Хон Юнусда янги операция бошлаётган Исроил, Ҳаррисга рекорд ёрдам ва Европа томон юз тутган Арманистон — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Буюк Британиянинг янги бош вазири Кир Стармер Ғазодаги вазиятни чидаб бўлмас деб атади. У секторда ўт очишни зудлик билан тўхтатиш зарурлиги, жаҳон афкор оммаси “айбсиз тинч аҳоли”нинг тортаётган азобларига “ортиқ тоқат қилолмаслиги”ни таъкидлаган.
У Буюк Британиянинг курси Ғазодаги барча гаровдагиларни озод қилиш ва инсонпарварлик ёрдам ҳажмини улканлаштиришга қаратилганини таъкидлади. Стармерга кўра, бунга эришишнинг ягона йўли — ўт очишни тўхтатишдир.
Бироқ, бундай чорловларга қарамасдан, Исроил Ғазо сектори жанубидаги ҳуманитар зонада ҳарбий операция ўтказишга тайёрланмоқда. Исроил бу ерда яшовчи аҳолига вақтинча эвакуация қилинишни буюрди. ЦАҲАЛ ушбу ҳудудда ҲАМАС вакиллари яшириниб олган, деб ҳисобламоқда.
Ғазонинг ҲАМАС назоратидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил сўнгги икки ҳафта ичида бу ҳудудда бир неча бор ҳаво ҳужумларини амалга оширган, оқибатда жами 90 нафар фаластинлик тинч аҳоли ҳалок бўлган. Исроилнинг билдиришича, зарбаларда ҲАМАС жанговар қаноти қисмлари нишонга олинган.
BBC хабарига кўра, энди Исроил армияси ушбу ҳудудда қуруқликда операция ўтказмоқчи ва шу сабаб тинч аҳолидан хавфли ҳудудни тарк этишни сўрамоқда.
Исроил ҳарбийларига кўра, ҲАМАС жангарилари хавфсиз ҳудуднинг бир қисми бўлган Хон Юнус чеккасида мустаҳкам ўрнашиб олган ва у ердан Исроил армиясига қарши ракета ва артиллерия ҳужумларини уюштирмоқда.
Эвакуация эълон қилинганидан кўп ўтмай, Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг Хон Юнус чеккасида берган зарбаси оқибатида 14 киши, жумладан, олти бола ва тўрт аёл ҳалок бўлганини айтди.
Хон Юнус Ғазо секторидаги иккинчи йирик шаҳардир. Исроил ҳарбий амалиёти бошланишида минтақанинг шимолий ҳудудларидан минглаб аҳоли жанубга, жумладан, Хон Юнусга эвакуация қилинди. Жорий йилнинг май ойида жанглар энг жанубий Рафаҳ шаҳрига кўчиши билан шаҳар яна ўн минглаб одамларни қабул қилди.
БМТ бу ҳудуд аллақачон гавжум эканлигидан огоҳлантирмоқда. Одамлар асосий шарт-шароитсиз вақтинчалик чодир лагерларида яшаяпти.
Ғазода урушнинг 290-кунига келиб ҳалок бўлганлар 39 мингдан, ярадорлар эса 90 мингдан ошгани маълум қилинмоқда.
Украинага ёрдам
Украина ёз фасли охиригача яна 100 мингта ўқ-дориларни қабул қилиб олади, дея хабар тарқатган Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский.
Эслатиб ўтамиз, Чехия президенти “Украина учун 1 миллион снаряд” ташаббусини бошлаб берган ва шу пайтгача Украина 300 мингдан ортиқ снарядни қабул қилиб олган.
Ян Липавскийга кўра, сентябр ойидан бошлаб снарядларни етказиб бериш тезлиги ошади. Боз устига, Чехия мазкур ташаббусни 2025 йилда ҳам давом эттириш учун пул излашга тушган.
Праганинг ташаббусига аллақачон 18 та давлат қўшилган, уларнинг 15 таси маблағ ҳам ўтказиб берган. Чехия ҳукумати Украина учун снарядларни айнан қаердан сотиб олаётгани ҳозирча сир сақланмоқда.
Россияга қарши санкциялар
АҚШнинг Россияга қарши санкцияларни айланиб ўтишга нисбатан қўллаган чоралари Хитойнинг Россияга яримўтказгичлар етказиб беришини қулатди, деб ёзмоқда Reuters АҚШ савдо вазирлигига таяниб.
Идоранинг маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январидан майигача Ҳонгконг орқали Кремлнинг ҳарбий эҳтиёжлари учун ишлатилиши мумкин бўлган илғор таркибий қисмлар ва микроэлектроника жўнатилиши ҳажми 28 фоизга қисқарган. Бу ҳудуд ҳисобдан соқит этилганида, шундай товарларнинг Хитой орқали етказилиши 19 фоизга камайган.
АҚШ ҳукумати Ҳонгконг ва Хитойни Россия ўз ҳарбий саноати учун чиплар сотиб оладиган асосий глобал тугунлар деб ҳисоблайди.
Аввалроқ АҚШ Давлат депараменти ва ғазначилиги бутун дунё бўйлаб ўнлаб компанияларни Украинага қарши урушда ишлатилиши мумкин бўлган товарларни Россияга етказаётгани учун санкция рўйхатларига киритган эди. Шунингдек, Ҳонгконгдаги яримўтказгичлар савдоси билан шуғулланаётган фирмалар ҳам чеклов остига тушганди.
