Жаҳон | 11:55 / 20.07.2024
4246
3 дақиқада ўқилади

Юзлаб компаниялар глобал узилишлар туфайли ўз фаолиятини тўхтатди

Кўпгина мамлакатларда Windows 10 операцион тизимидаги носозлик туфайли аэропортлар, банклар, оммавий ахборот воситалари ва дўконлар фаолияти тўхтаб қолди. Йирик авиакомпаниялар парвозларни тўхтатди.

Фото: AP

19 июн, жума куни кўплаб мамлакатларда Windows 10 операцион тизимидаги глобал носозлик туфайли аэропортлар, вокзаллар, банклар, супермаркетлар, телеканаллар ва давлат идоралари иши тўхтатилди.

Берлин аэропортида барча келиш ва кетишлар бир неча соатга тўхтатилди. Eurowings йўловчиларни узоқ кечикишлар ҳақида огоҳлантирди. KLM ўз фаолиятини бутунлай тўхтатди. Швейцариянинг Swiss ширкати бу унга таъсир қилмаганини айтди, бироқ ҳамкор компаниялар билан боғлиқ муаммолар туфайли парвозлар кечиктирилди.

Кенг тарқалган носозлик

Умуман олганда, узилишлар АҚШ, Австралия, Янги Зеландия, Япония, Ҳиндистон, Ҳонгконг, Туркия, Исроил, ЖАР, Британия ва бошқа Европа мамлакатларидаги компанияларга таъсир кўрсатди. Лондон фонд биржаси янгиликлар чоп этишни тўхтатди. Британиянинг Sky News телеканали ва бошқа бир қанча мамлакатлардаги телеканаллар эфирга чиқа олмади. Гаджетларда кўк экран пайдо бўлди: "Компютерингизга зарар етказмаслик учун Windows тўхтатилди", деб хабар беради Sky News.

Американинг Microsoft корпорацияси Windows 10 операцион тизими CrowdStrike антивирус янгиланишидаги хато туфайли ишдан чиққани ҳақида хабар берди. Компаниянинг таъкидлашича, бу киберҳужум эмас ва ҳозирданоқ "оқибатларни юмшатиш чоралари" кўрилмоқда. CrowdStrike хатолик Windows янгиланишларини юбориш билан боғлиқлигини тасдиқлади. Бош директор Жорж Курц шундай деди: "Муаммо аниқланди, ажратилди ва тузатилди. Биз мижозларни сўнгги янгиланишлар учун қўллаб-қувватлаш порталига йўналтирмоқдамиз ва веб-сайтимизда тўлиқ, доимий янгиланишларни тақдим этишда давом этамиз. Бизнинг жамоамиз CrowdStrike мижозларининг хавфсизлиги ва барқарорлиги учун сафарбар этилган".

Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги глобал узилишлар фонида мамлакат аэропортларида техник носозликлар ҳақида ҳеч қандай хабар олмаганини айтди. "Майкрософт" билан боғлиқ вазият, биринчи навбатда, муҳим ахборот инфратузилмаси объектларида хорижий дастурий таъминот импорти ўрнини босиш муҳимлигини яна бир бор кўрсатмоқда", - дея таъкидлади Рақамли ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати. Москванинг "Домодедово" аэропорти носозлик унга таъсир қилмаганини тасдиқлади.

Мавзуга оид