Ўзбекистон | 18:49 / 25.07.2024
15444
5 дақиқада ўқилади

Кунида синган кўза: Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси “бурни остидаги” тақиқни нега назорат қилмади?

Чорвоқ сув ҳавзасида 19 ёшли фуқаро гидроциклда катамаранга бориб урилиши оқибатида 2 киши жойида вафот этди. Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси сув ҳавзасида 4 йил олдин моторли қайиқлардан фойдаланишга қўйилган тақиқни назорат қилганида йигит гидроцикл минмаган, 2 киши эса ҳалок бўлмаган бўларди. Мансабига совуққонлик билан қараган Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси масъулларига чора кўриладими?

Фото: Kun.uz

Халқимизда кўза кунда эмас, кунида синади, деган гап бор. Чорвоқ сув ҳавзасида юз берган ҳолат – 19 ёшли фуқаронинг гидроциклда катамаранга бориб урилиши оқибатида 2 кишининг ҳалок бўлиши “кунида синган кўза” бўлди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 260-моддаси (Темирйўл, денгиз, дарё ёки ҳаво транспортининг ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Шу баҳона биз масаланинг “парда ортида” қолаётган қисмига назар ташламоқчимиз.

Чорвоқдаги ҳалокат

20 июл куни соат 14:30 ларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омборининг Бурчмулла сув ҳавзасида бахтсиз ҳодиса содир бўлди: сув ҳавзасига дам олиш мақсадида келган Зангиота туманида истиқомат қилувчи 19 ёшли фуқаро гидроцикл ҳайдаш вақтида бошқарувни эплай олмай, қаршисидаги катамаранга бориб урилган. Оқибатда катамаранда бўлган 2 нафар Фарғона вилоятидан келган фуқаро олган тан жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этган.

4 йил олдинги тақиқ

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг 10 июл куни «Туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди.

Мазкур қарор билан Чорвоқ сув омборида барча турдаги моторли сув транспорти воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланган.

«Чорвоқ сув омборида моторсиз, муқобил энергия манбаларида ҳаракатланувчи ҳамда махсус вазифаларни бажариш ваколатига эга бўлган вазирлик ва идораларнинг моторли сув транспорти воситаларидан ташқари барча моторли сув транспорти воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади», дея аниқ белгилаб қўйилган қарорда.

Бу тақиқни ким назорат қилиши керак эди?

Тақиқ билан “тенгдош” прокуратура

Президентнинг 2020 йил 27 августдаги «Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида, Бош прокуратура тизимида ихтисослаштирилган прокуратура ташкил этилиши кўрсатилган эди.

Макзкур ихтисослаштирилган прокуратура зиммасига табиатни муҳофаза қилиш, ер ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳудуднинг экологик ҳолатини янада яхшилаш ҳамда экотуризмни ривожлантиришга оид қонун ҳужжатлари ижроси устидан самарали назоратни ташкил этиш вазифалари юклатилган.

2020 йилнинг ноябр ойида президент фармонида назарда тутилган ихтисослаштирилган прокуратура – Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси иш бошлаган. Ўша пайтда Фаррух Бобораҳимов Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси прокурори лавозимига тайинланганди. Ҳозирда ушбу лавозимда Санжар Ҳусаинов фаолият юритмоқда.

Республика ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда ижро этилишини назорат қилиш прокурорларга юклатилгани инобатга олинса, Чорвоқда моторли қайиқлардан фойдаланишга қўйилган тақиқни Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси назорат қилиши керак эди.

Аслида, Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси биноси шундоққина Чорвоқ сув омборининг ёнида жойлашган. Аммо прокуратура “бурни остида”ги бу қонунбузилишига нега “кўз юмгани”, сув ҳавзасида тонг отишидан кун ботгунга қадар тинмайдиган гидроцикллар ҳаракатини нима сабабдан “кўрмаган”лиги маълум эмас.

Чиқиндихонага айланаётган Бўстонлиқ

Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси табиатни муҳофаза этиш, ҳудуднинг экологик ҳолатини янада яхшилашни назорат қилиш борасида ўз ишини қай даражада эплай оляпти, деган саволга Kun.uz кузатувчилари томонидан юборилган мана бу суратлар бироз бўлса-да жавоб бера олади.

Прокуратура ходимларининг мансабига совуққонлик билан қараганига ҳуқуқий баҳо бериладими?

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Чорвоқдаги ҳалокат юзасидан Жиноят кодексининг 260-моддаси (Темирйўл, денгиз, дарё ёки ҳаво транспортининг ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бироқ, ҳолатнинг “парда ортида” қолаётган яна бир томони бор: агар Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси сув ҳавзасида моторли қайиқлардан фойдаланишга қўйилган тақиқни назорат қилганида йигит гидроцикл минмаган, 2 киши эса ҳалок бўлмаган бўлар эди. Бу мансабга совуққонлик билан қараш сифатида малакаланиши мумкин

Чорвоқ ҳалокатида биноси шундоққина сув ҳавзаси ёнида бўлган Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси ходимлариининг ҳам камида интизомий жавобгарлиги масаласи кўриб чиқилиши керак. Агар шундай бўлса, бу тизимда қонун устуворлигининг бир намунаси сифатида кўрилади.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид