Спорт | 14:40 / 18.07.2024
4599
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Олимпия ўйинларида илк бор 19 спорт турида 75 та йўлланмани қўлга киритди

Пойтахтдаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон делегациясининг "Париж-2024" ёзги Олимпия ўйинларига иштироки олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Фото: "Дунё" АА

"Дунё" хабарига кўра, тадбирда спорт вазири Адҳам Икромов, МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов, қўмита раиси ўринбосарлари Равшан Эрматов, Сакен Пўлатов, Азиз Комилов ва Шерзод Тошматов, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Вазир Адҳам Икрамов анжуманни очиб берар экан, ўзбек спорти тарихида илк бор 19 спорт турида 90 нафар атлет билан 75 та йўлланма қўлга киритилганини, қолаверса, делегация футбол, аёллар кураши, сувга сакраш ва камондан отиш дастурларида дебют қилишини билдирди.

Миллий олимпия қўмитаси бош котиби спорт федерация ва ассоциациялари билан ҳамкорликда улкан иш олиб борилгани, бунинг натижасида тайёргарлик цикли юқори кўрсаткичлар билан якунлангани ҳақида тўхталди. Шунингдек, у Халқаро олимпия қўмитаси ва Ўйинларнинг ташкилий қўмитаси билан мунтазам равишда алоқа йўлга қўйилгани, делегация аъзолари, спортчи ва мураббийлар учун барча шароитлар яратиб берилишини қўшимча қилди.

Ўз навбатида, Равшан Эрматов футболчилар тайёргарлиги, режалар хусусида батафсил маълумот берди. Шунингдек, Сакен Пўлатов бокс, Азиз Комилов дзюдо мисолида спортчилар тайёргарлиги якуний паллага киргани, барча жамоаларимиздан юқори натижалар кутилаётгани хусусида гапириб ўтишди.

Июн ойида ўтган эркин кураш бўйича Будапешт гран-присининг олтин медал соҳиби Разамбек Жамолов Бекзод Абдураҳмоновнинг ўрнига бўлажак Олимпиадада -74 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.

Мавзуга оид