“Humo” тўлов тизими операторини сотиш жараёни бошланди – Давактив
“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (Humo) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш учун савдо жараёнлари бошланди. Савдо жараёни манфаатдор томонлар учун очиқ бўлган музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш усули асосида ташкил этилади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (Humo тўлов тизими) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш жараёнлари бошланганини маълум қилди.
Сотиш жараёни барча манфаатдор томонлар учун очиқ бўлган музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш усули асосида ташкил этилади.
“Deloitte” халқаро компанияси ушбу битим бўйича Давактив агентлигининг хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.
Савдо жараёни уч босқичда амалга оширилади, жумладан cотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш, мажбуриятга эга бўлмаган таклиф ҳамда мажбуриятга эга бўлган таклиф тақдим этиш босқичлари. Якуний босқичда талабгорлар томонидан таклиф этиладиган қатъий нарх таклифининг камида 1 фоизи кафолатли тўлов сифатида амалга оширилиши белгиланади.
Давлат активини сотиб олган инвестордан тўлов тизими оператори сифатида “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонун, “Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги низом ва бошқа тўлов тизимига тегишли қонунчилик талабларига, хусусан жамиятнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклига, устав фонди миқдорига, ташкилий, техник, хавфсизлик ҳамда фаолиятнинг узлуксизлигига доир талабларга қатъий риоя этган ҳолда фаолиятини олиб бориши талаб этилади.
Мажбуриятга эга бўлмаган таклиф босқичига ўтган талабгорлар билан, мажбуриятга эга бўлмаган таклифларни тақдим этишларидан аввал активни сотиб олиш ва унинг келгусидаги фаолияти бўйича асосий шартлар акс эттирилган келишув имзоланиши мумкин.
Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек, йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши лозим (тўлиқ талаблар билан Давактив эълонида батафсил танишиш мумкин).
Талабгорлар қизиқиш билдириши тўғрисидаги аризаларини хоҳишларига кўра ўзбек, рус ёки инглиз тилларида тайёрлаб, 2024 йил 22 август соат 18:00 га (Тошкент вақти билан) қадар jmamadjanov@deloitte.uz электрон почта манзилига юборишлари лозим.
“Humo” тўлов тизими ҳақида
“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ – банк тўлов карталарига асосланган “Humo” тўлов тизими Ўзбекистонда ва хорижда операцияларни амалга оширишга мўлжалланган бўлиб, Ўзбекистон тўлов тизимининг таркибий қисми ҳисобланади. Жамият тўлов тизимининг оператори фаолиятини амалга оширишга доир Марказий банкнинг тегишли лицензиясига эга. Устав капитали: 155,4 млрд сўм;
Айни пайтда 27 миллиондан ортиқ “Humo” карталари чиқарилган бўлиб, 210 мингдан ортиқ терминал ва 6,4 мингдан ортиқ банкоматлар ўрнатилган.
Аввалроқ, “Humo” тўлов тизими оператори акциядорлик жамиятига айлантирилгани хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, апрел ойида Ўзбекистонда янги хусусийлаштириш дастури эълон қилинганди. Ундан бир қатор йирик давлат корхоналари қаторида “Humo” тўлов тизимини ҳам хусусийлаштириш режалари ўрин олган.
Мавзуга оид
14:30 / 27.08.2024
Kaspi.kz «Humo» тўлов тизимини хусусийлаштиришда иштирок этиши мумкин
10:14 / 01.07.2024
«Фотон» АЖ устав капиталидаги 85,6 фоиз давлат улуши хусусийлаштирилди
16:43 / 14.05.2024
“Humo” тўлов тизими оператори акциядорлик жамиятига айлантирилди – Давактив
17:17 / 03.05.2024