Ўзбекистон | 20:32 / 25.07.2024
18499
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони маълум қилинди

Аҳоли сони 37,2 миллионга яқинлашмоқда, энг кўп аҳоли Самарқанд вилоятида истиқомат қиляпти.

Фото: Kun.uz

2024 йил 1 июл ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 37 миллион 134 минг кишини ташкил этди. Бу ҳақда Статистика агентлиги (.pdf) ҳисобот берди.

Қайд қилинишича, аҳолининг 18 миллион 696 минг нафари эркаклар, 18 миллион 437 минг нафари аёллардир. Мамлакатнинг шаҳар аҳолиси сони 18,9 миллион кишини, қишлоқлар аҳолиси 18,2 миллион кишини ташкил этади.

Агентлик маълумотига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ёши 28,5 йилга тенг. Таққослаш учун, 2014 йилда аҳоли ўртача ёши 27,3 йил эди.

Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ёшдаги фуқаролар умумий аҳоли сонининг 56,4 фоизига тенг. Шу билан бирга, меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар 32 фоиз, меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар 11,6 фоиз.

Доимий аҳоли сонининг энг кўпи Самарқанд вилоятида қайд этилган – 4 миллион 249 минг нафар. Бу бутун Ўзбекистон аҳолисининг 11,4 фоизи дегани. Шунингдек, Фарғона (4,1 миллион киши), Қашқадарё (3,6 миллион киши), Андижон (3,4 миллион киши) ва Наманган (3,1 миллион киши) вилоятларида нисбатан кўп аҳоли истиқомат қилади.

Доимий аҳоли сонининг улуши энг кам ҳудуд Сирдарё вилояти бўлиб, у ерда 922,1 минг киши яшамоқда. Навоий (1,1 миллион киши), Жиззах (1,5 миллион киши), Хоразм (2 миллион киши) вилоятлари ва Қорақалпоғистонда (2 миллион киши) нисбатан кам аҳоли истиқомат қилади.

Мавзуга оид