Исроил ҲАМАС гаровга олганларни озод қилиш бўйича музокараларни қайта бошлайди
Исроил гаровга олинганларни озод қилиш бўйича ҲАМАС ҳаракати билан билвосита музокараларнинг янги босқичи учун Қатарга делегация юборади. Делегацияга Исроил разведка хизмати - «Моссад» директори бошчилик қилади.
Исроил гаровга олинганларни озод қилиш бўйича ҲАМАС ҳаракати билан билвосита музокараларнинг янги босқичи учун Қатарга делегация юборади. Бу ҳақда 21 июл, якшанба куни кечқурун dpa агентлиги хабар берди.
Делегация 25 июл, пайшанба куни Қатар пойтахти Доҳага жўнаб кетади ва унга Исроил разведка хизмати - «Моссад» директори Давид Барнеа бошчилик қилади. Бу делегацияни жўнатиш тўғрисидаги қарорни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўзининг энг яқин маслаҳатчилари билан бир неча соатлик маслаҳатлашувлардан сўнг қабул қилди, дея хабар беради ОАВ.
Маълумотларга кўра, Барнеа ўтган ҳафта Қатарга учиши керак эди, аммо унинг сафари қолдирилди. Шунингдек, АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) раҳбари Уилям Бернс Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларда иштирок этиш учун Доҳага бориши маълум қилинди. Қатар ва АҚШ Миср билан бирга бу музокараларда воситачилик қилмоқда.
Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокараларда олдинга силжиш
12 июл куни АҚШ президенти Жо Байден Исроил ҳукумати ва ҲАМАС ҳаракати раҳбарияти ўртасида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувлар доираси келишиб олинганини айтди. Шу билан бирга, Америка етакчисининг қўшимча қилишича, томонлар «ҳали қиладиган ишлар кўп».
7 июл куни бутун Исроил бўйлаб минглаб одамларнинг норозилик намойишлари бўлиб ўтди, унда мамлакат ҳукуматидан гаровга олинганларни озод этиш талаб қилинди. Намойишчилар, шунингдек, ҳукумат истеъфосини ва Кнессетга (мамлакат парламенти) муддатидан олдин сайловлар ўтказишни талаб қилишди. Намойишлар 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кейин роппа-роса тўққиз ой ўтиб ташкиллаштирилди.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 38 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
10:30
Халқаро суд қарори: Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
17:37 / 21.11.2024