Жаҳон | 17:31 / 25.07.2024
6672
4 дақиқада ўқилади

«Ёш овозлар вақти келди». Байден пойгадан чиққанига изоҳ берди

У сўнгги ҳафталарда мамлакат ва Демократик партияни бирлаштириш лозимлигини тушунгани ва олдинга юришнинг энг яхши йўли — «эстафетани янги авлодга топшириш» бўлади деган қарорга келгани ҳақида гапирди.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден миллатга мурожаат қилди ва нима учун президентлик пойгасини тарк этганини изоҳлади.

Мен сизга Овал кабинетдан туриб мурожаат қиляпман. Бу муқаддас жойда мени Американинг нуфузли президентлари портретлари қуршаб турибди. Мен бу жойни ҳурмат қиламан, аммо ўз мамлакатимни ундан ҳам кўпроқ севаман. Мен учун сизнинг президентингиз бўлиш шараф эди. Америка бурилиш нуқтасида. Бу тарихда бизнинг қарорларимиз халқимиз ва дунёнинг кейинги ўн йилликлардаги тақдирини белгилаб берадиган даврдир. Америка олдинга ёки ортга, умид ва нафрат, бирлик ва бўлиниш ўртасида танлов қилишига тўғри келади.

Сиз мени сайлаганингизда, мен сиз билан ростгўй бўлишга ваъда бергандим. Ҳақиқат ҳар биримиздан муҳимроқдир. Сўнгги ҳафталарда менга аён бўлдики, демократияни ҳимоя қилиш учун Демократик партияни бирлаштириш керак. Мен ўз тажрибам, етакчилигим ва Америка келажаги бўйича қарашларим туфайли иккинчи муддатга сайланишга лойиқман деб ҳисоблайман. Аммо демократиямизни сақлаб қолиш йўлида ҳеч нарса, жумладан шахсий амбициялар тўсиқ бўлолмайди. Шунинг учун мен эстафетани янги авлодга топшириш яхшироқ, бу миллатни бирлаштиришнинг энг яхши йўли деган қарорга келдим. Жамият ҳаётида кўп йиллик тажрибага эга одамлар учун вақт бор. Аммо янги, тетик, ёш овозлар учун ҳам вақт ва жой бор. Ва бу вақт ва жой — ҳозир келди.

Кейинги олти ойда мен президент лавозимидаги вазифаларимни бажараман, Америка кучли, ҳимояланган, эркин дунё етакчиси бўлиб қолиши устида ишлашни давом эттираман. Биз Путин Украинани эгаллашига халал бериш учун мамлакатлар коалициясини йиғишда давом этамиз. Биз НАТОни мустаҳкамлаймиз. Мен Ғазодаги урушни якунлаш ва гаровдагиларнинг барчасини уйларига қайтариш учун ишлашда давом этаман.

Байден шунингдек америкаликларни яқин вақтлар ичида АҚШ президентлигига демократларнинг янги номзоди бўлиши кутилаётган Камала Ҳаррисни қўллашга чақирган.

«Биз кўп нарсани бошдан ўтказдик — юз йилликдаги энг қўрқинчли пандемия, Буюк тушкунлик давридан буён энг оғир иқтисодий инқироз, Фуқаролик уруши давридан буён бизнинг демократияга қилинган энг жиддий ҳужум.

Тўрт йил муқаддам мен президентликка номзодимни қўйгандим, чунки Америка руҳи хавф остида қолганини тушунгандим ва ҳозир ҳам шундай. Бир неча ойдан кейин Америка халқи мамлакат келажаги учун йўналишни танлайди. Мен ўз танловимни амалга оширдим. Мен ажойиб вице-президентимиз Камала Ҳаррисга миннатдорчилик билдирмоқчиман. У тажрибали, қатъиятли, қобилиятли. У мен учун ақл бовар қилмас ҳамкор ва мамлакатимиз учун етакчи бўлди. Энди танлов сизда. Американинг ажойиб томони шундаки, бу ерда қирол ва диктаторлар эмас, халқ ҳукмронлик қилади. Тарих сизнинг қўлингизда, ҳокимият сизнинг қўлингизда», — деган Байден.

Бешафқат реаллик: Байден мурожаати сатрлари орасида нималар бор?

BBCнинг Шимолий Америкадаги мухбири Энтони Зуркер

Жо Байден Овал кабинетдаги чиқишида доимо Америка халқи билан ҳамқадам бўлишга ваъда берди.

Аммо у бунга эриша олмади. У эстафетани янги авлодга бериш вақти келганини айтган, партия бирдамлиги ва Америка демократиясини шахсий амбициялардан устун қўйиш зарурлигини таъкидлаган бўлса-да, у нега президентлик сайловларига атиги уч ой қолганида бундай қарорга келганига чуқур тўхталмаган.

Агар бу сатрлар орасига қаралса, совуқ, бешафқат реаллик кўзга ташланади: у истеъфо берди, чунки у ютқазиши ойдинлашаётганди.

Сўровларда ортда қолиши, дебатдаги шармандали иштироки, Демократик партияда уни пойгадан чиқишга чақирувчилар гуруҳи кенгайиб боргани ғалабага аниқ йўл қолдирмаганди.

Унинг бу нутқи, агар сайловда қатнаша олмайдиган бўлса, лавозимида ҳам қолмаслиги кераклигини айтаётган республикачиларни тинчлантира олмайди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид