Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазодаги вайроналар кўлами, Байденнинг халққа мурожаатномаси ва Россияда мигрантларга қарши янги қонун — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Бирлашган миллатлар ташкилоти Исроил ҳужумларидан сўнг Ғазо секторидаги вайронагарчиликлар миқёсини баҳолади. Ҳисоботларга кўра, секторни 40 млн тонна ичиқнди бўлакларидан тозалаш учун 15 йил вақт кетади. Бу ишларни 100 та юк машинаси билан амалга ошириш керак бўлади. Шунингдек, бўлакларни кўмиш учун 500 гектар майдон ҳам талаб этилади.
БМТнинг Атроф-муҳит дастурининг баҳолашича, Ғазода 137 минг 279 та бинога шикаст етган, бу эса сектордаги жами биноларнинг ярмидан ҳам кўпров. Бино ва иншшотларнинг чорак қисмидан кўпроқги тўлиқ вайрон бўлган, 10 фоизи кучли зарарланган ва учдан бир қисми жиддий шикастланган.
Энг катта зарар кўрган ҳудуд Ғазонинг шимолий қими бўлиб, бу ерда бинларнинг 80 фоизи ё вайрон бўлган ё жиддий тарзда зарарланган.
Юзлаб шифохона ва тиббиёт муассасаларига зиён етган, уларнинг 32 таси тўлиқ вайрон қилинган. Масжидлар, черковлар вайрон қилинган, 168 та жамоатчилик бинолари зарарланган.
БМТ Ривожланиш дастури Ғазони урушдан сўнг тиклаш қийматини 40 млрд долларга баҳоламоқда ва бу сумма кун сайин ошиб бормоқда. Вайронлар ичида ёрилмаган бомбаларнинг ҳам борлиги тикланиш жараёнини янада мураккаблаштиради.
Урушнинг 292-кунига келиб Ғазода ҳалок бўлганлар сони 39 минг 145 кишига еди. 90 минг 257 киши ярадор бўлган. Ўлдирилганларнинг 16 минг 200 нафари ёш болалар. Қарийб 21 минг болалар бедарак йўқолган ҳисобланади.
Сўнгги сутка ичидаги Исроилнинг уч оммавий қирғини туфайли 55 киши ҳалок бўлди ва 110 киши яраланди.
Байденнинг мурожаатномаси
АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден халққа мурожаат қилиб, муддати охиригача ўз лавозимида қолишини тасдиқлади. У 50 йиллик сиёсатдан сўнг «машъалани янги авлодга топшираётганини» айтди.
Байден ўз мурожаатида миллий мудофаа, саратон ва глобал иқлим ўзгаришига қарши курашни устувор вазифалар сифатида белгилади.
«Мен олдинга силжишнинг энг яхши йўли - бу машъалани янги авлодга топшириш, деб қарор қилдим», - дея 81 ёшли АҚШ президентининг нутқидан иқтибос келтирди Reuters.
Гап Байденнинг ноябр ойида бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайловларида Демократик партиядан номзод бўлиши учун вице-президент Камала Ҳаррисни қўллаб-қувватлаш қарори ҳақида кетмоқда. Байден ўз нутқида Ҳаррисни тажрибали, қаттиққўл ва малакали сиёсатчи, деб атаган.
«Американи буюк қиладиган нарса шундаки, қироллар ва диктаторлар ҳокимиятга эга эмас. Одамлар бор. Тарих сизнинг қўлингизда. Куч сизнинг қўлингизда. Америка ғояси сизнинг қўлингизда», - деди Жо Байден.
Байден, шунингдек, 26 июл куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашиб, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш имкониятини муҳокама қилишини ҳам айтган.
Эронга қарши иттифоқ
АҚШда бўлиб турган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШга Эронга қарши ҳарбий иттифоқ тузишни таклиф қилди. У, шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги тинч аҳолини атайлаб нишонга олгани ҳақидаги айбловларни рад этди.
24 июл куни АҚШ Конгрессида сўзлаган Нетаняҳу, шунингдек, Вашингтонни Исроилга Ғазо секторидаги ҲАМАС гуруҳини мағлуб этиши учун ҳарбий ёрдам етказиб беришни тезлаштиришга чақирди.
Нетаняҳунинг айтишича, Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруши икки цивилизация ўртасидаги зиддият эмас, балки «цивилизация ва ваҳшийлик ўртасидаги тўқнашув». Унинг таъкидлашича, Исроил нафақат ўзига, балки АҚШ ва араб дунёсига ҳам таҳдид солаётган терроризмга қарши уруш олиб бормоқда. Шу билан бирга, Эрон ҳам ҲАМАС, ҳам Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ва Яман ҳусийчилари ортида турибди, деди Исроил бош вазири. У Теҳрондаги ҳукмрон режимни Яқин Шарқ ва бутун дунё хавфсизлигига асосий таҳдид деб атади.
Исроил бош вазири Фаластин тарафдорлари намойишлари иштирокчиларини «эронпарастлар» деб атади. Бу намойишчиларнинг кўпчилиги ўзлари нима ҳақида гапираётганини билмайди ва турли шиорларни илгари сурмоқдалар, деган Нетаняҳу.
Ҳарриснинг муваффақияти
Жо Байден пойгадан чиққанидан кейинги биринчи сўровда Камала Ҳаррис Доналд Трампдан ўзиб кетди.
АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис Reuters агентлиги ва Ipsos компанияси томонидан ўтказилган миллий сўровномада собиқ президент Доналд Трампни ортда қолдирди. Ҳаррисни респондентларнинг 44 фоизи, Трампни эса 42 фоизи қўллаб-қувватлаган. Тадқиқот амалдаги давлат раҳбари Жо Байден қайта сайланиш учун курашдан воз кечганини эълон қилганидан кейин ўтказилди.
Сўровда қатнашганларнинг 56 фоизи 59 ёшли Ҳарриснинг «ўткир ақли» ва «қийинчиликларга дош бера олишини» эътироф этишди. 78 ёшли Трамп ҳақида фақат 49 фоиз респондент шундай фикрда.
Байден баёнот беришидан олдин, 15-16 июл кунлари ўтказилган аввалги сўровда Трамп ва Ҳарриснинг ҳар бири 44 фоиздан тўплаган. Июл ойи бошида эса собиқ президент ноябрдаги сайловларда ўзининг потенциал рақибидан бир фоизга ўзиб кетди.
Непалдаги авиаҳалокат
Непал пойтахти Катманду аэропортида Saurya Airlines авиакомпаниясининг бортида 19 киши бўлган самолёт ҳалокатга учради.
Kathmandu Post нашри ёзишича, дастлабки маълумотларга кўра, самолёт қулаган жойда 18 кишининг жасади топилган. Экпиаж командирларидан бири тирик қолгани айтилмоқда.
Синов парвозини амалга оширган самолётда Saurya Airlines авиакомпаниясининг 17 нафар техник ходими ҳамда экипажнинг икки аъзоси бўлган.
Самолёт маҳаллий вақт билан соат 11:00 атрофида учиш-қўниш йўлагидан ҳавога кўтарилишидан кўп ўтмай қулаган.
Интернетда эълон қилинган видеокадрларда самолёт қулаганидан кейин олов ва тутун ичида қолганини кўриш мумкин. Ҳодисадан кейин воқеа жойига ўт ўчириш машиналари ва тез ёрдам кареталари йўлланган.
Қутқарувчилар харобалар орасидан кеманинг 37 ёшли капитанини тирик ҳолда олиб чиқишган ва у шифохонага олиб кетилган.
Россияда мигрантлар учун янги қонун
Россия Давлат думаси хорижий давлат фуқароларини мамлакатдан чиқариб юборишнинг янги миграцион режими тўғрисидаги қонунни қабул қилди, деб хабар беради ТАСС.
Қонун лойиҳасининг моҳиятига кўра, Россияда бўлиб туриш муддатларига риоя қилмаган, миграцион ҳужжатлар муддатини ўтказиб юборган ва ҳуқуқбузарликлар содир этган хорижлик фуқаролар устидан назорат кучайтирилади.
Бундай мигрантлар давлат назорати реестрига киритилади ва реестр давлат ҳокимияти органлари, юридик ва жисмоний шахслар учун очиқ бўлади.
Айни пайтда Россияда чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларни РФ ҳудудидан ташқарига маъмурий жазо тартибида чиқариб юбориш суд томонидан белгиланади.
Чиқариб юборилиш режимида бўлган фуқароларга кўчмас мулк ва автомобил харид қилиш, кредитлар олиш ва автомобил бошқариш, шунингдек, Россия ҳудудида эркин ҳаракатланиш тақиқланади. Шунингдек, уларга банк ҳисоб рақамидан 30 минг рублдан ортиқ маблағ ишлатиши, янги ҳисоб рақам очиши тақиқланади. Никоҳ тузиш чоғида ФҲДЁ бўлими хорижлик фуқаронинг реестрда бор-йўқлигини текшириб кўради.
Кучишлатар тизимлар хорижлик фуқаро истиқомат қилаётган хонадонга монеликсиз кириш ҳуқуқига эга бўлишади.
Янги ўзгаришлар хорижлик фуқароларни депортация қилиш ва маъмурий тартибда мамлакатдан чиқариб юбориш механизмларини унификация қилишга, шунингдек, уларни чиқариб юбориш бўйича ваколатларни ички ишлар органларига топширишга йўналтирилган.
Қонун лойиҳаси муаллифлари бу чоралар одамларни судга келтиришда вақт ва маблағ билан боғлиқ харажатларни қисқартириши, қоидабузарларни чиқариб юборишни тезлаштиришига ишончи комил.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025