Жаҳон | 19:17 / 18.07.2024
3159
2 дақиқада ўқилади

Урсула фон дер Ляйен иккинчи муддатга Еврокомиссия раҳбари этиб тасдиқланди

Европарламент (ЕП) аъзолари Еврокомиссиянинг (ЕК) амалдаги президенти Урсула фон дер Ляйенни ушбу лавозимга иккинчи беш йиллик муддатга тасдиқладилар.

Фото: AP

Interfax хабарига кўра, яширин овоз бериш жараёнида фон дер Ляйенни ёқлаб 401 нафар овоз берилди, 284 нафар депутат қарши, 15 нафари эса бетараф қолди. Сайланиш учун унга 361 овоз етарли эди.

Овоз бериш фон дер Ляйеннинг асосий нутқидан сўнг бўлиб ўтди, сўнгра сиёсий фракциялар раҳбарлари ва депутатлар томонидан муҳокама қилинди.

Урсула фон дер Ляйен 2019 йилдан бери Европа комиссиясини бошқариб келмоқда. 6-9 июн кунлари бўлиб ўтган ЕП сайловида у энг кўп овоз тўплаган ўнг марказчи Европа халқ партияси рўйхатини бошқарган.

27-28 июн кунлари Брюсселда йиғилган Европа Кенгаши фон дер Ляйенни иккинчи муддатга Европа комиссияси раиси лавозимига номзод қилиб кўрсатди. Европа Парламенти томонидан маъқуллангандан сўнг, Европа Комиссияси раисининг номзоди Европа Кенгаши томонидан расман тасдиқланиши керак.

Урсула фон дер Ляйен 1958 йилда Белгияда туғилган. 1978 йилда Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактабини, 1987 йилда эса Ҳанновер тиббиёт мактабини тамомлаган. У шифокор сифатида ўқиган ва 1991 йилда тиббиёт фанлари доктори илмий даражасини ҳимоя қилган.

Сиёсий фаолиятини 1990 йилда Германия Христиан Демократик Иттифоқи (ХДИ) партиясида бошлаган. 2009 йилдан 2013 йилгача Германия Меҳнат ва жамоат ишлари вазири лавозимида ишлаган. 2013 йилдан 2019 йилгача Германия Мудофаа вазирлигини бошқарган. У бу лавозимни эгаллаган биринчи аёл бўлди.

2019 йилда Урсула фон дер Ляйен Европа комиссиясини бошқарган биринчи аёл бўлди.

2022 ва 2023 йилларда Forbes журнали уни «дунёдаги энг қудратли аёл» деб топди.

Мавзуга оид