининг назорат бўйича қўмитаси раиси Жеймс Комер аллақачон 22 июл куни Махфий хизмат директори Кимберли Читл иштирокида тинглов ўтказилиши режасини маълум қилган.

Журналистлар суриштирув давомида махсус хизматларнинг Батлердаги митинг ўтказиладиган ҳудуддаги хавфсизликни таъминлаш бўйича тайёргарлик ишлари таҳлилига катта эътибор қаратилишини тахмин қилишган: 20 ёшли, ёлғиз ҳаракатланган ўқотар қандай қилиб Трамп чиқиш қиладиган жой яқинидаги томда ўт очиш позициясини эгаллашга муваффақ бўлгани ҳақидаги саволга жавоб топиш учун.

«Реаллик шундаки, Махфий хизмат воқеа жойидан 100 ярд масофадаги очиқ томни кузатиш учун етарли ресурс ажрата олмагани учун ҳеч қандай оқлов йўқ», — деган Махфий хизматнинг собиқ ходими Билл Пикл.

У агар махсус хизматлар хавфсизликни етарли даражада таъминлай олганида, ўқотар бирорта ўқ узишга улгурмаслиги керак эди деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, нашр Махфий хизмат мергани жиноятчини митингда отишма бошланишидан «зум ўтмай» отиб ўлдирганини қайд этган.

Махсус хизматлар Батлердаги митинг олдидан қандай хавфсизлик чораларини кўргани ҳақида маълумотлар кўп эмас. Махфий хизматнинг собиқ ходимлари журналистларга айтишича, одатда бундай тадбирлардан олдин махсус хизматлар яқин атрофдаги бинолар ва корхоналарни текширади, шунингдек тадбир доирасидан ташқаридаги кузатув ва хавфсизлик масалаларида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик ўрнатади.

Махфий хизматнинг истеъфодаги юқори мартабали агенти Доналд Миҳалек Трампнинг Батлердаги митинги каби очиқ осмон остида ўтувчи тадбирлар махсус хизматларга қўшимча қийинчилик туғдиришини таъкидлайди. «Сиз бутун шаҳарни ёпиб қўя олмайсиз», — дейди у.

Сайлов мавсумида махсус хизматлар иши янада қийинлашади, чунки қоидага кўра президентликка номзодларнинг графиги тартибсиз бўлади ва унда режадан ташқари тадбирлар пайдо бўлиб қолиши мумкин, натижада Махфий хизматда унга тайёргарлик кўриш учун вақт етарли бўлмайди, дейди Михалек. WSJ нашри ёзишича, Трампнинг штаби Пенсилваниядаги митинг ҳақида 3 июл куни, унинг ўтказилишига ўн кун қолганида эълон қилган. Махсус хизматлар бундай тадбир режалаштирилаётгани ҳақида ундан олдинроқ бохабар бўлгани маълум эмас.

Билл Пиклнинг сўзларига кўра, суриштирув доирасида Махфий хизмат маҳаллий полиция билан қанчалик ҳамкорлик қилгани ва эҳтимолий таҳдидларни аниқлаш учун технологиялардан, жумладан пилотсиз учиш аппаратларидан фойдаланганига баҳо берилади. Бундан ташқари, махсус хизматлар маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари қўлловига қанчалик таянгани ва федерал даражадаги ёки маҳаллий расмийлар отишмага бир неча соат ёки дақиқалар қолганида яқинлашиб келаётган таҳдид ҳақида хабардор бўлган-бўлмагани тўғрисидаги саволларга дуч келиши мумкин.

Махфий хизмат вакили журналистларга Трампнинг митингида мерганларнинг тўрт гуруҳи ишлаганини айтган: иккитаси махсус хизматлар ходимларидан, яна иккитаси — маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан таркиб топган.

Митингга оддий томошабин сифатида келган полициячи Роберт Пугар мерганлар отишма бошланишидан анча олдинроқ дурбин билан атрофни кузатаётганини пайқаганини айтиб берган. «Мен ўзимга айтиб турдим: қизиқ, улар ниманидир кўришдими. Бу шунчаки менинг эътиборимни тортганди», — дея эслайди Пугар.

Митингдаги отишмадан бир кун ўтиб Пугар нималар рўй берганини ҳалигача англай олмаётганини тан олган: «Қандай қилиб кимдир сездирмасдан [саҳнага] яқинлаша олди? Биз ҳатто бир миля радиусга машинани қўя олмагандик. Унда қандай қилиб кимдир саҳнага энг яқин жойлашган бино томига чиқиб олиши мумкин?»

АҚШ Махфий хизмати директори Кимберли Читл 15 июл куни махсус хизматлар сайлов кампанияси охирига қадар Доналд Трампни қўриқлашни кучайтиргани ҳақида маълум қилди. «Махфий хизмат демократиямизнинг ҳозирги ва собиқ раҳбарларини ҳимоя қилишдек улкан масъулиятни зиммасига олган. Ва мен бу масъулиятга жуда жиддий қарайман», — деган Читл.

13 июл кунги митинг чоғида отилган ўқлардан бири Доналд Трампнинг ўнг қулоғини яраланган. Отишма бошланганида АҚШ Махфий хизмати ходимлари сиёсатчини ўз таналари билан тўсишган, кейин эса уни саҳнадан олиб кетишганди. Трампнинг саломатлигига ҳеч қандай таҳдид йўқ, унинг ўзи махсус хизмат агентлари фаолиятига юқори баҳо берган. ФҚБ версиясига кўра, собиқ президентга 20 ёшли Томас Мэттю Крукс AR-15 русумли яримавтоматик милтиқдан ўқ узган. Отишма вақтида митингга келганлардан бири, ўт ўчирувчи Кори Комператор ҳалок бўлган, яна икки томошабин оғир тан жароҳати олган. Крукс илк дақиқадаёқ мерган томонидан отиб ташланган.

Гувоҳлардан бири BBC мухбири билан суҳбатда отишма бошланишидан бироз аввалроқ томда қуролланган шахсни кўргани ва бу ҳақда полиция ходимларини огоҳлантирганини айтиб берган. «Мен ўзимча ўйладим: „Нима учун Трамп ҳали ҳам чиқиш қилишда давом этмоқда, нима учун уни саҳнадан олиб кетишмаяпти?“ Ва шунда бешта ўқ овози эшитилди», — деган гувоҳ. Кейинроқ Батлер округи шериф Майкл Слуп The Washington Post билан суҳбатда полиция шубҳали шахс тўғрисидаги хабарни текширганини айтди. Шерифнинг сўзларига кўра, полициячи бино томига чиққанида, ўқотар уни пайқаб қолган ва милтиқни офицерга йўналтирган. Полициячининг қуроли бўлмаган, шунинг учун у ортга тисарилишга мажбур бўлган.

Мавзуга оид