Ўзбекистон | 22:00 / 18.07.2024
5025
6 дақиқада ўқилади

18 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Қирғизистон президентининг ташрифи, Қатар элчиси билан келишув, журналистлар билан учрашган Алламжонов ва электросамокатлар ҳаракатланишига айрим чекловлар — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Садир Жапаров Ўзбекистонга келди

18 июл куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон президенти Садир Жапаров рафиқаси билан бирга давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Тошкент шаҳри халқаро аэропортида уларни давлат раҳбари ва рафиқаси кутиб олди.

Сўнгра Кўксарой қароргоҳида мамлакатимизга давлат ташрифи билан келган Қирғизистон президенти Садир Жапаровни тантанали кутиб олиш маросими бўлди.

Қароргоҳ олдидаги майдонда давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий кутиб олди ва шоҳсупага таклиф этди. Ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди.

Ташриф дастурига мувофиқ, олий даражада музокаралар ўтказилади, уларда Ўзбекистон-Қирғизистон кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Саммит якунида қатор йирик қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ва салмоқли икки томонлама ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган.

Қатар элчиси билан учрашув

Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева Қатарнинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим билан учрашди.

Ўзбекистон талабалари учун Қатар етакчи университетларида таҳсил олиш бўйича грант ўринларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот давомида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, таълим ва маданият соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, афғонистонлик қизларни Термиз шаҳрида ўқитиш лойиҳаси, шунингдек, Ўзбекистон талабалари учун Қатарнинг етакчи университетларида таҳсил олиш бўйича грант ўринларини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Алламжонов кўриниш берди

Президент Администрацияси Ахборот сиёсати департаменти раҳбари Комил Алламжонов 17 июл куни давлат, нодавлат теле- ва радиоканаллар ҳамда бошқа ОАВ раҳбарлари билан учрашди.

Учрашувда теле- ва радиоканаллар, умуман ОАВ ва медиатармоқлар олдидаги долзарб муаммолар, янги трендлар, матбуотнинг яқин келажакдаги ҳолати, шунингдек, миллий контент яратиш ишлари муҳокама қилинди. Носоғлом медиа муҳитини ўзгартириш, хусусан, соҳада қонунчиликни такомиллаштириш, журналист этикасини тартибга солиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

«Сўнгги вақтларда ОАВ ва медиа вакиллари ўз фаолиятларида сенсацион материалларга урғу бераётганлиги, таъбни хира қилувчи турли нохуш вазиятлар, шу жумладан, қотиллик, ўлим билан боғлиқ ҳодисаларни бўрттириб кўрсатиш тенденцияси кузатилмоқда.

Қолаверса, ижтимоий тармоқларда, матбуотда фейк ва дезинформацияларнинг сони ортиб бораётганлигига ҳам гувоҳ бўляпмиз.

Шу нуқтаи назардан, бу каби носоғлом медиа муҳитни ўзгартириш, хусусан, соҳада қонунчиликни такомиллаштириш, журналист этикасини тартибга солиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди», деган Комил Алламжонов.

Республика “ГАИ” раҳбари алмашди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати — халқ тилида Республика “ГАИ”си раҳбари полковник Олим Чориқулович Саидов Олим Саидов ўз лавозимини тарк этди.

ИИВ матбуот хизмати 2019 йилнинг ноябридан буён иш лавозимда ишлаб келган Олим Саидов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозимидан озод этилганини хабар қилмоқда.

Унинг ўрнига полковник Шерзод Шокирович Ибрагимов республика Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозимига тайинланди.

Тайинловга қадар Шерзод Ибрагимов ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Шерзод Ибрагимов Навоий вилояти ИИБ Патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи, Навоий вилояти ИИБ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари бўлган, 2022 йил ноябрида ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари – Жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғи лавозимига тайинланганди.

Самокатлар тезлигига чеклов

Электросамокатчиларга соатига 10 километрдан юқори тезликда ҳаракатланиш тақиқланди

Индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқараётган шахслар йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиши, тротуарлардан, пиёдалар йўлкаларидан, пиёда ва велосипед йўлкаларида 10 km/h дан ошмайдиган тезликда, улар бўлмаганда эса йўл четида соатига 20 km/h тезликдан юқори бўлмаган тезликда ҳаракатланиши керак бўлади.

Бу Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ҳукуматнинг айрим қарорларига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган баъзи ўзгартириш ва қўшимчалар қаторида санаб ўтилган.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам машиналари, электромотоцикллар, мопедлар ва скутерлар учун алоҳида давлат рақамлари жорий этилмоқда.

Индивидуал ҳаракатланиш воситалари — электросамокат, электр скейтбордлар, сегвейлар, уницикллар, моноғилдирак ва бошқаларни 14 ёшдан кичик шахсларнинг бошқариши, пиёдалар ўтиш жойида ҳаракатланиш, одам ташиш, телефондан фойдаланиш ва бошқалар каби бир қатор тақиқловчи чоралар жорий этилмоқда.

Скутерлар ва мопедларнинг ҳаракатланишини, шунингдек, индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқаришни тақиқловчи янги йўл белгилари жорий этилмоқда.

Мавзуга оид