Жамият | 15:00 / 24.07.2024
23619
2 дақиқада ўқилади

Сабрнинг мукофоти: 7 етим қизнинг онаси эски “Комби” ўрнига янги “Дамас”ли бўлди

Олис Нуробод туманининг Саҳоба қишлоғида яшовчи, турмуш ўртоғи оғир касалликдан вафот этгач, 7 қизини бир ўзи “Комби” машинасида тирикчилик қилиб боқаётган Ўғилой Эшқулова ҳақида аввал ҳам хабар берган эдик.

Лавҳа эълон қилингач, оилага ёрдам берувчилар кўп бўлди. Ана шундайлардан бири — саховатпеша тадбиркор, Самарқанддаги “Yuksalish group” раҳбари Анвар Темиров оилага яп-янги “Дамас” автомобилини совға қилди.

Албатта, онаизорнинг кутилмаган туҳфадан сўнг ҳиссиётларини сўз билан таърифлаш қийин.

Ўғилой Эшқулованинг кенжа қизи Иймона шу куни 1 ёшни тўлдирди. Бу ҳам оила учун ўзига хос унутилмас совға бўлди. Тадбиркор машинани онанинг номига расмийлаштириб беришни ҳам ўз гарданига олди.

Тадбиркор ўзининг ҳам уч нафар қизи борлиги, энди қизлари 10 нафарга етганини айтиб, барча қизларнинг вояга етгунча таъминотини ўз зиммасига олишини айтди.

Шунингдек, Анвар Темировнинг дўстлари самарқандлик яна икки қурувчи тадбиркор оила истиқомат қилаётган пастқам уйни тўлиқ қайта қуриб, барча шароитларини таъминлашни ҳам ваъда қилди.

Ўғилой Эшқулова ўзбек халқининг бу қадар мурувватли эканидан ҳайрон қолганини айтиб, қийин вазиятда ўз оиласига ёрдам бераётган барча саховатпешаларни дуо қилди.

Бу қисқагина хайрли воқеадан шундай хулоса чиқариш мумкинки, токи юртимизда ёш, шижоатли, мурувватли ва забардаст ана шундай тадбиркорлар бор экан, етим-есирлар ҳеч қачон тақдир ҳукмига ташлаб қўйилмайди.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири
Оператор ва монтажчи: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид