19 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20 йилга “кесилган” “Бахти Ташкентский”, Қирғизистон билан имзоланган 16 та ҳужжат, Мустақиллик байрамининг шиори, Янги Тошкент ҳудудига ўтаётган маҳаллалар — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Қирғизистон президентининг ташрифи
Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давом этди.
Кеча Тошкентда бўлиб ўтган музокаралар якунида икки томонлама кўплаб ҳужжатлар имзоланди.
Жумладан, давлат раҳбарлари кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнотни имзолади.
Ташриф давомида жами 16 та ҳужжат имзолангани хабар қилинди.
Мирзиёев ва Жапаров оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар. Унда Ўзбекистон раҳбари Қирғизистон президентининг давлат ташрифи тарихий воқеа бўлгани қайд этди.
Яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш учун узоқ муддатли экспорт-импорт шартномалари портфели тайёрлангани айтилди.
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўлини қуриш стратегик лойиҳаси бўйича уч томонлама битим имзолангани тарихий воқеа бўлди, - деди Мирзиёев.
Бугун Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров икки давлат биринчи хонимлари билан бирга Хивага борди.
Олий мартабали меҳмонлар танишувни "Ота дарвоза"дан бошлаб, ноёб "Кўҳна арк" мажмуаси, Шерғозихон мадрасаси, Жума масжиди, "Тошҳовли" мажмуаси ва бошқа обидалар билан танишди.
Хива тарихи ва унинг фан ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, ҳудуднинг бой маданияти ва санъати ҳақидаги ҳикоялар қирғизистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
“Бахти Ташкентский” 20 йилга кесилди
Бугун Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида “Бахти Ташкентский” номи билан танилган 53 ёшли Бахтиёр Қудратуллаев Жиноят кодекси қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва унга 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, у ўта хавфли рецидивист деб топилиб, жазони ўташ даврида гиёҳвандликдан даволаниши ҳам белгиланган.
Суд ҳукми билан Бахтиёр Қудратуллаевнинг ўғли Ихтиёр Қудратуллаев 9 йил, иккинчи ўғли Бекзод Зафаров 11 йилга, акаси Шуҳрат Қудратуллаев эса 10 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилди.
Шуҳрат Қудратуллаев ҳам ўта хавфли рецидивист деб топилди ҳамда жазони махсус тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Судланувчилар орасида ягона аёл бўлган Наргиза Жуманиёзовага 4 йил 4 ой 24 кунга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.
Умуман, суд ҳукми билан судланувчиларга 3 йилдан 20 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди. Ҳукмга кўра, 6 киши хавфли рецидивист деб топилди. Улар жазони махсус тартибли колонияларда ўтайди.
Мустақиллик байрами шиори тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллик байрами «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» шиори остида ўтказилади.
Бу борада президент қарори имзоланди.
Ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари «Ўзбекистон – 2030» стратегияси, шунингдек, «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» бўйича қабул қилинган давлат дастури билан уйғун ҳолда тайёрланади.
Мустақиллик байрами Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ҳамда туманлар, қишлоқ ва овулларда нишонланиши белгиланди.
Хитой комманияси Фарғонада пахта териш машиналарини йиғади
Фарғона вилоят ҳокимлигида Хитойнинг Shandong Swan Cotton Industrial Machinery Stock Co. Ltd компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда Фарғонада Хитой компанияси томонидан амалга оширишга киришилган пахта териш машиналарини йиғиш, техникаларга сервис хизмати кўрсатиш маркази ҳамда механизаторлар учун ўқув маркази ташкил этиш лойиҳасининг бориш жараёнлари муҳокама қилинди.
Shandong Swan Cotton Industrial Machinery Stock Co. Ltd компанияси вакиллари лойиҳа белгиланган режа асосида амалга оширилаётганини қайд этиб, келгуси йилда лойиҳа Фарғона шаҳридаги собиқ Механика заводи ҳудудида тўла ишга туширилишини маълум қилди.
Янги Тошкент ҳудудига ўтаётган маҳаллалар
Тошкент вилояти Кадастр бошқармаси вилоятдан Янги Тошкент ҳудудига ўтаётган маҳаллалар ҳақида маълумот берди.
Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилояти бошқармаси берган маълумотга кўра, Тошкент вилоятидан умумий ҳисобда жами 37 та маҳалла (шундан, 23 та маҳалла тўлиқ таркибда) Янги Тошкент ҳудудига ўтади.
Бунда Юқори Чирчиқ туманидан 20 та, Ўрта Чирчиқ туманидан 3 та маҳалла фуқаролари йиғини тўлиқ таркибда Янги Тошкент ҳудудида ўтади.
Аввалроқ, Тошкент вилоятидан Янги Тошкент ҳудудига ўтаётган умумий объектлар сони жами 19 723 та экани, шундан, турар жойлар – 18 773 та, нотурар жойлар – 891 та, кўп қаватли уйлар – 52 та экани маълум қилинган эди.
Мавзуга оид
20:43 / 08.11.2024
8 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:04 / 07.11.2024
7 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:35 / 06.11.2024
6 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:18 / 05.11.2024