АҚШ савдо вазирлиги вакилига кўра, ноқонуний оқимларнинг пасайиши Америка ҳукуматининг агрессив чоралари, шунингдек, ишлаб чиқарувчилар билан музокаралари ҳосиласидир.
“Биз маҳсулотлари жанг майдонига йўналтирилаётган исталган компания билан гаплашмоқдамиз. Некбинлик учун асос бор, чунки биз бу савдо операцияларининг айримларини секинлаштиришга муваффақ бўлдик”, - деган мулозим.
Мана шу ҳолатда ҳам Хитой ҳамон Россияга ноқонуний маҳсулотлар етказиб бериш борасида АҚШ учун “асосий бошоғриғи” бўлиб турибди.
Ўтган йилнинг август-декабр ойларида Хитойда рўйхатдан ўтган 200 дан зиёд фирма Россияга 2 млрд долларлик маҳсулот юклаб юборган. Шу давр ичида Ҳонгконгдан 750 млн долларлик чиплар харид қилинган. Уларнинг орасида АҚШда ишлаб чиқарилганлари ҳам бор.
Россия чекловларга қарши
Россия янги яширин флоти учун махфий тарзда 50 та газ ташувчи танкерлар сотиб олгани маълум бўлди. Россия ўтган йилиёқ ўзининг суюлтирилган газ секторига санкциялар қатъийлаштирилишига тайёргарлик кўра бошлаган ва суюлтирилган табиий газ ташиб олувчи танкерларни сездирмасдан харид қила бошлаган.
Бу кутилган нарса эди, бироқ ғарб давлатлари томонидан жорий этилган санкцияларни сезиларли тарзда айланиб ўтиш имконини берган нефт сектори муваффақиятини такрорлаш осон бўлмайди, дейишмоқда экспертлар.
2023 йилнинг II чорагидан бошлаб 50 дан зиёд газ ташувчи кемалар ўз эгаларини ўзгартириб, БААда қайддан ўтишган. Kpler маълумотларига кўра, танкерлар Россия СТГси ташиладиган йўналишларда аллақачон ишламоқда. Улардан бири “Новатэк”нинг “Ямал СТГ” лойиҳасида газ юклаб олган.
Музёрар танкерлардан тўрттаси II чоракда бозор учун нотаниш бўлган Дубайнинг White Fox Ship Management фирмаси эгалигига ўтказилган. Бу фирманинг ҳаттоки ўз офиси ҳам йўқ, деб ёзади Bloomberg кемаларнинг глобал Equasis маълумотлар базасига асосланиб. Бу танкерлар шу йилнинг ёзида Шимолий муз океанидан ўтувчи шимолий денгиз йўли бўйлаб қатнашга рухсат олган. Бу йўл орқали “Ямал СТГ”дан суюлтирилган газ ташилади.
АҚШдаги сайлов
Жо Байден сайловда иштирок этишдан воз кечганидан кейин 24 соат ичида Демократик партия ҳисобига 55 миллион доллардан ортиқ маблағ келиб тушган. Бу пуллар Камала Ҳарриснинг сайловолди кампаниясига ҳам, партиянинг бошқа номзодларига ҳам йўналтирилади.
Байден сайловда иштирокида давом эттираман, дея таъкидлаган онларда демократик партиянинг айрим донорлари пул бермаслигини айтган эди.
Аммо Байден сайлов пойгасидан чиқишини эълон қилганидан бери АҚШ Демократик партияси кичик донорлар учун ActBlue платформасида 55 миллион доллардан ортиқ маблағ йиғишга муваффақ бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Жо Байден 21 июл куни АҚШ президентлиги сайловдан ўз номзодини қайтариб олишини эълон қилган эди. Амалдаги давлат раҳбари бу қарорни Демократик партия ва бутун мамлакат манфаатларини кўзлаб қабул қилганини алоҳида таъкидлади.
Европа томон юз тутган Арманистон
Европа Иттифоқи Арманистон билан визасиз режим жорий этиш бўйича музокараларни бошлайди. Бу ҳақда Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян маълум қилди, деб ёзди Reuters.
Бунга эришиш учун ўтказиладиган музокаралар одатда кўп йиллар давом этади. Якуний қарор учун Европа Иттифоқига аъзо барча давлатларнинг розилиги талаб қилинади.
Мирзоян бўлажак музокараларни «Арманистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги умумий қадриятлар ва тамойилларга асосланган шерикликни чуқурлаштиришдаги жуда муҳим босқич», деб атаган.
Ҳозир Европа Иттифоқи собиқ СССР таркибига кирган учта давлат - Молдова, Гуржистон ва Украина билан визасиз режимга эга. Эстония, Латвия ва Литва эса аллақачон Европа Иттифоқига аъзо бўлган.
Арманистон сўнгги пайтларда Ғарб давлатлари билан алоқаларини мустаҳкамламоқда. Бу Россия билан муносабатларнинг ёмонлашуви фонида рўй бермоқда. Ереванда кўпчилик Москва Арманистонни Озарбойжон билан можарода КХШТ доирасида қўллаб-қувватлаш бўйича иттифоқчилик мажбуриятларини бажармаган деб ҳисоблайди.
Мавзуга оид
13:52
Ливанда мажбурий кўчганлар, Амирликда ўлдирилган раввин ва Россиядан чўчимаётган АҚШ— кун дайжести
14:38 / 23.11.2024
АҚШ ветосидан норози Ҳамас, Исроилда конституциявий инқироз хавфи ва Россия банкларига қарши санкциялар — кун дайжести
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024