Экофаоллар Кёлн/Бонн аэропорти ишини тўхтатиб қўйди
20 ёшдан 55 ёшгача бўлган беш киши панжарани бузиб, Кёлн/Бонн аэропорти ҳудудига кирган ва учиш-қўниш йўлагидан унча узоқ бўлмаган жойда асфалтга ётиб олди. Бир неча соатдан кейин парвозлар қайта тикланди.
24 июл, чоршанба куни Германиядаги «Сўнгги авлод» гуруҳининг радикал экологик фаоллари Кёлн/Бонн аэропорти ишини вақтинча тўхтатиб қўйди. Полиция маълумотларига кўра, соат 6.00 атрофида 20 дан 55 ёшгача бўлган уч эркак ва икки аёл панжарадан ўтиб аэропортга кирган, учиш-қўниш йўлагидан унча узоқ бўлмаган жойда асфалтга ётиб олган. Тахминан соат 9.00 да акция тўхтатилди. Бир неча соатдан сўнг хавфсизлик зонасида бегоналар йўқлиги аён бўлгач, парвозлар қайта тикланди.
Аэропорт ёпилиши туфайли ўнлаб рейслар бекор қилинди ёки кечиктирилди, минглаб йўловчилар, жумладан, болали оилалар таътил ва мактаб таътиллари вақтида кўп соат давомида терминал биносида қолиб кетишди.
Фаоллар дастлаб полиция томонидан қўлга олинган, бироқ уларнинг шахсий маълумотлари ёзиб олингандан кейин қўйиб юборилган. Воқеа Кёлн полицияси томонидан текширилмоқда. Беш гумонланувчи ҳаво қатновига хавфли аралашиш, йиғилишлар тўғрисидаги қонунни бузиш ва рухсатсиз хусусий мулкка киришда айбланмоқда.
«Сўнгги авлод» аэропортдаги акция учун масъул эканини маълум қилди ва Германия ҳукуматини 2030 йилгача барча қазиб олинадиган ёнилғи - нефт, газ ва кўмирдан босқичма-босқич воз кечиш бўйича қонуний мажбурий халқаро шартнома ишлаб чиқишга чақирди.
Германия авиация хавфсизлиги қонунини кучайтиришни режалаштирмоқда
Германия транспорт вазири Фолкер Виссинг атроф-муҳит фаолларининг сўнгги ҳаракатини кескин қоралади. «Аэропортларга зўрлик билан бостириб кирган, учиш-қўниш йўлаклари ва самолётларни тўсиб қўйган ҳар қандай одам одамлар ҳаётини хавф остига қўяди», деди у Funke медиа-гуруҳига берган интервюсида. Виссингнинг сўзларига кўра, Бундестаг Авиация хавфсизлиги тўғрисидаги қонунни имкон қадар тезроқ қабул қилиши керак. Унда аэропорт фаолиятига халақит берган қоидабузарларга беш йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.
Худди шундай позицияни Германия аэропортлари ассоциацияси - ADV ҳам билдирган ва у «атроф-муҳит фаолларининг жиноий босқинини» кескин қоралаган. «Бундай хатти-ҳаракатлар жиддий жиноий оқибатларга олиб келиши керак», деб тушунтирди ADV бизнес менежери Ралф Бейзел. Унинг сўзларига кўра, ассоциация «Авиация хавфсизлиги тўғрисида»ги қонуннинг қатъийлаштирилишини қўллаб-қувватлайди.
Шимолий Рейн-Вестфалия ички ишлар вазири Херберт Ройл ҳам кескин танқид билан чиқди. «Бу одамлар қилаётган ишнинг норозилик ва фикр билдириш билан алоқаси йўқ. Булар бир вақтнинг ўзида бир нечта жиноий ҳуқуқбузарликлардир», деди у Rheinische Post газетасига берган интервюсида.
Европада радикал экологик фаолларнинг ҳаракатлари
Худди шундай акциялар 24 июл куни бошқа мамлакатлар аэропортларида ҳам бўлиб ўтди. Лондоннинг Хитроу аэропортида «Нефтни тўхтатинг» гуруҳининг 9 нафар фаоли ҳибсга олинди. Норвегияда 12 нафар фаол Осло аэропортини тўсиб қўйди. Шунга ўхшаш ҳодисалар Испания ва Финландияда ҳам қайд этилган.
Мавзуга оид
11:10
Меркел мемуарида РФга нисбатан сиёсатини ҳимоя қилиб чиқди
13:43 / 21.11.2024
Германия Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам партиясини юборди
21:36 / 20.11.2024
Ford компанияси Германияда салкам 3 мингта иш ўрнини қисқартиради
19:34 / 20.11.2024