Ўзбекистон | 18:45 / 17.07.2024
3519
4 дақиқада ўқилади

Маънавият ва маърифат маркази сайт ва мобил илова яратиш учун 1,2 млрд сўм сарфлайди

Маънавият ва маърифат маркази “qadriyatim.uz”, “tanlov.manaviyat.uz” сайтлари ва мобил иловаларини яратиш учун 1 млрд 204 млн сўм сарфлайди. Марказ ўтган йилнинг октябр ойида ҳам ўзининг расмий веб-порталини яратиш бўйича 127 млн сўм сарфлаганди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази “qadriyatim.uz” портали ва интерактив мобил иловаси ҳамда “tanlov.manaviyat.uz” сайти ва мобил иловасини яратиш учун умумий ҳисобда 1 млрд 204 млн 400 минг сўм сарфлайди. Бу ҳақда Товар-хомашё биржасига жойлаштирилган маълумотларда келтириб ўтилган.

Қайд этилишича, “qadriyatim.uz” сайти ва мобил иловасида Ўзбекистоннинг миллий урф-одатлари, маросимлари, байрамлари, турли хил қадриятлари ҳақидаги маълумотлар бўлади. Бу платформани яратиш учун 875 млн 210 минг сўм ажратиш кўзда тутилган.

Ютуқли ўйин ва викториналар ўтказишга мўлжалланган “tanlov.manaviyat.uz” сайти ва мобил иловасини яратишга 329 млн 190 минг сўм йўналтирилади.

Ўтказилган тендерда 3 та компания иштирок этган ва якунда “United IT Company” МЧЖ ғолиб бўлган. Бу компания 2020 йилнинг 8 октябр куни рўйхатдан ўтган ва компютер дастурлаштириш соҳасидаги фаолият билан шуғулланади. Бундан олдин ҳам давлат ташкилотлари томонидан ўтказилган қатор катта тендерларда ғолиб бўлган:

  • Адлия вазирлигига тегишли hudud24.uz ахборот таҳлилий сайти ва унинг мобил иловасини ишлаб чиқиш (тендернинг бошланғич суммаси - 250 млн сўм);
  • Ижтимоий-ҳуқуқий медиа марказининг расмий веб сайтини яратиш (тендернинг бошланғич суммаси 200 млн сўм);
  • “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти тизимидаги ташкилотлар учун мавжуд веб-сайтларни, шунингдек жамият ахборот тизимларини техник қўллаб-қувватлаши (тендернинг бошланғич суммаси – 357 млн сўм);
  • Маҳалладаги ёшлар етакчилари иш фаолиятини баҳолаш электрон рейтинг тизимини яратиш ва бир йиллик техник қўллаб-қувватлаш хизмати (тендернинг бошланғич суммаси – 770 млн сўм);
  • Ёшлар ишлари агентлигининг расмий веб сайтининг янги версиясини ишлаб чиқиш хизматини кўрсатиш (тендернинг бошланғич суммаси – 34 млн сўм);
  • Биомаҳсулотлар етказиб берилиши бўйича ҳудудлар мониторингини юритиш учун биолабораториялараро ягона автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқариш бўйича ўрнатиш хизматлари (тендернинг бошланғич суммаси – 440 млн сўм);

Маънавият ва маърифат маркази ўтган йилнинг октябр ойида ҳам ўзининг расмий веб-порталини яратиш бўйича 127 млн сўмлик тендер ўтказганди. Мазкур тендерда "Fond away" МЧЖ ғолиб деб топилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг ноябр ойида айни пайтда мавжуд бўлмаган Камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш агентлиги “Онлайн маҳалла” ахборот тизимини яратиш учун 8,4 млрд сўм (ўша пайтдаги курс бўйича 755 минг доллар) сарфлаётгани ва истисно тариқасида тендер ўтказмасдан шартнома тузгани жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганди. 2023 йилнинг сентябр ойида эса маданият вазири Озодбек Назарбеков давлат мукофотларини олган санъаткорлар ҳақидаги портални яратиш учун бюджетдан салкам 500 млн сўм маблағ ажратиш ҳақида буйруқ чиқарганди.

Маълумот учун, 2024 йилнинг биринчи ярмида давлат бюджети дефицити 34 трлн сўмдан ошди. Бу – бир йил олдинги кўрсаткичдан қарийб 27 фоизга кўп.

Мавзуга оид