Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазодаги очарчилик қурбонлари, Қизил денгизда танкерларга ҳужум ва Россияда мигрантлар учун ахлоқ тавсиялари — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил томонидан қамал қилинган Ғазода тинч аҳоли очарчилик балосига дучор бўлаётгани ҳақида кўпроқ хабарлар тарқала бошлади. Дунё ҳамжамиятининг Ғазо учун мўлжалланган инсонпарварлик юкларини Исроил армияси ҲАМАСга қурол-яроғ жўнатиляпти деган важ билан Фаластин эксклавига киритмасдан келмоқда. Шу кунгача Ғазода очликдан силласи қуриб ўлганлар сони 45 кишига етди.
БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги юз минглаб одамлар Ғазода ҳаётий зарур нарсалар — адекват турар жой, озиқ-овқат, дори-дармон ва тоза ичимлик сувдан маҳрум эканини хабар қилмоқда.
50 мингдан ортиқ вояга етмаган болалар шу кунларда ўткир тўйиб овқатланмасликдан даволанишга муҳтож. Вазият шунчаликка бориб етганки, Ғазодаги болалар қорин тўйғизиш учун чиқиндихоналарни титиб емак ахтаришга ҳам мажбур бўлишмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Исроил ҳужумлари туфайли Ғазода 38 минг 700 фаластинлик қурбон бўлган. Уларнинг аксар қисмини ёш болалар ва аёллар ташкил этади. 89 мингдан ортиқ инсонлар яраланган.
Исроилдаги вазият
Исроил армияси танклар ва ўқ-дорилар етишмовчилигига дучор бўлгани айтилмоқда. Исроил урушга ҳаттоки аёл аскарларни ҳам ташлашга тайёр.
Ғазога ўлимвор ҳужум чоғида Исроил армияси захирасидаги ўқ дорилар ва ҳарбий техникаларнинг катта қисмини сафарбар қилиб, техникаларидан айрилган.
Бу ҳақда Исроил армиясининг Олий судга жўнатган хатига асосланиб, Yedioth Ahronoth нашри хабар қилмоқда. Бу иқрорлик аёл жангчиларни армиянинг зирҳли танк корпусига қўшиш тўғрисидаги петицияга жавобан эълон қилинган.
“Армия корпусидаги соз ҳолатдаги танклар сони уруш эҳтиёжлари ва аёлларни хизматга жалб қилиб, тажриба ўтказиш учун етарли эмас”, — дейилади газетанинг судга киритилган даъво аризасига асосланиб тарқатилган хабарида.
Исроил томонининг расмий маълумотларига кўра, шу пайтгача Ғазода олиб борилаётган адолатсиз урушда 682 нафар исроиллик аскарлар ўлдирилган, 4100 нафари яраланган. ҲАМАС томонининг рақамлари бундан бир неча баробар каттароқ.
Қизил денгиздаги вазият
Ҳусийчилар экипажсиз бошқариладиган катер воситасида Қизил денгизда нефт танкерига ҳужум уюштиришди. ОАВ тарқатган маълумотларга кўра, CHIOS Lion танкери Грецияга тегишли ва Қизил денгизда Либерия байроғи остида ҳаракат қилган.
АҚШ ҳам Қизил денгизда савдо кемаларига ҳусийчилар томонидан ҳужум уюштирилганини тасдиқлади. Бир кема шикастланган, аммо сафарини давом эттиришга муваффақ бўлган.
CHIOS Lionʼдан ташқари Россиядан Хитойга ўсимлик мойини олиб кетаётган Bentley I танкерига ҳам ҳужум уюштирилган. АҚШ ҳарбийларига кўра, Bentley I шикастланмаган, қурбонлар бўлмаган ва рейсни давом эттиришга муваффақ бўлган. Греция танкери CHIOS Lion’га зарар етган, бироқ одамлар жабрланмаган.
Ҳар икки ҳужум учун жавобгарликни Яман ҳусийчилари ўз зиммасига олди. Гуруҳнинг ҳарбий қаноти вакили Яҳё Сариянинг айтишича, ҳужумлар Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбаларига жавобан амалга оширилган.
Украинадаги вазият
Чехия Украинада патронлар ва штурм винтовкалари ишлаб чиқаради. Бу борада келишув имзолангани ҳақида Украина бош вазири Денис Шмигал ўзининг чехиялик ҳамкасби Петр Фиала билан ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилган.
Шмигалнинг аниқлик киритишича, Украинадаги патрон заводини Чехиянинг Sellier&Bellot компанияси қуради. Colt штурм винтовкаларини ишлаб чиқариш эса Ceska Zbrojovka компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилади. Заводлар Украинанинг қай ҳудудида очилиши хавфсизлик нуқтайи назаридан ошкор этилмаяпти.
Йил бошида Чехия Украина учун миллион дона 155 ммли артиллерия снарядлари харид қилиш бўйича ташаббусга бошчилик қилган эди. Бу дастур бўйича ўқ-дориларнинг дастлабки партияси Украинага июн ойининг охирларида етказилган.
Украинанинг ZN.UA нашри талабига биноан ўтказилган сўровларга кўра, ҳозирги кунда украиналикларнинг 44 фоизи тинчлик музокараларини бошлаш тарафдори, 35 фоизи эса қарши. Шу билан бирга, мутлақ кўпчилик Путин таклиф қилган «тинчлик» шартларига рози эмас.
