Жаҳон | 10:31 / 19.07.2024
2669
3 дақиқада ўқилади

Германияда одамларга ҳужум қилган ўнг экстремистлар қўлга олинди

Германия полицияси Берлинда одамларга ҳужум уюштирганликда гумон қилинган неонацистларнинг «Учинчи йўл» партияси тўққиз нафар тарафдорини қўлга олди.

Фото: AP

Германияда неонацистларнинг «Учинчи йўл» партиясига қарши кенг кўламли рейдлар чоғида 17 ёшдан 21 ёшгача бўлган тўққиз киши қўлга олинди. Улар Берлинда сиёсий сабабларга кўра одамларга ҳужум уюштирганликда гумон қилинмоқда, деб хабар берди 18 июл, пайшанба куни пойтахт полицияси ва прокуратураси

Берлиндаги Осткройц станциясида ниқобли, дубинкали шахслар одамларга ҳужум қилган

Ушланганлар, хусусан, Берлиндаги Осткройц темирйўл станциясида одамларга ҳужум қилишда айбланмоқда: 6 июл куни 10-15 нафар кишидан иборат ниқобли гуруҳ беш кишига ҳужум қилган. Ҳужумчиларнинг баъзилари дубинкалар ва кастетлар билан қуролланган эди. Ҳужум 15, 32 ва 39 ёшли фуқароларга қарши қаратилган - Die Welt газетасининг ёзишича, улар Осткройц станциясига ўнг экстремизмга қарши намойишга бирга бориш мақсадида келишган.

Ниқобли шахслар воқеа жойига етиб келган икки полициячига ҳам ҳужум қилган. Ҳужумга учраганларнинг баъзилари жароҳатланган ва даволанишга муҳтож. Гумонланувчилар дастлаб қочишга муваффақ бўлган, бироқ кейинроқ шахси аниқланган. 

Пренцлауэр-Берг туманидаги талончилик 

Бундан ташқари, қўлга олинганлар январ ойида Берлиннинг Пренцлауэр-Берг туманида содир бўлган талончиликка алоқадорликда айбланмоқда: бир неча шахслар 20 ёшли йигитга ҳужум қилган. Жабрланувчининг юзи ва оёқларига урилган, нарсалари олиб кетилган. Ҳужум сиёсий сабабларга кўра амалга оширилгани айтилмоқда. 

Рейдлар давомида қурол-яроғ ва тарғибот материаллари мусодара қилинди

18 июл куни нафақат Германия пойтахти, балки Бранденбург ва Саксония федерал ерларида ҳам бўлиб ўтган рейдларда 130 нафар полициячи иштирок этди. Ўнта жойда тинтув ўтказилиб, улар давомида газли тўппончалар, зарба берувчи қуроллар, шовқинли тўппончалар, шунингдек, тарғибот материаллари, мобил қурилмалар ва рақамли ахборот воситалари мусодара этилган, деб хабар берди полиция ва прокуратура.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, қўлга олинганларнинг барчаси «Учинчи йўл» ёшлар қаноти – «Миллий инқилобчи ёшлар» (NRJ) деб аталувчи ташкилотга мансуб бўлган. Пойтахтнинг конституцияни ҳимоя қилиш бошқармаси «Учинчи йўл»ни Берлинда неонацистлар мафкурасига очиқдан-очиқ амал қиладиган ва қочқинларга қарши бўлган энг фаол ўнг экстремистик гуруҳлардан бири деб атайди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид