Ўзбекистон | 21:34 / 24.07.2024
6929
5 дақиқада ўқилади

24 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Президентнинг туғилган куни, янги туризм бренди учун танлов, жорий этилиши кутилаётган ижтимоий карталар, психологик хизмат соҳаси тартибга солинади — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Президент таваллуд топган кун

Бугун президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг туғилган куни. Президент 67 ёшни қаршилади.

Президентимиз номига турли давлат ва ҳукумат раҳбарлари номидан табрикномалар келиб турибди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбари совғаларни қабул қилмаслиги, ўзининг туғилган куни ишда бўлиши ва оқшомни оила даврасида камтарона ўтказишини маълум қилди. Шунингдек, хорижий мамлакатлар лидерлари билан телефон орқали мулоқот режалаштирилганини маълум қилди.

Янги миллий туризм бренди

Ўзбекистон учун янги миллий туризм бренди яратилади. Туризм қўмитасига 1 октябргача уни яратиш учун танлов ўтказиш топширилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 18 июлдаги туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонига асосан Ўзбекистон учун янги миллий туризм бренди ишлаб чиқилади.

Янги бренд яратишдан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг туризм маҳсулотини халқаро ва ички туризм бозорларида тарғиб қилиш, саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз мамлакат сифатидаги имижини янада мустаҳкамлашдан иборат.

Биринчи глобал сайёҳлик медиакампуси 27 сентябр — Халқаро туризм кунида ишга туширилиши мўлжалланмоқда.

2024−2025 йилларда аудиторияси 10 миллиондан ортиқ бўлган 50 нафаргача хорижий журналист, блогер, влогер ва инфлюэнсерларни жалб қилиш режа қилинмоқда.

Кластерларга янги имтиёзлар

Президент фармони билан Пахта-тўқимачилик кластерларини молиявий соғломлаштиришга қаратилган чоралар белгиланди.

Жумладан, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси кредит ресурслари ҳисобидан 2023 йилги пахта хомашёсини етиштириш харажатлари учун тижорат банклари томонидан ажратилган имтиёзли кредитларни 2024 йил 1 декабргача тўлиқ қайтарган кластерларга ушбу кредит бўйича фоиз тўловлари (банк маржасидан ташқари) 2025 йил 1 январга қадар жамғарма ҳисобидан қайтариб берилади;

Бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган ва сотиб олиш қийматининг 35 фоизи ва ундан юқори қисми тўланган пахта тозалаш заводлари ва пахта қабул қилиш масканларини жалб этиладиган кредит бўйича мулкий мажмуа сифатида гаровга қўйишга рухсат берилади.

Тугатилаётган “Ўзпахтасаноат” АЖнинг мулкий мажмуаларини сотиб олиш бўйича кластерлар билан тузилган олди-сотди шартномаларида белгиланган тўлов графиги бўйича қарздорликлар муддати 1 йилга узайтирилади.

Ижтимоий карталар жорий этилади

Келгуси йилнинг II чорагидан ногиронлиги бўлган шахс, талаба ёки уруш қатнашчисининг ҳолатини тасдиқлаш ижтимоий карта орқали бўлади, тегишли гувоҳномаларнинг қоғоз шакли бекор қилинади.

Бу “Аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги президент қарорида кўзда тутилган.

Қарорга кўра 2025 йил 1 апрелдан босқичма-босқич шахснинг ногиронлигини, талаба, ўқувчи, уруш қатнашчиси ёки уруш қатнашчисига тенглаштирилган шахс ҳолатини тасдиқлаш, бу ҳолда ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома ва гувоҳномалар, талабалик гувоҳномалари, ўқувчилар гувоҳномалари, уруш қатнашчилари ёки уларга тенглаштирилган шахслар гувоҳномаларининг қоғоз шакли ижтимоий картага алмаштириш орқали бекор қилинади.

2025 йил 1 октябрдан пенсия олувчиларга ўз хоҳишига кўра ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлиги бўйича пенсияларни ижтимоий карта орқали олиш ҳуқуқи берилади.

Психологлар соҳаси тартибга солинади

Мўмай пул топиш мақсадида турли онлайн ва офлайн психологик курслар ва тренинглар ниҳоят тартибга солинадиган бўлди. Энди тегишли малакага эга бўлмай туриб психологик ёрдам кўрсатганлик учун жавобгарлик белгиланади. Психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланишдан аввал психология мутахассислиги учун қайта тайёрловдан ўтиш кераклиги белгиланмоқда.

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан аҳолига психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий принциплари, вазифалари, турлари, шакллари, стандартлари аниқ белгиланмоқда. Шунингдек, психологик ёрдам кўрсатиш соҳаси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бепул психологик ёрдам кўрсатиладиган шахслар тоифалари, таълим ташкилотларида психологик ёрдам кўрсатиш, ушбу соҳада тадқиқот ва илмий тажрибалар ўтказиш масалалари, психологик ёрдам кўрсатишни рад этиш ёки тўхтатиш асослари назарда тутилмоқда. Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги профессионал ассоциациялар фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.

Психология йўналишидан бошқа олий маълумотга эга бўлган шахслар хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланишдан аввал психология мутахассислиги учун қайта тайёрловдан ўтиши кераклиги белгиланмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси психологик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш бўйича қонунларда белгиланган чекловларга риоя этмаган ҳолда психологик ёрдам кўрсатганлик учун жавобгарликни белгиловчи алоҳида модда билан тўлдирилмоқда.

Мавзуга оид