Жаҳон | 09:49 / 23.07.2024
1166
3 дақиқада ўқилади

Европол ЕИда кибержиноятчилик даражаси ошиб бораётганини маълум қилди

Европа Иттифоқи полиция хизмати Европа интернет тармоғида уюшган жиноятчилик кўпайган, фирибгарлар эса энг янги технологиялардан фойдаланмоқда, деган хулосага келди.

Фото: Mir24.tv / Алан Кациев

Европа Иттифоқи полиция хизмати (Европол) маълум қилишича, уюшган кибержиноятлар ЕИда, жумладан, ривожланаётган технологиялардан фойдаланиш орқали кўпайган. Бу хулоса ташкилотнинг расмий сайтида 22 июл, душанба куни чоп этилган «Интернетда уюшган жиноятчиликни баҳолаш 2024» (IOCTA 2024) ҳисоботида келтирилган.

Ҳисоботда кўрсатилишича, интернетда энг кенг тарқалган фирибгарликлар сармоя билан боғлиқ, шунингдек, бизнес электрон почта ёзишмалари ва «ишқий фирибгарликлар» бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, жиноятчилар сунъий интеллектга асосланган воситалардан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. Европол таҳлилчилари яқин келажакда улар ушбу муҳитда янада оммалашиши бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. 

«Бозорга кириб келаётган кибержиноятчилар сони ҳам киришдаги тўсиқларни самарали камайтирадиган янги технологиялар, ҳам ҳужумнинг потенциал имкониятларини кенгайтирувчи рақамли инфратузилма мураккаблиги туфайли барқарор ўсишда давом этмоқда», деди ҳисобот муаллифлари. 

IOCTA 2024 болалар ҳақидаги онлайн материалларга алоҳида эътибор берди. Бундай материаллар сони «доимий равишда ўсиб бормоқда» ва «ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари учун тобора ортиб бораётган муаммоларни келтириб чиқармоқда», деб хабар берди Европол. 

Россия кибержиноятлар бўйича жаҳон рейтингида етакчилик қилмоқда

Дунё бўйлаб энг катта кибержиноят таҳдиди кам сонли мамлакатлардан келади, бунда Россия етакчи таҳдид бўлиб, ундан кейин Украина, Хитой, АҚШ ва Нигерия туради. Оксфорд университети ва Канберрадаги Янги Жанубий Уэлс университетининг тадқиқоти муаллифлари шундай хулосага келишди, унинг натижалари апрел ўрталарида чоп этилди.

Уч йиллик тадқиқотда кибержиноятларнинг энг муҳим манбалари баҳоланди ва тарихда биринчи марта Бутунжаҳон кибержиноятлар индексига (WCI, World Cybercrime Index) мувофиқ давлатлар рейтинги тузилди. Натижада биринчи ўринни эгаллаган Россия 58,39 балл, ундан кейинги Украина 36,44 балл, Хитой 27,86 балл, АҚШ 25,01 балл, Нигерия 21,28 балл тўплади. Глобал кибержиноят ўчоқлари ўнталигига, шунингдек, Руминия (14,83 балл), Шимолий Корея (10,61 балл), Британия (9,01 балл), Бразилия (8,93 балл) ва Ҳиндистон (6,13 балл) кирди. 

Мавзуга оид