Ўзбекистон | 15:25 / 20.07.2024
4946
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 200 мингдан ошди

Сенат ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида "Мен муваффақиятли тадбиркор аёлман" тадбиркор аёллар форуми ўтказилди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини янги босқичга кўтаришга, бизнес вакилаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирда Сенат раиси Танзила Норбоева, Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда юртимиз ҳудудларида фаолият олиб бораётган 200 нафардан ортиқ етакчи тадбиркор аёллар иштирок этди.

Форум доирасида муваффақиятли тадбиркор аёллар ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Бугун ишбилармон аёллар сафи икки баробар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 200 мингдан ошди, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида аёллар улуши 46 фоизни ташкил этмоқда. Кичик бизнес субъектларининг 120 мингдан зиёдини, фермер хўжаликларининг 4 минг 550 дан ортиғини хотин-қизлар бошқармоқда.

Президент фармони билан жорий йилдан бошлаб аёлларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлигини ташкил этиш учун 100 миллион доллар ажратилди.

Келгуси икки йилда кичик ва ўрта бизнесда хотин-қизларнинг улушини ҳозирги 25 фоиздан 40 фоизга ошириш бўйича улкан мақсад қўйилган.

Форум якунида иштирокчиларнинг муҳим саналган йўналишлардаги аниқ таклифларини ўз ичига олган мурожаат қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид