«У дарҳол истеъфога чиқиши керак» — Байденнинг қарорига АҚШ ва дунёдаги реакциялар
АҚШ президенти Жо Байден президентлик пойгасида иштирок этишдан бош тортиши ва энди бор эътиборини муддатининг қолган қисмидаги президентлик мажбуриятларини бажаришга қаратишини эълон қилиши турлича реакцияларни келтириб чиқарди.
Доналд Трамп
АҚШ президентлигига номзод
Алдоқчи Жо Байден президентлик лавозимига номзод бўлишга ярамасди, лавозимга эса аниқ лойиқ эмасди — ва ҳеч қачон лойиқ ҳам бўлмаган! У президентлик лавозимига ўз ертўласидан чиқмаган ҳолда фақат ёлғон ва сохта хабарлар билан эга чиққан. Унинг атрофидагиларнинг барчаси, жумладан шифокори ва медиа ходимлари у президент бўлишга қодир эмаслигини билишарди ва у амалда ҳам қодир бўла олмади. Энди у мамлакатимиз билан нималар қилганига бир қаранг. Миллионлаб кишилар чегараларимизни бутунлай назоратсиз ва текширилмасдан кесиб ўтишмоқда, улардан кўпчилиги қамоқхоналардан, жиннихоналардан чиққан, рекорд миқдорда террорчилар кириб келмоқда. Биз унинг президентлигидан қаттиқ азият чекдик, аммо биз жуда тез фурсатда у етказган зарарни қоплаймиз. АМЕРИКАНИ ЯНА БУЮК ҚИЛАМИЗ!
Камала Ҳаррис
АҚШ вице-президенти
«Президентдан қўллов олиш мен учун катта шараф ва мен муносиб бўлиш ва бу номинацияни ютиб олиш ниятидаман. Сайловгача 107 кун қолди. Биз биргаликда курашамиз. Ва биргаликда ғолиб чиқамиз. <…> Ушбу фидокорона ва ватанпарварлик ҳаракати билан президент Байден бутун фаолияти давомида қилиб келган ишни яна бир бор такрорлади: Америка халқи ва мамлакатимизни ҳаммасидан устун қўйди. <…> У фавқулодда ютуқлари билан замонавий Америка тарихида тенгсиз бўлиб, икки муддат ишлаган кўплаб президентлар меросидан ҳам устунроқ. <…> Мен Доналд Трампни енгиш учун Демократик партия ва миллатимизни бирлаштириш йўлида қўлимдан келганини қиламан».
Володимир Зеленский
Украина президенти
Сўнгги йилларда кўплаб кучли қарорлар қабул қилинди, улар президент Байденнинг қийин даврларга жавобан дадил қадамлари сифатида эсда қолади. Ва биз унинг бугунги қийин, аммо кучли қарорини ҳурмат қиламиз. Биз доимо президент Байденнинг раҳбарлигидан миннатдормиз. У тарихдаги энг драматик паллаларда бизнинг мамлакатни қўллаб, бизга мамлактимиз Путин томонидан оккупация қилинишига йўл қўймасликда ва бу қўрқинчли уруш давомида ёрдам кўрсатди. Украина ва бутун Европадаги ҳозирги вазият ҳамон қийинлигича қолмоқда ва биз келгусида ҳам Американинг кучли раҳбарияти Россия ёвузлиги муваффақиятга эришишига тўсқинлик қилишда давом этишига умид қиламиз.
Дмитрий Песков
Кремл матбуот котиби
Сайловларга қадар ҳали тўрт ой бор ва бу кўп нарса ўзгариши мумкин бўлган муддат. Сабрли бўлиш ва буёғига нима бўлишини диққат билан кузатиш лозим. Биз учун биринчи навбатда — махсус ҳарбий амалиёт мақсадларига эришиш.
Майк Жонсон
Вакиллар палатаси спикери
Америка тарихидаги мисли кўрилмаган ушбу дақиқаларда биз ҳозиргина нималар бўлганини аниқ англашимиз керак. Демократик партия сайловга атиги 100 кун қолганида бюллетендан демократлар номзодини олиб ташлади. Жо Байденни демократларнинг президентликка номзоди сифатида танлаган 14 миллиондан ортиқ америкаликнинг овозларини бекор қилиш орқали ўзини «демократия партияси» деб номлаган кучлар тўғридан тўғри бунинг аксини исботлади. <…> Агар Жо Байден президентликка номзод бўла олмаса, унда у президент ҳам бўла олмайди. У зудлик билан истеъфога чиқиши керак.
Чак Шуммер
Сенатдаги демократлар етакчиси
Жо Байден нафақат буюк президент ва конгрессменларнинг буюк етакчиси, балки чиндан ҳам ҳайратланарли инсон. Унинг қарори, албатта, осон эмасди, аммо у яна бир бор ўз мамлакати, ўз партияси ва бизнинг келажагимизни биринчи ўринга қўйди.
Гэвин Нюсом
Калифорния губернатори
Президент Байден тарих яратган фавқулодда президент —меҳнаткаш инсонлар учун қаттиқ курашган ва барча америкаликлар учун ажойиб натижаларга эришган раҳбар. У тарихга энг ҳурматли ва фидокор президентлардан бири сифатида киради. Раҳмат, Жо Байден.
Доналд Туск
Полша бош вазири
Жаноб президент Жо Байден, сиз Полша, Америка ва бутун дунёни хавфсизроқ, демократия ва эркинликни — кучлироқ қилган кўплаб қийин қарорларни қабул қилгансиз. Мен биламанки, сиз сўнгги қарорингизни эълон қилаётиб ҳам худди шундай ҳаракат қилдингиз. Бу эҳтимол, ҳаётингиздаги энг қийини эди.
Жош Шапиро
Пенсилвания губернатори
Президент Байден — Сенатда, вице-президент сифатида ва замонавий тарихдаги энг нуфузли президентлардан бири сифатида мамлакатимизга шараф билан хизмат қилган ватанпарвар. Президент Байден мамлакатимизни олдинга бошлаш, демократиямиз ва ҳақиқий эркинликни ҳимоя қилиш учун ақл бовар қилмас даражада кўп ишларни амалга оширди.
Наоми Байден
Жо Байденнинг набираси
Бугун мен мамлакатимизга сидқидилдан хизмат қилган бувам, президентимиз Жо Байден билан шунчаки фахрланаман. У нафақат биз кўрган энг самарали президент бўлди, балки ўзини мамлакатимиз тарихидаги энг эффектив ва таъсирли давлат арбоби сифатида намоён этди. У том маънода мамлакатимиз ва дунё 50 йил давомида тўқнаш келган ҳар бир муҳим муаммо марказида турди ва уларга сезиларли таъсир кўрсатди. Унинг шарофати билан дунё бугун кўп жиҳатдан яхшироқ.
Берни Сандерс
сенатор
Жо Байден мамлакатимизга ҳалол ва муносиб хизмат қилди. Ўз вақтида иш ташлаган ишчилар билан пикетга чиққан бўлажак президент сифатида у замонавий Америка тарихидаги ишчилар синфининг асосий тарафдори эди. Қилинган барча ишлар учун раҳмат, жаноб президент.
Билл ва Ҳиллари Клинтон
АҚШнинг собиқ президенти ва АҚШнинг собиқ давлат котиби
Вице-президент Ҳаррисни қўллаб-қувватлашда президентга эргашиш биз учун шараф ва биз уни қўллаш учун қўлимиздан келганини қиламиз.
Элизабет Уоррен
сенатор
Сўнгги тўрт йилда у кўп нарсага эришди — иш ўринларини қайтарди, йирик корпорацияларга қарши турди ва иқтисодиётни барчамиз учун ишлайдиган қилиб қайтадан қурди. <…> . У 2020 йилда Доналд Трамп устидан қозонилган ғалаба учун ҳурматга лойиқдир ва унинг бугунги фидокорона қарори бизга буни 2024 йилда ҳам такрорлаш учун яхши имконият тақдим этди. Доналд Трамп ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун демократиямизни вайрон қилишга уринаётганида, Жо Байден демократиямизни сақлаб қолиш учун ўз ихтиёри билан бир четга чиқди. Президент Байденнинг фидойи ҳаракати — Қўшма Штатлар халқи учун катта совға бўлиб, биз уни беҳуда сарфламаслигимиз даркор.
Ричард Ҳадсон
Республикачилар партияси сайловолди штаби бошлиғи
Президентимиз лаёқатсиз, демократлар буни яшириш учун Америка халқини алдаётганини билишарди. Сайловчилар ўз ишончига қилинган хиёнатни кечирмайди ва унутмайди.
Барак Обама
АҚШнинг собиқ президенти
Жо Байден Американинг энг нуфузли президентларидан бири, шунингдек менинг қадрдон дўстим ва ҳамкорим. Бугун бизга яна бир бор у олий тоифадаги ватанпарвар эканини эслатди. <…> Кейинги кунларда биз ҳали ўрганилмаган сувларда саёҳат қиламиз. Аммо мен партиямиз етакчилари жараённи тўғри йўлга қўя олишига ва натижада ажойиб номзод пайдо бўлишига ишонаман. Мен ишонаманки, Жо Байденнинг ҳамма учун имкониятлар яратиладиган сахий, гуллаб-яшнаган ва якдил Америка ҳақидаги қарашлари Демократик партиянинг август ойидаги қурултойида тўла намоён бўлади.
Митч Макконнелл
Сенатдаги республикачилар етакчиси
Демократик партия бутун мамлакат бўйлаб биринчи сайловларда Америка халқи хоҳиш-иродаси устидан чизиш билан банд эди. Улар чегаралар очиқлиги, юқори нархлар, иқлим радикализми ва жиноятчиликка қарши юмшоқ сиёсатни сотадилар.
Эдгарс Ринкевичс
Латвия президенти
Сиёсат ҳеч қачон бундай қизиқарли бўлмаган.
Кир Стармер
Буюк Британия бош вазири
Мен президент Байденнинг қарорини ҳурмат қиламан ва умид қиламанки, биз унинг президентлик муддати якунига қадар бўлган даврда бирга ишлаймиз. Мен биламанки, у ўзнинг бутун ажойиб фаолияти давомида бўлгани каби Америка халқи учун яхши деб ҳисоблаган қарорини қабул қилди.
Олаф Шолц
Германия канцлери
Менинг дўстим Жо Байден кўп нарсага эришди: ўз мамлакати учун, Европа учун, бутун дунё учун. У туфайли трансатлантика ҳамкорлиги янада яқинлашди, НАТО кучлироқ бўлди, АҚШ эса — биз учун яхши ва умидли ҳамкорга айланди. Унинг ўз номзодини илгари сурмаслик қарори эътирофга лойиқ.
Кичик Роберт Кеннеди
АҚШ президентлигига мустақил номзод
Мен Байденнинг қарорини қўллаб-қувватлайман. <…> Мен Демократик партияни демократияга бўлган содиқлигига қайтишга ҳамда буни очиқ жараён орқали намойиш этишга чақираман. Демократик партиянинг Миллий қўмитаси элитаси томонидан танланган номзодни илгари суриш ўрнига, партия Доналд Трампни мағлуб эта оладиган номзодни аниқлаш учун бетараф сўровлардан фойдаланиши керак. Кейин делегатлар ушбу маълумотлар асосида номзодни танлаши лозим. Агар улар аввалбошдан шундай қилишганида, мен Демократик партиядан чиқишимга тўғри келмасди.
Алберт Гор
АҚШнинг собиқ вице-президенти
Президентлик лавозимида Жо Байден ажойиб етакчи бўлди ва шундай бўлиб қолади. У иқлим муаммолари соҳасидаги ечимларга энг катта инвестициялар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга ва имзоланишига масъул бўлди. У мамлактимизга пандемияни енгиб ўтишга ёрдам берди, бутун мамлакат бўйлаб америкаликлар учун яхши маошли иш ўринлари яратадиган иқтисодий тикланишни бошлаб берди ҳамда Американинг хориждаги мавқейини тиклади. Мен биламанки, у Америка халқига хизмат қилишни якунламади ва кейинги ойларда ҳам бу мамлакатга дононлик билан хизмат қилишда давом этади. <…> Мен унинг фидокорона қарорини олқишлайман.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
11:15 / 21.11.2024
Путин Трамп билан Украинада ўт очишни тўхтатишни муҳокама қилишга тайёр — Reuters
10:46 / 21.11.2024
АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам ажратилишини эълон қилди
10:31 / 21.11.2024