Ливия инқирози: Қаззофийнинг сиёсати, ағдарилиши ва ундан кейинги бўлиниш
“Араб баҳори” вақтида юз берган инқилоблардан ҳеч бири ўйлаган мақсадига эришмади. Ливия ҳам шу давлатлар қаторида эди. 42 йил ҳукмронлик қилган диктатор Муаммар Қаззофий ағдарилган бўлса-да, бу Ливия халқига рўшнолик келтирмади. “Геосиёсат” Яқин Шарқ масалалари бўйича экспертлар билан Ливия инқирози ва Қаззофийнинг сиёсатини таҳлил қилди.
— Ливияда фуқаролар уруши қандай бошланди?
Бектош Бердиев: — Қаззофий ўртаҳол, камбағалроқ оиладан чиққан, алоҳида харизалари билан ажралиб турарди. Ҳокимиятга келгач, Ғарб давлатларига қарши сиёсат олиб борди, биринчи навбатда уларнинг инвестицияларини миллийлаштирди, яъни Ливиядаги чет эл нефт компаниялари активларини тортиб олди. Қаззофий билардики, Европа давлатлари Ливия нефтига муҳтож, Ўрта Ер денгизи томондан Европага энг яқин нефт-газ потенциали Ливияда эди. Қаззофий дунё бозорида нефт нархи ошиб боришидан яхши фойдаланиб, мамлакатни иқтисодий ва мавқе жиҳатдан ўстирди. Лекин шу сабаблар Ғарб давлатлари билан муносабатлар ёмонлашувига, Қаззофийга тиш қайрашига олиб келди. Қаззофийнинг катта миқдорда нефт сотиши баъзи араб давлатлари ва баъзи OPECʼга аъзо давлатларга ёқмасди. Бундан ташқари, Қаззофий Ғарбга қарши баъзи кампанияларни ҳам молиялаштирган. Бу оқибатида келиб чиққан фожиалар учун на жавогарликни тан оларди, на кечирим сўрарди. Ғарбга яна бир ёқмайдиган томони олдин Совет иттифоқи, кейин Россия билан яқин бўлгани ва араб социализми ғоясини илгари суриши эди. Шу каби сабаблар туфайли Ғарб давлатлари билан муносабатлар совиди.
Лекин Қаззофий қўлидаги катта молиявий ресурс Ғарб давлатларида қизиқиш уйғотарди. Қаззофий Ғарб давлатлари банкларига катта миқдорда пуллар қўяр, бундан улар фойдаланарди. Ҳатто Саркозининг сайловолди кампаниясини ҳам Қаззофий молиялаштиргани ҳақида гаплар чиққан эди. Британия собиқ бош вазири Тони Блерни ўзига маслаҳатчи сифатида ёллагани хақида ҳам гаплар бор эди.
Россиялик экспертлар томонидан илгари суриладиган Қадим Нубия ҳудудидаги (Чат, Судан,Ливия, Миср) чучук ерости сувлари манбаси ҳақида гаплар бор. Бу сув захираси Байеал кўли сувига тенг ҳам дейилади. Бу нефтдан ҳам қимматроқ ресурс ҳисобланади. Қаззофий шу мувлар орқали ерости дарёлари қуриб, Ливия қишлоқ хўжалигини ҳам ривожлантириб, мамлакат иқтисодини кўтарувчи катта лойиҳалар бошлаганди. Бу Ғарб давлатларига ёқмасди. Араб давлатларини танқид қилгани учун уларга ҳам ёқмас эди.
— Қаззофий Ғарбга, Исроилга қарши баёнотлари билан ҳам кўп эсланади. Шу мавзуга ҳам тўхталсак.
Фарҳод Каримов: — Қаззофий Ғарб давлатлари Африка мамлакатларининг ресурслари ҳисобига шундай қудратли бўлганини қайта-қайта такрорларди. Шундай имкониятларни Африканинг ўзида қолдириб, кучли интеграцион минтақа яратиш мумкинлигини айтган, бунга кўнмаган давлатларни эса хоинликда айблаган. Шундай чиқишлари билан ҳам ўзига хос статусга эга шахс сифатида шаклланган.
Бошқа араб давлатларида унга “Телба Муаммар” деб лақаб ҳам қўйилган, чунки унинг халқона чиқишларини ўз жамиятига таъсир қилдирмаслик керак эди. Шу сабаб телба шахс сифатида тасвирлашган уни. Қаззофий интеграция бўлган Африка давлатлари бирлашмасини шакллантиришга бўлган ҳаракатлари билан ҳам машҳур бўлган. Лекин бу машҳурлик ўзига қарши ишлади. 70-йилларда бошлаган ислоҳотларига кейинчалик ўзи амал қилмасликни бошлади. Ижтимоий, ҳамма тенг бўлган давлат тузишга ҳаракат қилди, аммо коррупция кўпайди, ўз қариндошлари, қабиладошларига кўплаб имкониятлар бериб, непотизмга йўл қўйди. Бошида хусусий мулкка рухсат йўқ эди, аммо Совет иттифоқи заифлашгач, 80-йиллар охирига рухсат берилади Ливияда ҳам. Хусусий мулк кўпаяди, инвестициялар киради. Лекин у ўз яқинларига беради кўпроқ секторларни. Айрим этник гуруҳларни тан олмайди, масалан, берберларни тан олмай, бундай халқ йўқ, дейди. Натижада ижтимоий бўлинишлар, Қаззофий сиёсатини қўлламасликка олиб келади. Нефт-газ компаниялари қариндошларига ўтиб кетади, қурилиш компаниялари собиқ қуролдошларига, қабиладошларига ўтади. Оқибатда ички душманлар ҳам кўпаяди Қаззофийга.
Унинг ноодатий қарорлари ҳам бўлади. Масалан, аёллардан иборат қўриқчилар гвардияси тузади, фақатгина оқ танли аёл шифокорлар даволайди уни. У шариатга мос бўлган принциплар билан бошқаришни айтади, аммо ўзи бунга зид ишлар қилади. Шу сабаб уни қўлловчилар камаяди.
Лекин унинг ижтимоий сиёсати бошида яхши иш берган. Таълим, тиббиёт каби соҳалар текин бўлган, жон бошига камида минг доллар маош тайинланган, 80 фоиз аҳоли қашшоқликдан чиққан. Ўзи ёқтирмайдиган қабилалар яшайдиган ҳудудларга бу сиёсат унчалик етиб бормаган, кейинчалик бу нарса кенгайиб кетган ва тамойиллари ўзига қарши ишлай бошлаган.
Мухтор Назиров: — Қаззофий жамахирия сиёсий тузумини ўрнатади, дунёда бошқа бундай тузум йўқ. Қаззофий ҳеч қачон анъанавий расмий кийим киймаган, бадавийларга хос кийинган ва шундай сиёсий маданият олиб киришга ҳаракат қилган. Жамахирия ҳам социалистик тузум бўлган, Совет иттифоқи яқин ҳамкор сифатида кўрилган.
Қаззофийнинг миллийлаштириш сиёсати ҳам қабила-уруғчиликка асосланган эди. Қаззофий Ғарбга қарши бўлган давлатларни, кучларни қўллаши, баёнотлар бериши Ғарбга ёқмас эди. У қўллаган кучлар томонидан Британияда самолёт уриб туширилиши каби ҳолатлар сабаб Ливияга нисбатан 2 марта БМТ санкциялари қўлланган. Шу санкциялар сабаб ҳам Қаззофий Африка интеграцияси бўйича лойиҳаларни кучлироқ илгари сурди.
Чат билан чегара муаммолари, Франция молиялаштирган бизнес объектлари жойлашган ерлардаги исёнчиларни қўллаши ҳам АҚШ, Британия, Францияни Ливияга қарши қилиб қўяди. Бундан ташқари, Ўртаер денгизида энг катта соҳил Ливияга тегишли, Ғарб давлатлари энергетик томондан бошқа давлатларга боғланган, шу сабаб ҳам Қаззофий сиёсатига таъсир қилишга уринишган. Европага борувчи муҳожирлар ҳам энг кўп Ливия орқали ўтади.
Совет иттифоқи қулагач, Қаззофий хам ўзгара бошлади. Баъзи терактларда алоқадорлигини тан олиб, компенсация ҳам тўлаган. Муносабатларда тарангликдан чиқишга ҳаракат қилган. Аммо минтақадаги геосиёсий жараёнлар Ливияни ҳам четлаб ўтмади ва шунинг қурбони бўлди.
— 1986 йилда АҚШ Триполини бомбардимон қилади, лекин мақсадига эришолмайди. Ўша пайт нега уруш кенгайиб кетмаган, сабаблари нимада?
Бектош Бердиев: — У вақтда Ўртаер денгизида АҚШ базалари кам эди. Бундан ташқари, Ливияда Совет иттифоқидан олинган ҳаво мудофаа тизимлари бор эди, буни ёриб ўтадиган ҳужум эса катта бўлиши керак эди. Яна бир омил шуки, ўша пайтда ҳамма Ғарб давлатлари ҳам АҚШни қўлламаган. Чунки Европа давлатлари Ливиядан келадиган энергия ресурслари узилишидан хавотирда эди. Шундоқ ҳам Эрон-Ироқ уруши нефт экспортини қийинлаштираётган эди.
Триполига ҳужум, Қаззофийга суиқасдларда Совет иттифоқи разведкаси катта ёрдам берган. Совет иттифоқи омили ҳам АҚШни тийиб турган.
Мухтор Назиров: — Иқтисодий омил ҳам бор. АҚШ 2003 йилда Ироққа кирганда ҳамма Ғарб давлатлари ҳам қўлламаган, Франция, Германия қарши чиққан. Ливия масаласида ҳам шундай. Ливия географик Италияга яқин, икки давлат ўртасида газ қувурлари ҳам қурилган ўз вақтида. Шу каби иқтисодий омиллар ҳам таъсир қилган.
Фарҳод Каримов: — Сиёсий манфаатлар ҳам бор. Чат урушидан кейин аскарлар олиб чиқишда баъзи қолиб кетган аскарлардан воз ҳам кечилган. Қизиғи, у ерда генерал Ҳафтар ҳам бўлган яқин дўсти бўлган. 80-йиллар охирида позициялари ўзгарган Қаззофийнинг, Ғарб билан яқинлашишни кўтарган. Унгача АҚШ Қаззофига оппонент бўлган сиёсий шахсларни шакллантиришга уринган, генерал Ҳафтар шулар жумласидан. Қаззофийнинг Ғарбга нисбатан позицияси юмшагач, АҚШ ва Ғарб у билан қарама-қаршиликни эскалация қилишдан қочган. Қаззофий юмшашига яна бир сабаб Совет иттифоқи уни тўлиқ қўллашини айтмаган, чунки иттифоқ Афғонистонда уруш олиб бораётган эди, яъни муаммолари етарли бўлган.
Аммо 90-йиллар охири, 2000-йилларга келиб вазият яна эски ҳолга қайтди. Шундан кейин АҚШ ва унинг иттифоқчилари Ливияга киради.
— Триполи хартиясига қисқача тўхталсак.
Фарҳод Каримов: — Бу ғоя ўзи, араб давлатлари мустақил бўлгач бирлаша бошлайди, Исроил билан можароларга боғлиқ бу. Исроил билан урушларда мағлуб бўлгач, араб давлатлари бирлашмоқчи бўлади ва Ливия етакчилик қилади бунда. Триполини Исроилга қарши араб бирлиги маркази сифатида эълон қилади. Лекин бу хартия охиригача бормади. Чунки Сурия ва Мисрни бирлаштирувчи умумий ҳудуд кейинчалик барибир 2 га бўлиниб кетди, у ерда Ҳофиз Асад ҳокимиятга келади. Форс кўрфазида катта нефт захиралари аниқланиб, Ғарб давлатлари кириб келиши ҳам бунга сабаб бўлади. Форс кўрфази араб давлатлари Ғарбга юзланади, панарабистик ва социалистик араб давлатлари эса хартияда қолади. Хартияда яна келишмовчилик бўлади, Ҳофиз Асад хартиядаги бошқа давлатлар билан рақобатга кириша бошлайди, Қаззофий билан ҳам рақобат бўлади кейинчалик. Қаззофий ва бошқа социалистик давлатлар амбициялари, Мисрнинг Ғарбга нисбатан мойиллик билдириши, Кемп Девид шартномаси имзоланиши билан хартияда асосий қонун-қоидалардан воз кечилади.
