Жаҳон | 19:40 / 17.07.2024
8157
5 дақиқада ўқилади

Трампга суиқасд бўлди, лекин Байден “жароҳатланди”. Сайлов натижаси энди аниқми?

2024 йилнинг энг йирик сиёсий воқеаларидан бири – АҚШда 5 ноябрда бўладиган президентлик сайловларидир. Америкада ҳокимият ўзгариши – дунё геосиёсатига, глобал тартиботга жиддий таъсир қилади. Жумладан, Байденнинг президентлик курсисида қолиши ёки Трампнинг ҳокимиятга келиши Украина–Россия урушига, постсовет ҳудудидаги геосиёсий вазиятга мутлақ таъсир қилади.

Агар ҳокимиятда Байден қолса, у ёки бу шаклда Украинани қўллаб-қувватлаш давом этади. Агар Трамп келса, Украинани қўллаш сиёсати жиддий ўзгариши мумкин. Украинанинг ҳудудий яхлитлиги эса, постсовет давлатлари учун қимматли қадрият сифатида қабул қилинади.

АҚШ сайлов тизими – таъбир қилиши қийин бўлган тизим. Чунки 50 та штат ва Вашингтон округида сайловчилар коллегияларининг сони – ҳар хил. Бутун Америка бўйлаб камроқ овоз олиб, лекин муҳим штатларда ютган номзод президент бўлиши мумкин. Охирги марта 2016 йилда шундай бўлган эди: бутун Америка бўйлаб Ҳиллари Клинтондан кўра камроқ овоз олган бўлса-да, Доналд Трамп президент бўлган эди.

Бу сайловлар – АҚШ тарихидаги энг қари номзодлар билан ўтмоқда. Трамп 78 ёшда, Байден эса 82га яқинлашмоқда. Бу икки номзоднинг ёшини қўшсангиз – бир ярим асрдан ошади, аниқроғи 160 йилга тенглашади.

14 июл куни республикачилар номзоди Трампга ҳужум бўлди. Ўқ унинг қулоғига тегди, юзи қисман қонга беланди, лекин жиддий жароҳат олгани йўқ. Трамп паникага тушиб қолмади. Фотографлар уни худди қаҳрамон каби АҚШ байроғи остида расмга олиб улгуришди.

Унга қадар Трамп ва Байден ўртасида СNN телеканалида дебатлар бўлганди. Бу баҳсларнинг оқибати, демократлар учун “фожиа” сифатида кўрилди, чунки Байден жуда кўп марта сўздан адашди, фикрларини кўпинча аниқ-тиниқлик билан охиригача олиб бора олмади. Дебатни кузатган демократлар “ишқилиб Байден шу фикрини тўғри айтиб олсин-да...” деб ўтиришди.

Трампга суиқасдга қадар “Байден ютқазади-ёв” деган кайфиятлар жиддий урчиди. Ҳатто демократлар партияси ҳадемай Байденнинг ўрнига бошқа номзод излай бошлагани тўғрисида миш-мишлар кўпайди. Кўп ўтмай маълум бўлдики, Байденнинг кетиш нияти йўқ. У сайлов кампаниясида қолмоқчи, ва Трампни ютишига ишонади. Натижада, демократлар партияси: “Хўп, Байден кетмайдиган бўлса, унинг атрофида бирлашайлик, америкаликларга жипс бўлиб кўринайлик” деган ўзанга ўтишди.

Агар Трампга суиқасд, айтайлик, 40-50 йил олдин бўлганида эди, Трамп бемалол Оқ уйга кириб боришни режалайвериши мумкин эди. Чунки номзодга суиқасд – унга бўлган ачиниш ва ишонч ҳиссини шу заҳоти ошириб юборган бўлар эди. Лекин, бу сафар-чи? Америкаликларнинг ижтимоий фикри, сиёсий қарашларида катта ўзгариш бўлгани йўқ.

Байденнинг дебатдаги “хол қўйиши”, Трампга бўлган суиқасд ҳам, ўртадаги фарқни бор йўғи 2 фоиз атрофида ўзгартирди. Холис сўровномаларга кўра, суиқасддан кейинги сўралган америкалик сайловчиларнинг 44 фоизи Трампга, 42 фоизи эса Байденга овоз бериш ниятида. Қолганлар – ҳали кимга овоз беришни ўзлари учун аниқлаб олгани йўқ. Нега шундай бўляпти? Нега фарқ жиддий ўзгариб кетмади?

Сабаби, аксарият давлатлардаги каби, АҚШда ҳам кейинги ўн йилликларда жамиятнинг сиёсий қарашлари ниҳоятда қутблашди. Жамиятнинг ҳар бирини ўз ахборот сегменти бор, ҳар бир одам ва жамият қатлами ўзи ишонган ёки эътиқод қилган қарашлардан келиб чиқиб, ахборот олади ва бошқа, муқобил ахборот манбаларига ишонмайди.

Шунинг учун ҳам консерватив, “икки қаватли” Америка, кўплаб суд жараёнларига қарамасдан, Трампга ишонишда давом этмоқда. Шунинг учун ҳам, либерал америкаликлар, гапларини охиригача етгаза олмаётган бўлса-да, ўғлига нисбатан жиноий ишлар очилган бўлса-да, Байденга ишонч билдиришда давом этмоқда. Америка ниҳоятда қутблашди. Ҳар бир партиянинг, ҳар бир сиёсий фигуранинг ўз қарашлари ва ахборот манбалари бор. Ва ҳеч бир воқеа америкаликларнинг қарашларини кардинал ўзгартира олмайдиганга ўхшаяпти.

Ҳали сайлов кунигача салкам 4 ой бор. Бу вақт ичида кўп нарсалар бўлиши мумкин. Лекин, маълум бўлган нарса шуки, демократлар ҳам, республикачилар ҳам, асосан, ўз электорати учун эмас, тахминан 10-15 фоизлик ноаниқ қолаётган қарашдаги электорат учун курашади. Кураш жиддий бўлади. Ва ҳозирданоқ “Трамп ютди, Байден аниқ ютқазиб бўлди” дейиш, назаримда, шошилинч хулоса беришдек кўринади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Мавзуга оид