Жаҳон | 13:43 / 19.07.2024
6429
9 дақиқада ўқилади

Ғазони вайроналардан тозалаш харажатлари, ҳусийчиларнинг таклифи ва Россияда мигрантларга навбатдаги чеклов — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазони 40 млн тонна вайроналар чиқиндисидан тозалаш учун 15 йил ва 500 млн доллар талаб қилинади. Бу ҳақда БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги БМТнинг атроф-муҳит бўйича дастури маълумотларига асосланиб хабар қилмоқда.

«Чиқиндилар Ғазо сектори аҳолиси учун ўлимли таҳдиддир, чунки уларнинг таркибида ёрилмаган ўқ-дорилар ва заҳарли моддалар бор», - дейилади БМТ агентлиги ҳисоботида.

БМТнинг атроф-муҳит бўйича дастурига кўра, чиқиндиларнинг айрим бўлаклари асбест билан ифлосланган — бу эса ўпка касалликлари, шу жумладан саратон келтириб чиқариши мумкин бўлган хавфли минерал ҳисобланади. Шунингдек, ташкилот қурилиш чиқиндиларининг катта қисмида инсон танаси бўлаклари борлигини ҳам қайд этган.

Ўтган ойда Исроил армия радиоси ҳарбий мулозимларга асосланиб, 7 октябрдан буён Исроил ҳарбий самолётлари Ғазога 50 мингдан зиёд бомба ташлагани, уларнинг 2-3 мингтаси ёрилмай қолганини маълум қилган эди.

286 кундан буён тўхташ билмаётган ҳужумлар натижасида Ғазода ҳалок бўлган фаластинликлар сони 38 минг 848 кишига етди. Ярадорлар сони 89 минг 459 киши. Биргина сўнгги сутка ичида 54 киши ҳалок бўлди ва 95 киши яраланди.

Исроилнинг қайсарлиги

Исроил парламенти Фаластин давлатчилигини мутлақо рад этувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.

Нетаняҳунинг коалицияси ва ўнг мухолифат партиялар ҳаммуаллифлигида қабул қилинган қонун лойиҳаси парламентда катта устунлик билан қабул қилинди.

Бу резолюция Фаластин давлатчилигини мутлақо инкор этади, ҳаттоки Исроил билан музокаралар йўли билан можарони тартибга солиш доирасида ҳам.

“Исроил Кнессети Иорданиядан ғарбда Фаластин давлатини ташкил этишга қатъий қарши чиқади”, — дейилади резолюцияда.

Қонун лойиҳаси Англия қироли Чарлз III томонидан чоршанба куни эълон қилинган, Буюк Британиянинг икки давлат яратиш тўғрисидаги сиёсати тасдиқланган баёнотига ҳам тлиқ зид.

Эслатиб ўтамиз, БМТ экспертлар гуруҳи Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилиши учун барча давлатларни Фаластин давлатини тан олишга чақирган эди.

Ҳусийчилардан таклиф

Яманлик ҳусийчилар Исроилга таклиф билан чиқишди. Унга кўра “Ансоруллоҳ” ҳаракати Исроилнинг Эйлат портига йўналаётган кемаларга ҳужум қилишни бас қилади, бунинг учун Исроил Ғазонинг шимолий қисмига инсонпарварлик ёрдамларини киритишга рухсат берса бас.

Бу ҳақда ҳусийчларнинг юқори мартабали вакили Муҳаммад Али ал-Ҳусий таъкидлаб ўтган.

Унинг фикрига кўра, мисрлик ва қатарлик воситачилар Исроил билан бундан битим тўғрисида келишиб олишлари, ҲАМАС ва бошқа фаластин гуруҳлари билан маслаҳатлашувларда розиликка эришишлари мумкин.

Бундай келишув тўғрисидаги масала БАА ва Иорданияда шу ҳафта ичида бўлиб ўтадиган ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар чоғида кўтарилиши мумкин. Бу эса ҳозирги босқичда Ғазода сулҳга эришишдан кўра реалроқ кўринишга эга бўлган масала.

Европанинг ўз “НАТО”си

Иккинчи муддатга сайланган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европанинг ўз НАТОсини тузишни ваъда қилмоқда.

Урсула фон дер Ляйен “Европа мудофаа иттифоқи” тузилишини, шунингдек Европанинг “яшил энергетика курси”нинг саноат учун юкини юмшатишни ваъда қилди.

“Россиянинг босқинига қарши кураш”да Украинани қанча талаб қилинса шунча қўллаб-қувватлашни ваъда қилиб, фон дер Ляйен ўртага Европанинг озодлиги қўйилгани ва мудофаага имкон қадар кўпроқ сармоя киритиш кераклигини таъкидлаган.

Германиянинг собиқ мудофаа вазири Урсула фон дер Ляйен ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва кибермудофаа соҳасида флагман лойиҳиалар билан “чинакам Европа мудофаа иттифоқи”ни тузишни ваъда қилди.

Анъанага кўра Европа Иттифофқининг мудофаа сиёсати миллий ҳукуматлар ва НАТОнинг устувор сиёсати ҳисобланиб келинган, бироқ сўнгги вақтларда Россия-Украина уруши, шунингдек, Европа ўзи ҳимоясини АҚШга нечоғлик ишониши мумкинлиги тўғрисида ўсиб бораётган шубҳалар фонида қўшма мудофаа лойиҳаларига чорловлар кўпроқ янграмоқда.

Украинага ёрдам

Еврокомиссия Украинага яна 4,2 млрд евро ажратишни қўллаб-қувватлади. Энди бу янги молиявий ёрдам Европа Иттифоқи кенгаши томонидан тасдиқланиши керак.

«Европа Иттифоқи кенгашида қабул қилингандан сўнг, ушбу механизм бўйича Украина учун ЕИ томонидан ажратиладиган маблағларнинг умумий миқдори 12 миллиард еврога етади», – дейди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.

Еврокомиссия қарорига кўра, Украина молиявий ёрдам шартлари сифатида илгари сурилган бир қатор талабларни бажарган. Хусусан, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва иқтисодий жиноятларга қарши янада самаралироқ курашиш бўйича ислоҳотлар, шунингдек, давлат компаниялари бошқарувидаги ўзгаришлар, миллий энергия ва иқлим режасини қабул қилиш каби.

“Барча қийинчиликларга қарамай, Украина Россиядан ўзини ҳимоя қилиб, мамлакатни янада тиклаш ва Европа Иттифоқига аъзолик сари олға силжиш учун муҳим ислоҳотларни амалга оширмоқда”, деди фон дер Ляйен. Европа Иттифоқи мамлакатлари янги ёрдам пакетини тезда тасдиқлашига умид қилмоқда.

2024 йил февралида ЕИ кенгаши Украинага 50 миллиард евролик Европа ёрдам жамғармасини ташкил этишни маъқуллаган эди. Тўрт йилга мўлжалланган ушбу маблағлар грант ва кредитлар кўринишида берилиши режалаштирилган.

Байден бас қиладими?

Коронавирус юқтириб, қисқа таътилга чиққан Жо Байден шу ҳафтада президентлик пойгасидан чиқиши мумкин. Унга партия етакчилари ва яқин дўстлари томонидан босим кучаймоқда, деб ёзмоқда Axios портали.

Демократларнинг айтишича, партиянинг юқори мартабали етакчилари, дўстлари ва асосий донорлари Байден ғалаба қозона олмайди, ёши ва ақлий қобилияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини ўзгартира олмайди ва Конгрессда кўпчиликни қўлга кирита олмайди, деб ҳисоблайди.

“Президентг агар у ўз лавозимида қолса, Трамп катта устунлик билан ғалаба қозониб, Байден мероси ва демократларнинг умидларини йўқ қилиши мумкинлиги айтилмоқда. Ўз номзодини қайтариб олиш учун Байденга нисбатан босим, айниқса, сўнгги бир неча кун ичида чидаб бўлмас даражада ошиб бормоқда”, дейилади мақолада.

Демократлар республикачиларнинг миллий қурултойидан кейин ўтказилган сўровлар катта мағлубиятни кўрсатаётгани ва бу амалда демократик партиянинг Конгрессдаги мағлубиятига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда.

«Унинг танлови — тарих қаҳрамонларидан бирига айланиш ёки Байденнинг президентлик кутубхонаси ҳеч қачон бўлмаслигига ишонч ҳосил қилиш. У тўғри йўл тутади, деб дуо қиламан. У шу йўналишда кетмоқда», деган президентнинг яқин дўстларидан бири.

Вакиллар палатаси собиқ спикери Нэнси Пелоуси Байденга шахсан қўнғироқ қилган. Суҳбат давомида у сўровномалар Трампни мағлуб эта олмаслигини кўрсатаётганини айтган.

Россияда мигрантларга яна чеклов

Россиянинг яна бир областида мигрантларга айрим касблар билан шуғуланишга чеклов жорий этилди. Томск областида энди мигрнатлар такси, умумий овқатланиш ва савдо каби бир нечта соҳаларда ишлай олмайди.

Бу борада Томск области губернатори Владимир Мазур 1 ноябрдан бошлаб минтақадаги меҳнат мигрантлари фаолиятини чекловчи фармонни имзолади.

Унга кўра, меҳнат қилиш патентига эга мигрантларга озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва таом тайёрлаш, чакана савдо, таксида йўловчи ташиш, шаҳар ва шаҳар атрофи транспорти, меҳмонхона ва ресторан бизнеси, кадрлар танлаш, хавфсизликни таъминлаш, умумий, касб-ҳунар ва олий таълим, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларида ишлаши тақиқланади.

Россия ҳудудларида 2015 йилдан бошлаб мигрантлар меҳнатига чекловлар жорий этилмоқда, дастлаб бундай қарорни Перм ўлкаси ва Мари-Эл республикаси ҳукуматлари қабул қилган.

2024 йилда Россиянинг бир қатор ҳудудларида жорий этилган эди. Булар — Транс-Байкал ва Камчатка ўлкалари, Югра автоном округи, Нижний Новгород, Смоленск, Самара, Кемерово, Воронеж, Тула, Магадан, Курган, Новосибирск, Челябинск, Калининград, Новгород, Курск, Саратов, Липецк ва Кострома областлари, шунингдек, аннексия остидаги Қрим. Энди уларга Томск области ҳам қўшилди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид