Ўзбекистон | 19:47 / 24.07.2024
99006
6 дақиқада ўқилади

Янги тартиб бўйича тушунтириш – тест балли аниқ бўлган абитуриент нималарни танлайди?

Эртага, 25 июл тестнинг охирги куни. Ҳамма баллини билиб бўлгач, абитуриентлар ОТМ, йўналиш, таълим шакли ва танлов устуворлигини танлайди. Бу йилги қабулда жуда катта ўзгариш бўлмади. Баллини олдиндан билиши – абитуриентга ўзи ўқимоқчи бўлган ОТМга кира олишини яхшироқ прогноз қилиш имконини беради холос.

Фото: Kun.uz

25 июлда давлат имтиҳонлари тугагандан кейин йўналиш, ОТМ ва бошқаларни танлаш учун абитуриентларга 15 кун вақт берилади. Бу муддат якунлангач, 7 кун ичида ким қаерга кирганини билиб олиши мумкин бўлади.

Қабулда нима ўзгармади?

Деярли ҳеч нима. Фақат абитуриент қаерда ўқишини танлашидан олдин баллини биладиган бўлди. Бу унга қаерга балли етиши мумкинлигини тахмин қила олиш имконини берди. Бу қандай бўлади? Бунинг учун абитуриент Билимни баҳолаш агентлигининг mandat.uz сайтига кириб, охирги 3 йиллик абитуриентларнинг грант ва контракт учун ўтиш балларини ўрганиб чиқиши керак. Шундан кейин қўлидаги балли билан солиштириб, қаерда ўқишга имкони етиши мумкинлигини прогноз қила олади.

Лекин бунда ҳам ҳаммаси 100 фоиз аниқ бўлмайди. Чунки имтиҳонлар ўтиб бўлгач йўналишларда абитуриентлар баллари кетма-кетлиги эълон қилинмайди. Масалан, юриспруденция ёки иқтисод йўналишида ўтиш баллари энг баландидан энг пастигача очиқ маълумот олиш мумкин эмас. Чунки абитуриентлар тест топшираётганда йўналиш танламаган. Танлов ўтган йиллардаги минимал ўтиш баллига асосланади. Бу йилги қабул фақатгина абитуриентнинг ўз имкониятини баҳолаш қобилиятини оширади”, – деб тушунтирди агентлик мутахассиси Жамшидбек Одилов.

Квоталарда ҳам ўзгариш бор

Фақат грант квотада ўзгариш бор. Грант квоталар президент фармони билан олдингидек ОТМ кесимида эмас, балки йўналишлар кесимида тақсимланди. Лекин ҳали қайси университетга нечта грант бериши аниқ бўлмади. Бунинг учун давлат комиссияси қарори кутиляпти. Тўлов-контракт квотасида ўзгариш йўқ. Контракт квотаси одатий тарзда ОТМ кесимида шакллантирилади.

Тўлиқ квоталар қачон тасдиқланади?

Ҳозирча фақат умумий квота эълон қилинди. Батафсил квоталар Давлат қабул комиссияси томонидан 1 ҳафта ичида эълон қилиниши керак. Комиссия қуйидагиларни тасдиқлайди:

  • умумий қабул параметрларини (олийгоҳлар, таълим шакллари ва тиллар кесимида);
  • қўшимча қабул параметрларини (имтиёзга эга абитуриентлар учун);
  • мақсадли қабул квоталарини ва ушбу квоталарнинг туман (шаҳар)лар кесимидаги тақсимотини;
  • ўқишга қабул қилишнинг минимал ўтиш баллини;
  • умумий қабул параметрига нисбатан давлат гранти квотасининг улушини.

Грант квоталар йўналишлар кесимида қандай тақсимланади?

Бир йўналиш бўйича энг юқори балл олган, дейлик, 100та абитуриент қайси олийгоҳга топширганидан қатъи назар грантда ўқийди. Фақат маълум чеклов бўлади: Қабул комиссияси олийгоҳнинг бир йўналишидаги умумий квотасига нисбатан грант квота улушини белгилаб беради. Яъни ажратилган ҳамма грант битта олийгоҳда тўпланиб қолмаслиги учун.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакили Абдували Холиқовинг тушунтиришича, ҳозир давлат грантининг умумий квотага нисбатан улуши аниқ. Қайсидир йўналишда 20 фоиз, қайсидир йўналишда 35 фоиз, қайсидир йўналишда 50 фоизгача ҳам бор.

Мисол учун математиклар 20 та давлат ОТМда тайёрланади деб олсак, унга 500 та грант тасдиқланган. Бизда 20 та олий таълим муассасасида 100 тадан 2 мингта умумий квотаси бор. Демак, яъни 500 ни 20 га бўлиб юборсак, ҳар бир ОТМга 25 тадан грант тўғри келади. Лекин бу ҳамма математикага [йўналишига] ҳам 25 та грант берилади дегани эмас. Бу шу таълим йўналишидаги юқоридан пастга қараб 5 тагача ОТМ танлаган абитуриентлар ўртасида қайта тақсимланади. Агар қайсидир ОТМ кам танланган бўлса, ўша олий таълим муассасасига 25 фоиз эмас, 20-15 фоиз грант бориши мумкин. Кўп ёшлар танлаган ОТМлар орқали қаерда қандай мактаблар яхши шаклланганини билиш мумкин”, – деди у.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, Абдували Холиқовнинг тушунтиришига ойдинлик киритиш учун Kun.uz вазирлик билан боғланди. Вазирлик қабул комиссияси грант квоталарни қандай тақсимлаши бўйича вазирлик тушунтириш беролмаслигини, бу комиссия қарори чиққанидан кейин маълум бўлишини билдирди.

5 тагача йўналиш танлаш нима дегани?

Бу тартиб худди олдинги йиллардагидек давом этади, ўзгариш бўлгани йўқ.

Абитуриентлар 5 тагача йўналиш ва ОТМ танлашлари мумкин. Бу йўналишлар хоҳишга қараб ҳар хил ёки битта ОТМ доирасида танланса ҳам бўлаверади. Фақат мутахассислик фанлари ва уларнинг кетма-кетлиги бир хил бўлиши керак. Дейлик, имтиҳон топшириладиган биринчи фан математика, иккинчи фан физика бўлса, қолган йўналишларда ҳам мутахассислик фанлари худди шундай кетма-кетликда бўлиши талаб этилади.

Шунингдек, нафақат турли ОТМнинг турли йўналишларига, балки турли таълим шаклларига ҳам ҳужжат топшириш мумкин. Масалан, биринчи йўналиш/олийгоҳга кундузги, кейингисига сиртқи, бошқасига эса кечки таълим учун рўйхатдан ўтилади.

Грант ёки таълим йўналиши устуворлиги

Жавоблар чиқиб бўлгач, рўйхатдан ўтишда биттадан кўп йўналиш/олийгоҳни танлаган абитуриентлар икки хил вариантдан бирини танлайди: “давлат гранти” ёки “давлат гранти ва тўлов-контракт устуворлиги”.

Агар абитуриент “давлат гранти”ни танласа, танлаган ҳамма йўналишларида аввалига грант, кейин контракт асосида танловда қатнашади. “Давлат гранти ва тўлов-контракт”ни танласа, ҳар бир йўналишда грант ва контракт асосидаги танловда иштирок этади. Грант эмас, йўналиш устуворлиги танланса, контракт бўлса ҳам биринчи танлаган йўналишида ўқишга кирган ҳисобланади.

Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади.

Мавзуга оид