Жаҳон | 09:20 / 23.07.2024
3034
3 дақиқада ўқилади

Севастополда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 15 дан ортиқ дронни йўқ қилди

Севастопол «губернатори» Михаил Развожаев Украина Қуролли кучларини дрон ҳужумида айблади ва шикастланган объектлар йўқлигига ишонтирди.

Фото: Planet Labs PBC/AFP

Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ва радиоэлектрон кураш бўлинмалари Севастополга учувчисиз учиш аппаратларининг йирик ҳужумини қайтарди. Бу ҳақда Россия томонидан тайинланган шаҳар «губернатори» Михаил Развожаев ўзининг Telegram-каналида 23 июл, сешанбага ўтар кечаси айтиб, Украина Қуролли кучларини ҳужумда айблади.

«Дастлабки маълумотларга кўра, Шимолий томон ва Фиолент ҳудудларида ҳарбийлар акватория устида 15 дан ортиқ дронларни йўқ қилишган», — деб ёзди у Telegram-каналида. Развожаевнинг қўшимча қилишича, УУАдан бирининг парчалари қулаши натижасида юк машинаси ойнаси синган. «Иккинчи дрон парчалари бошқа ҳудуддаги уй яқинига тушди», — дейилади хабарда. Михаил Развожаевнинг аниқлик киритишича, «шаҳарда ҳеч қандай объект зарар кўрмаган», маҳаллий хизматлар эса «вазиятни кузатишда давом этмоқда». 

Бир кун аввал Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков Украина Қуролли кучлари томонидан Шебекино тумани ўққа тутилиши чоғида икки бола жароҳат олгани ҳақида хабар берган эди. Маҳаллий ҳукуматга кўра, сўнгги кунларда ҳудудга бир неча бор ҳужум қилинган. Гладковнинг сўзларига кўра, 22 июл куни кечқурун Борисовда дрон ҳужумлари натижасида яна икки киши жароҳатланган. 

Россия аввалроқ Украинага учувчисиз учоқлар ва ракеталар билан зарба берган

21 июлга ўтар кечаси Россия Украинадаги нишонларни ракета ва дронлардан ўққа тутди. Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчукнинг сўзларига кўра, Россия қўшинлари «Искандер-М» комплексларидан учирилган учта баллистик ракета, иккита Х-59/69 бошқариладиган ракеталар, шунингдек, 39 та Shahed дронларидан фойдаланган. 

Суми вилояти ҳарбий маъмуриятининг маълум қилишича, 21 июл куни эрталаб Россия қўшинлари Шосткино туманидаги муҳим инфратузилма объектларига ракета ва ҳаводан зарба берган. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, яна бир нечта рус дронлари Киев томон учган. У ерда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари шаҳарга яқинлашишда барча дронларни йўқ қилишга муваффақ бўлди. Украинанинг Киев, Днипропетровск, Полтава ва Миколайив вилоятлари ҳам ҳужумга учради. 

Мавзуга оид