— Қаззофий ҳокимиятининг йиқилиши қандай кечганди? Фуқаролар уруши ва “Араб баҳори” ҳақида ҳам тўхталсак.
Бектош Бердиев: — “Араб баҳори”га қадар Қаззофий ҳокимияти йиқилиши пишиб етилган. Чунки унинг сиёсати Ғарбга умуман ёқмасди, геосиёсий таранглик бор эди. Анча катта баёнотлар билан чиқарди Ғарбга нисбатан, араб монархларини ҳам танқид қиларди, Ғарбга хизмат қилишда айблаб. Узоқ йиллик ҳокимияти давомида замонавий, эркин фикрли ёшларни, сиёсатчиларни хорижга қувиб юборган ёки қамоққа олган, ўлдирган, сўз ва сиёсий эркинлик бўғилган. Шу сабаблар билан ички жамиятнинг ҳам сабри тугаган эди. Ижтимоий, иқтисодий имкониятлар яхши бўлгани билан сўз ва сиёсий эркинлик йўқлиги сабаб мухолифлар шаклланганди.
“Араб баҳори” бошлангач, Ғарб давлатлари томонидан тайёрланган мухолиф кучлар кириб келди, бу тан олинмайди аслида. Шундай кучлар қўзғолон бошлади, Қаззофий эса жазоловчи армиясини ишга солди. Бу армиянинг ваҳшийликлари бутун дунёда кўрсатилди. Қаззофийнинг ўзи ҳам жараёнларни назорат қилолмай қолди, бошқарув аппарати суст экани кўриниб қолди. Ёш қатлам Қаззофийга қарши чиқди, шаҳарларни босиб ола бошлади, ташқи таъсир ҳам бўлди. Ғарб давлатлари Қаззофий авиациясини учолмайдиган қилиб қўйди, ҳудудни учиш тақиқланган ҳудудга айлантириб. НАТОнинг ҳаво кучлари Қаззофий армиясига катта зарбалар берди. Қаззофий армияси қуроллари эски экани, бошқарув аппарати заиф экани кўриниб қолди. Охири эса фожиа билан тугади.
Фарҳод Каримов: — Ички сиёсат ҳам бор эди. Қаззофийнинг этно сиёсий қарашлари, яъни маълум бир уруғ-қабилаларга имтиёзлар бериши, бошкаларини эса тан олмаслиги сабаб мамлакат ичида бўлиниш бор эди. Қаззофийнинг ижтимоий сиёсати асосан ғарбий Ливияда ишлайди, шарқий қисмда эса бундай назорат йук эди, 40 фоиз аҳоли қашшоқликда яшарди. Бу нарса ҳукуматга нисбатан ишончсизлик ва нафратни шакллантирган, “Араб баҳори” эса фақат туртки бўлди.
Яна бир омил – ишсизлик. Шунча ишсиз аҳоли бўлса ҳам, нефт ва бошқа корхоналарга мутахассисларни бошқа давлатлардан олиб келарди. Бу ҳам унга нисбатан нафрат уйғотган. Ёшларнинг ишончсизлиги ҳам шундан шаклланган.
Катта ресурслар Қаззофий оиласи вакилларига тегишли бўлиб қолди, қолганлар ҳукуматдан ҳам, ресурсларга эгаликдан ҳам четлатилди. Шу каби бир қанча сабаблар билан Ливияда вазият пишиб етилганди. “Араб баҳори”гача ҳам неча марталаб Қаззофийга суиқасдлар уюштирилган.
Ливияда 6 млн аҳоли яшайди, ҳудуд эса катта, назорат қилиб бўлмасди. Тунисда “Aраб баҳори” бошлангач, Ливияга ҳам қўзғолончилар ўтади, ҳокимият ағдарилиши фақат ливияликлар томонидан бўлмаган, ёлланма гуруҳлар бўлган.
Мухтор Назиров: — Бир шахснинг 42 йил ҳукуматда қолиши легитимлигини пасайтиради халқ олдида. Ҳукуматда непотизмга йўл қўйиши, ижтимоий лифт ишламаслиги масалалари ҳам бор эди. Четда ўқиган кўп ливияликлар у ерга қайтмасликни маъқул кўрган.
Ливиядаги қўзғолончиларнинг аксарияти ёшлар бўлса ҳам, куч ишлатувчи қўзғолончилар ташқаридан келганлар бўлган, дейилади. Асосий қўзғатувчи куч Ливиянинг ўзидан бўлмагани ҳақида ҳам маълумотлар бор, лекин бунга қарши турадиган кайфият ҳам бўлмаган Ливияда.
“Араб баҳори” катта ҳудудда бўлди араб давлатларида. Ливиядаги етилиб турган норозилик, ҳукуматнинг намойишчиларга куч ишлатиши, Ғарб томонидан қўлланиши кабилар билан аланга олди бу ерда. Қисқа вақт ичида ҳокимият ўзгарди. Бу жараёнда араб давлатлари Қаззофий тарафида бўлмади, чунки юқорида айтилгандек, уларни танқид қилган, минтақада ўзи лидер бўлишга интилган.
— Қаззофийда куч, ресурс бўлган пайтда нега Исроилга амалий қарши чиқмаган?
Бектош Бердиев: — Ливия Исроилга қарши сиёсат олиб борарди, араб давлатлари томонидан суриладиган умумий ғояларга эргашмасди унча. Шунинг учун Совет иттифоқи билан муносабатларни сақлаб, ундан ёрдам оларди техник-технологик, мутахассислар борасида. Исроилга ҳужум қилиш учун Ливиянинг ҳарбий технологиялари тўғри келмасди, иқтисодий кучи бўлса ҳам. Совет иттифоқи қўллагани билан тўлиқ ҳимоя қиладиган даражада эмасди, Исроилни эса АҚШ тўлиқ қўллаган доим.
Фарҳод Каримов: — Қаззофий ҳокимиятга келгунча араблар Исроилдан бир неча бор мағлуб бўлиб бўлганди. Саддам Ҳусайн бор эди, аммо у ўзи билан ўзи овора эди, минтақа давлатлари билан, Эрон билан рақобатда эди. Шундай вазиятда Исроилга ҳужум қилишга тайёр эмасди у ҳам. Шу сабаб Қаззофий ёлғизланиб қолди ва имкониятлари ҳам йўқ эди.
— Қаззофий долларда савдони чеклаб, нефт савдосида арабларнинг ўз тузумини яратишга ҳаракат қилган, дейилади. Булар қанчалик ҳақиқатга яқин?
Фарҳод Каримов: — Қаззофий доим чиқишларида АҚШ доллари кириб келгани қарамликни оширишини айтган. OPECʼга ҳам қарши бўлган у. Унинг энг катта қўрқуви АҚШ доллари эди, у ўз миллий валютасида сотиш масаласини ҳам кўтаради. Аммо амалда бўлмайди, чунки Қаззофий ўзи сотиб оладиган ҳамма нарса долларда келарди.
У доимий Ғарб молиявий тизимига чек қўйишни илгари суради. Нефтни араб давлатларининг ўз миллий валютасида сотиши таклифларини араб давлатлари қўлламайди.
Мухтор Назиров: — 2006 йилдагина Ливияга санкциялар юмшади, унгача 80-йиллар охиридан бери санкцияларда эди. Узоқ муддатли ёпиқликда бўлиши ҳам унга психологик таъсир ўтказган деб ўйлайман. АҚШ долларидан воз кечиш режаси эса нореал эди, ҳатто бугун БРИКС ҳам бу ишни қилолганича йўқ. Қаззофийнинг бу борадаги баёнотлари кучли бўлса ҳам, амалий асослари йўқ эди. Бошқа араб давлатлари эса прагматик ёндашиб бу таклифни рад этади.
— Қаззофийнинг 2009 йил БМТ саммитидаги нутқини эсласак.
Фарҳод Каримов: — Ўша нутқ БМТдаги охирги нутқи бўлган. Бир неча соат гапирган, залдаги кўпчилик тарк этган ҳам. Ўз концепциялари, “Араб баҳори”, араб дунёсида юзага келган беқарорлик, АҚШ ва Ғарб ҳаракатлари — ҳамма нарсани гапиради. Аммо бу нутқда аниқ бир стратегик мақсад йўқ эди, фақат ёмонлаш, кимнидир айблаш эди.
Ўша нутқда бутун Европани Ливия ушлаб турибди, агар Ливия мигрантларни ўтказиб юборса, бутун Европани мигрантлар босишини айтади. Бутун нохушликларда Ғарбни айблаб, жавоб бермаётганини айтади.
Умуман, нутқ яхши бошланган, керакли нуқталарга ҳам тўхталади. Аммо унинг Ғарб хатолари, айбларини такрор айтавериши нутқнинг кучини туширган. Қаззофий бу нутқ билан ўз ожизлигини кўрсатиб қўйди, чунки аниқ режалар, стратегия беролмади. Ливияликларга ҳам бу таъсир қилди, улар ҳам давлат раҳбарининг ожизлигини кўрди. Ишончсизлик янада ортди.
Мухтор Назиров: — 2006 йилда санкциялар олингач, Ливия Ғарб билан дипломатик алоқаларни тиклай бошлади. Лекин Қаззофий тарихни кўтариш сиёсатидан бора бошлади. Колониялаштиришдаги ишлар, бомбардимон қилгани каби ишлар учун товон тўлашни сўрай бошлади. Бир қутблилик сиёсатни танқид қилди. Африка давлатлари бирлашишни, олтин динор валютасини жорий қилишни кўтаради яна.
— Қаззофийдан кейин ҳозир Ливияда қўшҳокимлик юзага келган. Инқилобдан аввалги ва кейинги Ливияни таққосласак.
Бектош Бердиев: — Қаззофийдан кейинги Ливияга нисбатан ёндашувлар турлича, худди собиқ Совет иттифоқи давлатлари жамиятидаги каби. Ливиянинг йўқотишлари ҳам, янги имкониятлари ҳам бор.
Тўғри, давлат бўлиниб кетди. Лекин баъзи ливиялик айтишича, бу фожиа эмас, улар доимий ички бўлинишлар билан яшаган қабилалар. Ижтимоий сиёсат бўйича катта йўқотиш бор давлатда. Энг кам иш ҳақи минг доллар эди, ишсизлик учун 600-700 доллар нафақа бериларди, ёшлар хоҳлаган чет давлатда ўқиши мумкин ва бунинг харажатларини давлат тўлар эди, таълим, тиббиёт бутунлай бепул эди.
Аммо ливияликлар бизда сиёсий ва сўз эркинлиги йўқ эди, энди дунёга очилдик, дунёдаги геосиёсий жараёнларни бемалол кўра оляпмиз, сиёсий фикримизни билдиряпмиз, дейди. Барибир йўқотишлар катта бўлди, нотинчлик давом этяпти ҳали ҳам, давоат ҳудудида геосиёсий рақобат кучаймоқда. Мамлакатда нефт сотилади, лекин унинг пули қаерга кетаётгани номаълум. Бундан ташқари, диний радикалларнинг таъсири ошяпти. Ижтимоий, сиёсий, маънавий, маданий жиҳатдан йўқотишлари катта.
— Халифа Ҳафтар ким ўзи?
Фарҳод Каримов: — Ҳафтар Қаззофий билан жуда яқин бўлган, уни сиёсий ўғлим деб ҳам атаган Қаззофий. Чатдаги мағлубиятидан кейин Ҳафтардан воз кечади, шундан кейин ўртада конфликт пайдо бўлади. Бундан ташқаридаги кучлар унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Асирга тушган Ҳафтарни олиб кетиб сиёсий бошпана беришади АҚШда, АҚШ фуқаролигини ҳам олади. Махсус хизматлар орқали Ливияга олиб келиниб бир неча бор ҳукуматни эгаллашга ҳаракат ҳам қилади.
2011 йилда АҚШ коалицияси кириши, Қаззофий ўлдирилиши, ҳокимият эгасиз қолиб кетиши оқибатида яна Ливияга келади Ҳафтар. У бир вақтнинг ўзида АҚШ ва унга рақобатчи бўлган давлатлар билан яхши муносабатда бўлади. Ҳафтар ўзи Совет иттифоқида ҳарбий таълим олган. Ҳокимиятга келишидан олдин Шойгу ва Лавров билан ҳам учрашади.
— Ҳафтар ўзи қайси томонни танлаган, Россиями ёки АҚШ?
Фарҳод Каримов: — Ҳокимиятни эгаллаш учун куч йиғганда унга АҚШ ва Ғарб ёрдам беради. “Араб баҳори”дан кейин Триполида ўзи Ғарбга мойил ҳукумат шаклланади, шу сабаб Ғарбга Ҳафтардан кўра ўша ҳокимият қулай бўлади. Бундан ташқари, Ҳафтарнинг ўзи ҳам шошқалоқлик қилиб АҚШдан бошқа кучлардан ёрдам излайди, шу сабабдан ҳам ундан узоқлашади. У Путин билан ҳам гаплашади ва буни бутун дунёга ошкор қилади, бу ҳаракатлари унинг АҚШ рақобатчилари томонга ўтганини кўрсатади. АҚШ ҳозирги муваққат ҳукуматни қўллайди ва уларга ҳукуматни шакллантиришда ёрдам беради.
Ҳафтар катта ҳудудларни назоратига олади, у ерларда асосий нефт захиралари бор эди. Нефт қазиб олишда Россия билан ҳамкорлик қила бошлайди. Ҳафтар қўлида катта капитал пайдо бўлади. Шундан кейин дунё давлатлари Ҳафьар билан ҳам мулоқотга киришади. Унинг атрофида катта жипслашув ҳам бор, Триполидаги ҳокимиятда эса ҳали ҳам этник ва сиёсий гуруҳлар ўртасида келишмовчиликлар бор. Бугун Ҳафтар катта сиёсий куч сифатида шаклланди, унга Ливияни бирлаштириши мумкин бўлган шахс сифатида қаралмоқда ва у билан мулоқот қилиняпти.
Мухтор Назиров: — Ливияда ҳокимият иккита ҳозир, назоратда бўлмаган ҳудудлар ҳам бор. Лекин 90 фоиз ҳудудни Ҳафтар назорат қилади. Ҳафтарнинг назорати кучли бўлса ҳам, ташқи дунё билан бутун Ливия номидан иш кўра оладиган ҳукумат мавжуд йўқ, деб ўйлайман. Триполидаги ҳокимиятни Ғарб, Туркия ва Қатар каби давлатлар қўллайди. Араб давлатлари ўртасида ҳам зиддият бор. Миср ва Саудия Ҳафтарни қўллайди. Умуман, 90 фоиз ҳудудни назорат қилса ҳам, ягона куч маркази Ҳафтар эмас деб ўйлайман.
Фарҳод Каримов: — Туркиянинг ҳам позициялари ўзгарган. У ҳозир 40 дан ортиқ лойиҳаларни ютиб олган, Ҳафтар билан муносабатлари яхшиланяпти. Асосий лойиҳаларни Туркия амалга оширяпти у ерда.
Бектош Бердиев: — Шундай геосиёсий ҳолат вужудга келдики, Ливияда анъанавий иштирокчилар орқа фонда қолиб, янги иштирокчилар бўлган Россия ва Туркия кириб боряпти.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
12:33 / 06.11.2024
БМТ: Йил бошидан бери Ливияда миналар портлаши оқибатида 16 киши ҳалок бўлди
21:46 / 05.11.2024
«Трамп президент бўлса, Яқин Шарқдаги вазият қийинлашади» — Камолиддин Раббимов
15:24 / 03.11.2024
Гуржистон ва Молдова сайловлари: Европа орзуси орзулигича қолдими?
19:21 / 01.11.2024