Россия қабристонларни кенгайтириш учун давлат харажатларини уч баравар оширди
The Moscow Times газетаси ҳисоб-китобларига кўра, Украинадаги урушнинг дастлабки икки йилида қабристонларни кенгайтиришга ковиддан олдинги икки йилга қараганда деярли уч баравар кўп пул сарфланди.
The Moscow Times нашри эътиборини тортган расмий давлат харидлари портали маълумотларига кўра, 2023 йилда Россия ҳудудлари қабристонларни кенгайтириш учун 225 миллион рублдан кўпроқ маблағ сарфлади - бу 2022 йилга нисбатан икки баравар ва 2020 йилга нисбатан деярли олти баравар кўпдир.
Урушдан олдинги йиллар Россияга Иккинчи жаҳон урушидан бери рекорд даражадаги ўлим кўрсаткичини келтирди: коронавирус пандемияси даврида, 2020-2021 йилларда ўлим сони 35 фоизга ошди. Расмий равишда 680 минг киши COVID-19’дан вафот этди, норасмий ҳисоб-китобларга кўра - миллиондан ортиқ.
Аммо пандемиянинг икки йили давомида қабристонларни кенгайтириш учун уруш икки йилидагига қараганда икки баравар кам пул сарфланган. Демограф Ян Бриде бунга сабаб сифатида Украинадаги урушни келтирди. «Ковид эффекти ўтди» ва «ёшлар орасида ўлимларнинг кўпайиши ҳам янги ҳудудларни яратиш учун дафн маросимига бўлган талабнинг ортишига олиб келди», дейди Бриде The Moscow Times газетасига берган интервюсида.
Ханти-Мансийск - қабристонларни кенгайтириш харажатлар бўйича етакчи
Ханти-Мансийск автоном округи уруш вақтида қабристонларни кенгайтириш учун энг кўп маблағ сарфлади - 262 миллион рублдан ортиқ. Шу билан бирга, Росстат маълумотларига кўра, минтақада ўлим даражаси пасаймоқда: 2023 йилда ўлим сони тахминан 4 фоизга камайди. Қолган минтақалар бир неча баравар кам сарфлади: Уляновск вилояти - 37 миллион рублдан ортиқ, Свердловск - 31 миллион рублдан ортиқ, Иркутск - 15,7 миллион рубл, Ямал-Ненец автоном округи - 15,3 миллион рубл.
Журналистларнинг ҳисоб-китобларига кўра, энг кам маблағ Липецк вилояти (170 минг рубл), Удмуртия (273 минг рубл), Байкалорти (356 минг рубл), Перм ўлкаси (542 минг рубл) ва Бурятия (602 минг рубл) қабристонларига сарфланган. Бундан ташқари, BBC ва «Медиазона» томонидан олиб борилган суриштирувга кўра, айнан Бурятияда 1500 га яқин аскар ва зобитлар дафн этилган.
Украинага қарши урушда Россия йўқотишлари ҳақида ишончли маълумотлар йўқ
Расмий статистик маълумотлар Украинадаги уруш туфайли ўлим ҳолатлари сони ортганини кўрсатмайди. Бу ўлим шахснинг яшаш жойида ҳам, вафот этган жойида ҳам, масалан, Украина эгаллаб олинган ҳудудларида қайд этилиши мумкинлиги билан изоҳланади. Шу билан бирга, Росстат эгаллаб олинган ҳудудларда ўлим кўрсаткичлари бўйича маълумотларни эълон қилмайди. Росстат маълумотларига кўра, ўлимлар сони 2022 йилда 22 фоизга, 2023 йилда эса яна 7,6 фоизга камайди. Фақат 2024 йилда ўлим миқдори кўтарила бошлади - январ-апрелда 4,5 фоизга ёки 27 минг кишига.
Айни пайтда, Украинада ҳалок бўлган аскарлар сони бўйича мустақил ҳисоб-китоблар бироз бошқача кўринишга эга. Хусусан, «Медуза» нашри мерос ишлари реестрини таҳлил қилиб, уларнинг сонини 120 мингтага баҳолади. BBC ва «Медиазона» журналистлари Украинада ҳалок бўлган 58 мингдан ортиқ россиялик аскарнинг исмларини аниқлади. «Важные истории» нашри йўқотишлар кўламини ортиқча ўлимга қараб баҳолади ва бу рақамни 71 минг деб атаган.
Британия Мудофаа вазирлиги разведка маълумотларига таяниб, Россиянинг 2024 йил май ва июн ойларида йўқотишлари 70 мингдан ортиқ кишини ташкил этиши мумкинлигини билдирди. Британия Мудофаа вазирлиги бутун уруш давомидаги умумий йўқотишларни 450 минг кишига баҳолади. АҚШ Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Уилям Бернс январ ойида 315 минг россиялик ҳарбий ҳалок бўлгани ҳақида гапирди, Германия канцлери Олаф Шолц эса Россия Украинада ҳар ой 24 минг аскарини йўқотаётганини айтди.
Украина қуролли кучларининг бу вақт ичида йўқотишлари ҳақида ҳам расмий маълумотлар йўқ. 2024 йил февралида Украина президенти Володимир Зеленский илк бор 31 минг украиналик аскар ҳалок бўлганини эълон қилган эди.
Мавзуга оид
22:23
Россия «Рубеж»ни ишга солди. Бу ракета ядровий каллакни ҳам олиб уча олади
16:43
Россия Украинага қитъалараро баллистик ракета билан ҳужум қилди — УҲК
15:39
Сўровлар: Украина ва Россияда кўпчилик тинчлик музокараларини хоҳлаяпти
22:12 / 20.11.2024