Жамият | 21:01 / 23.07.2024
14605
4 дақиқада ўқилади

Telegram орқали содда одамларни осонликча шилаётганлар кўпаймоқда. Уларга нега чора кўрилмаяпти?

Telegram'да 4 соат ичида 500 минг сўмни 3,2 млн сўмга, 4 млн сўмни эса 55 млн сўмга кўпайтириб беришни ваъда қилган янги фирибгарлар пайдо бўлди. Бир неча киши уларнинг қурбонига ҳам айланган. Қанча огоҳлантирилмасин, бонг урилмасин, одамлар барибир алданишда давом этяпти. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эса бу ҳолатни жимгина кузатиб тургандек.

Фото: Kun.uz

Охирги пайтларда фирибгарлар жуда содда йўллар билан ҳам минглаб ўзбекларни яхшигина маблағга “ухлатяпти”.

Масалан, Telegram'да “Alhamdulillah Pull” номли канал одамларга маблағини 4 соат ичида бир неча баробарга кўпайтириб беришни ваъда қиляпти.

Ўзини Динора Каримова деб таништирган лойиҳа раҳбари 500 минг сўмни 3,2 млн сўмга, 1 млн сўми 8,5 млн сўмга, 4 млн сўмни 55 млн сўмга кўпайтириб олишга 100 фоиз “гарантия” беряпти. Бунинг учун атиги 4 соат кутишнинг ўзи кифоя, деб одамларни алдамоқда.

“Биз криптовалюта орқали ишлаймиз. Мисол учун, агар сиз 500 минг сўм сармоя киритсангиз, биз сизнинг пулингизни фонд бозорига инвестиция қилиш орқали 3 млн 200 минг сўмга кўпайтирамиз. 8 йилдан ортиқ тажрибамиз бор. Сиз 100 фоиз ютасиз!” – дейди Динора Каримова у билан мижоз сифатида онлайн гаплашган Kun.uz мухбирига.

У маблағни қуйидаги карта рақамга ташлаш мумкинлигини айтди.

Бу карта рақам Ипотекабанкда Хушбоқова У.нинг номига расмийлаштирилган. Фирибгар ўзининг гапларига ишонтириш мақсадида сохта паспорт маълумот, фотошоп дастурида тайёрланган сертификат ва лицензия ҳам юборди.

Маълумот учун, Марказий банкнинг расмий сайтида лицензия берилган кредит ташкилотларининг рўйхати келтирилган ва бу доимий янгилаб борилади. Қайсидир ташкилотнинг қонунийлигини текшириш учун мазкур маълумотлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Каналда бир нечта фуқаронинг лойиҳага пул тикиб, катта миқдорда маблағ ютиб олгани ҳақидаги видеолавҳалар ҳам жойлаштирилган.

Куни кеча Kun.uz Telegramʼда пайдо бўлган бошқа бир “Uzbekiston investuz” канали одамларга 1,5 млн сўм пулини 60 дақиқада 20 млн сўм қилиб қайтариб беришни ваъда қилаётгани ҳақида ҳам суриштирув эълон қилганди. Ушбу суриштирув остидаги изоҳларда кўплаб инсонлар мазкур фирибгарлик схемасининг қурбони бўлгани ҳақида ёзиб қолдирган.

Нега фирибгарлар Ўзбекистонда бемалол ишлаб юрибди?

Кўп ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жабрланувчиларнинг аризалари йўқлиги важи билан юқоридаги каби қинғир ишларга эътибор қаратмаяпти. Аммо бу тўғри эмас.

Аслида кибержиноятлардан одамларни ҳимояловчи ўнга яқин идоралар бор: Киберхавфсизлик маркази, ИИВ тузилмалари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, солиқ органлари, банкларнинг киберхавфсизлик бўйича тузилмалари, Марказий банк ва ҳоказо. Kun.uz'нинг ўрганишларига кўра, бу идораларнинг бирортасида айнан шубҳали бизнес лойиҳаларни кузатадиган, уларнинг фаолиятини шубҳа остига оладиган ҳамда бу бўйича тезкор чоралар кўрадиган бўлим ёки бўлинма мавжуд эмас.

Таъкидлаш керак, кўплаб давлатларда шубҳали ҳолатларни аниқлаш ва текшириш билан шуғулланувчи махсус ваколатли бўлинмалар бор. Шунингдек, айрим мамлакатларда молиявий пирамида бўлган лойиҳалар рўйхати ҳам юритилади.

Масалан, Қозоғистонда алоҳида давлат ташкилоти – Молиявий мониторинг агентлиги мавжуд ва айнан улар томонидан молиявий пирамидалар рўйхати юритилади. Бу орқали одамларнинг сохта лойиҳалар, молиявий пирамидалар бўйича хабардорлиги ошириб борилади.

Ўзбекистонда ҳам шу каби чоралар кўрилиши, молиявий пирамида бўлган лойиҳаларнинг “бошини силаш” ўрнига уларга қарши огоҳлик тарғибот тадбирлари билан чекланиб қолмасдан, кескин курашиш вақти аллақачон етиб келган.

Kun.uz юртдошларимизни яна бир бор кафолатланмаган, шубҳали ва хавфли лойиҳаларга пул тикмасликка чақиради. Шу билан бирга, аҳолини турли қонунсизликлардан, муттаҳам ва ўғри-фирибгарлар тузоғидан сақлаши керак бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан бу борада дадилроқ ишлашни, очиқ-ойдин одамларнинг пулини шилишга қаратилган схемаларга қарши тезда чора кўриб боришни сўраб қоламиз.

Мавзуга оид