Европарламентарийлар Венгрияни ЕИда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилишга чақирди
63 депутат Орбаннинг Путин ва Си Жинпинг билан учрашувларидан сўнг Венгриянинг Европа Иттифоқидаги овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилишини талаб қилувчи хатни имзолади.
Европарламентнинг 63 нафар аъзоси Европа Иттифоқи раҳбариятига бош вазир Виктор Орбаннинг яқинда Москва ва Пекинга қилган ташрифлари туфайли Венгрияни ЕИдаги овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этиш талаби билан мурожаат қилди. «Венгриянинг Европа Иттифоқи кенгашидаги раислиги эндигина бошланди, бош вазир Орбан эса Европа Иттифоқи кенгаши раиси ролини суиистеъмол қилиш орқали аллақачон катта зарар етказди», дейилади Европарламент депутатлари баёнотида.
Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен, Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел ва Европарламент раиси Роберта Метсолага йўлланган мактуб муаллифлари Орбаннинг Россияда Владимир Путин ва Хитойда Си Жинпинг олдига ташриф буюрганида «у бутун Европа Иттифоқи номидан ҳаракат қилаётгани ҳақидаги таассуротни атайлаб яратгани», гарчи у аслида бундай ваколатларга эга бўлмаганини таъкидлади.
«Бундай хатти-ҳаракатлар Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг ташқи сиёсат соҳасидаги ваколатлари ва имтиёзларини тортиб олишга тенг», дейилади ҳужжатда.
Евродепутатлар Орбаннинг «тинчлик миссиясини» қоралади
Бундан ташқари, европалик парламентарийлар таъкидлаганидек, Венгрия бош вазири ЕИ позициясига зид бўлган кун тартибини илгари сурмоқда. Хусусан, улар Орбаннинг Россия кенг кўламли ҳарбий ҳужумидан ўзини ҳимоя қилаётган Украинада Киев шартларини ҳисобга олмаган ҳолда ҳар қандай ҳолатда ҳам ўт очишни тўхтатишга уринишларига ишора қилди.
Венгрия ҳукумати раҳбари «мавжуд Европа Иттифоқи қарорларини, бутун қарор қабул қилиш жараёнини, шунингдек, ўта муҳим масалалар бўйича Европа Иттифоқининг бирлигини бузишга интиляпти», деб таъкидлаган мурожаат муаллифлари.
Улар «нафақат бутун Европа Иттифоқининг ишончлилигига, балки ҳозирги геосиёсий вазиятга етказилиши мумкин бўлган қўшимча зарарни чеклаш учун имкон қадар тезроқ қатъий чоралар кўришга» чақирди: «Бунинг учун Венгриянинг тўхтатилиши талаб этилади. Тажриба шуни кўрсатадики, бу вазиятни оғзаки қоралашнинг ҳеч қандай таъсири йўқ».
Орбаннинг Пекин, Москва ва Киевга сафарлари
8 июл куни ўзини «тинчлик курашчиси» деб кўрсатувчи Венгрия бош вазири Пекинда Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашди. Орбаннинг сўзларига кўра, музокаралар асосий мавзуси Россиянинг Украинага қарши урушини тугатиш учун тинчлик музокараларини бошлаш йўлини топиш бўлган.
Аввалроқ, 5 июл куни Венгрия ҳукумати раҳбари эълон қилинмаган ташриф билан Москвага бориб, у ерда Россия президенти Владимир Путин билан учрашган эди. Орбан Путиннинг учта масала бўйича фикрини ўрганганини айтди: турли тинчлик ташаббуслари, ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик музокаралари имкониятлари, шунингдек, урушдан кейинги Европа бўйича қарашлари.
Бундан олдин Орбан Киевда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашган. Ўшанда Венгрия бош вазири Зеленскийга аввалига ўт очишни тўхтатишни, кейин эса Россия билан музокарага киришишни таклиф қилганини айтди. Бунга жавобан Украина президенти ўз мамлакатига адолатли тинчлик кераклигини билдирди, шунингдек, Европа давлатларини Россиядан ҳимояланиш учун Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттиришга чақирди.
Орбаннинг халқаро даражада танқид қилиниши
Европа Иттифоқи Виктор Орбаннинг ҳаракатларини кескин танқид қилди. «Тинчлантириш сиёсати Путинни тўхтата олмайди, - деб ёзган, хусусан, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен X ижтимоий тармоғида. - Фақат бирлик ва қатъийлик мамлакатда кенг қамровли, адолатли ва мустаҳкам тинчликка йўл очади».
Ўз навбатида, Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел, Европа кенгаши раиси Шарл Мишел ва Германия канцлери Олаф Шолц Венгриянинг Европа кенгашига раислик қилаётганига қарамай, Орбан «ҳеч қандай ҳолатда» Европа Иттифоқи манфаатларини ҳимоя қилмаётганини таъкидлади.
«Европа Иттифоқининг позицияси жуда аниқ: биз Россия урушини қоралаймиз, Украина бизнинг ёрдамимизга таяниши мумкин», деб ёзади Шолц X ижтимоий тармоғида.
Мавзуга оид
13:28 / 21.11.2024
Европарламент 27 ноябр куни еврокомиссарликка номзодларни тасдиқлайди
10:44 / 17.11.2024
Миллатлар лигасида форс-мажор. Венгрия мураббийи ҳушини йўқотди, Руминия ва Косово ўйинида сиёсий можаро
16:16 / 08.11.2024
Тахтиқорача довонида тош босиб қолганларнинг икки нафари венгриялик бўлган
09:10 / 05.11.2024