Унга кўра, мамлакат маркази аҳолисининг 49 фоизи Россия Федерацияси билан расмий тинчлик музокаралари бошланиши ҳақидаги маълумотни хотиржам қабул қилади. Украина ғарбий қисмида бу кўрсаткич сезиларли даражада паст — атиги 35 фоиз. Мамлакат шарқида, ўз навбатида, респондентларнинг атиги 33 фоизи музокаралар ўтказилишини истаса, 34 фоизи бунга қарши. Респондентлар деярли учдан бир қисми якуний тўхтамга кела олмаган.
Шу билан бирга, украиналикларнинг мутлақ кўпчилиги Владимир Путин таклиф қилган «тинчлик» шартларига рози бўлмаслик керак, деб ҳисоблайди. Шу тариқа, респондентларнинг 83 фоизи Украина қўшинларининг Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя вилоятлари ҳудудидан олиб чиқилишига рози бўлмаслигини билдирган. Респондентларнинг 77 фоизи Россия бошлаган уруш учун киритилган барча халқаро санкциялар бекор қилинишига қарши чиқди. Респондентлар 58,5 фоизи Украина Конституциясига нейтрал ва ядросиз мақом қўшилишига рози эмас. 22 фоизи бундай қадам ташлашга тайёр.
Россияда мигрантларга янги талаб
Россияда мигрантларга чиройли аёлни кўрганда ҳуштак чалмаслик, нотаниш кишига “брат” дея мурожаат қилмаслик ва кўчада қўй сўймаслик тавсия қилинмоқда.
Россия миллатлар иши бўйича федерал агентлик марказий осиёлик меҳнат мигрантларининг ижтимоий-маданий мослашуви бўйича курс ишлаб чиқди.
“Коммерсант” нашри маълумотларига кўра, тайёрланган курс тўрт қисмдан иборат 70 дақиқалик маърузадан иборат. Биринчи қисмда Россиянинг миграция ва меҳнат қонунчилиги тўғрисида гап боради. Хусусан, мигрантларга Россия хорижликларнинг кириши ва бўлиб туриши, патент расмийлаштириш ва меҳнат шартномаси тузиш ҳақида ҳикоя қилинади. Шунингдек, мигрантларга “қуролли кучларда контракт асосида хизмат қилиб, Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда қўлга киритиш” имконияти ҳақида ҳам тушунча берилади.
“Россияда ноформал хулқ-атвор” деб аталувчи иккинчи қисмда мигрантларга ўзини “Россияда қабул қилинган тарзда” тутиш уқтирилади. «Коммерсант» бу бўлимдан бир неча иқтибос келтирган. Масалан:
«Россияликлар — кўп миллатли халқ, лекин ҳамма рус тилида гапириши шарт».
«Сизга қариндош ёки таниш бўлмаган кишиларга “брат” ёки “сестра” деб мурожаат қилиш ярамайди”.
«Атрофингиздаги кишиларни ўз она тилингизда муҳокама қилиш, бошқа инсонлар бор жойда ўз она тилингизда пичирлашиш ярамайди”.
«Россияда диний маросимларни кўчада ўтказиш ёт нарса. Шунингдек, кўчада ҳайвонларни қурбонликка сўйиш ярамайди».
Курс материалларида қайд этилишича, “Россияда аёллар анъанавий тарзда очиқ ва ёрқин либослар кийишади” ва бу ҳол асло “уларнинг танишишга тайёр эканини” билдирмайди. Мигрантлар нотаниш эркаклар ва аёлларга “тегиниши, пайпаслаб кўриши, қучоқлаши, қўлидан ёки кийимидан ушлаши” мумкин эмаслигидан огоҳлантирилган, чунки бундай хатти-ҳаракатлар “шилқимлик” деб баҳоланиши мумкин.
Ёқтириб қолган аёлларнинг диққатини жалб қилиш учун овоз чиқариш, ҳуштак чалиш ва тилни танглайга уриш мумкин эмаслиги тушунтирилган.
Курснинг учинчи бўлимида РФ қонунчилигига риоя қилмаслик, жумладан, митинг ва намойишларда қатнашиш қандай оқибатларга олиб келиши тушунтирилган. Рухсат этилмаган акцияларда қатнашиш учун ҳибсга олиниб, жаримага тортилиш, хорижий давлат фуқаролари эса мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкинлиги айтилган. Якуний блокда Россия ва Марказий Осиё давлатларининг алоқалари тарихидан ҳикоя қилинган.
Итларга қарши курашаётган Туркия
Туркияда миллионлаб уйсиз итлардан қутулишни исташмоқда. Бу ташаббусни мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам қўлламоқда. У май ойида “саноати ривожланган бирорта давлатда кўчадаги итлар билан бундай муаммолар йўқлиги”ни айтган.
Мамлакат ҳукуматини айниқса қутуриш касаллиги тарқалиши хавфи кўпроқ ташвишга солмоқда, деб ёзади Der Spiegel нашри. Айни кунларда биргина Истанбул шаҳрининг ўзида 300 мингга яқин уйсиз ит кўчаларда юрибди.
Туркиянинг ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси томонидан таклиф этилган қонун лойиҳасига кўра, уйсиз итлар кўчаларда тутилади ва махсус боқиш жойларига жойлаштирилади. У ерда итлар 30 кун мобайнида ушлаб турилади. Агар шу вақт ичида бирор киши уларни боқиб олишни истамаса, итлар ухлатиш йўли билан йўқотилади.
Ҳайвон ҳимоячилари бу ғояга қарши чиқмоқда ва муқобил вариантни таклиф қилмоқда — кўчадаги итларни кўпаймаслиги учун бепушт қилиш.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025