Ўзбекистон | 18:30 / 24.07.2024
4115
2 дақиқада ўқилади

Ишдаги бахтсиз ҳодисалардан ярим йилда юздан ортиқ одам вафот этди

Бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти қурилиш соҳасига тўғри келади.

Фото: Shutterstock

2024 йилнинг биринчи ярмида меҳнат жараёни билан боғлиқ 387 та бахтсиз ҳодиса содир бўлди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Жамолиддин Қаландаров маълум қилди.

Қайд қилинишича, бахтсиз ҳодиса оқибатида 416 нафар ходим жабрланган, 303 нафари оғир ва 12 нафари енгил тан жароҳати олган, 101 нафари ҳаётдан кўз юмган.

Бахтсиз ҳодисалар оқибатида ходимлар ёки уларнинг оила аъзоларига 823 миллион сўмдан ортиқ товон пулларини ундириш юзасидан судларга даъво аризалари киритилган, шундан 10 нафар фуқарога 274 миллион сўм ундириб берилган ва қолганлари бўйича жараён давом этмоқда.

Бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти — 26 фоизи қурилиш соҳасига тўғри келади.

374 та ҳолатда корхонанинг фаолияти тўлиқ текширилиб, ижроси мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар ҳамда 63 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган. Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида чора-тадбирлар белгиланиб, тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Таҳлилларга кўра, бахтсиз ҳодисаларинг сабаблари: иш берувчилар томонидан ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиб берилмаганлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этмаслик, ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминламаслик, ходимлар ўқитилиб билимлари синалмасдан ишга жалб қилиниши ва айрим ҳолатларда ходимларнинг меҳнат хавфсизлиги талабларига эътиборсиз қараши.

Мавзуга оид