Жаҳон | 21:56 / 22.07.2024
3252
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Арманистон билан визасиз режим бўйича музокараларни бошлайди

Виза режимини бекор қилиш бўйича музокаралар одатда кўп йиллар давом этади. Якуний қарор учун Европа Иттифоқига аъзо барча давлатларнинг розилиги талаб қилинади.

Фото: Getty Images

Европа Иттифоқи Арманистон билан визасиз режим жорий этиш бўйича музокараларни бошлайди. Бу ҳақда Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян маълум қилди, деб ёзди Reuters.

Мирзоян бўлажак музокараларни «Арманистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги умумий қадриятлар ва тамойилларга асосланган шерикликни чуқурлаштиришдаги жуда муҳим босқич» деб атади.

Европа Иттифоқи билан виза режимини бекор қилиш бўйича музокаралар одатда кўп йиллар давом этади. Якуний қарор учун Европа Иттифоқига аъзо барча давлатларнинг розилиги талаб қилинади.

Ҳозир Европа Иттифоқи собиқ СССР таркибига кирган учта давлат - Молдова, Гуржистон ва Украина билан визасиз режимга эга. Эстония, Латвия ва Литва эса аллақачон Европа Иттифоқига аъзо бўлган. Арманистон сўнгги пайтларда Ғарб давлатлари билан алоқаларини мустаҳкамламоқда. Бу Россия билан муносабатларнинг ёмонлашуви фонида рўй бермоқда – Ереванда кўпчилик Москва Арманистонни Озарбойжон билан можарода қўллаб-қувватлаш бўйича иттифоқчилик мажбуриятларини бажармаган деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид