Иқтисодиёт | 10:50 / 26.07.2024
9454
4 дақиқада ўқилади

3,3 млн сўмдан 14,4 млн сўмгача – ўзбекистонликларнинг ўртача ойлик иш ҳақи эълон қилинди

Индивидуал соҳалар кесимида иш ҳақининг ошиши бўйича тенгсизлик йилдан йилга кенгайиб боряпти. Хусусан, 2020-2024 йилларнинг мос даври оралиғида банк ва суғурта соҳасида ишловчиларнинг ойлик маоши 2,63 баробарга (5 млн 487 минг сўмдан 14 млн 434 минг сўмга) ошган бўлса, бу кўрсаткич соғлиқни сақлаш соҳасида 85 фоизни (1 млн 779 минг сўмдан 3 млн 288 минг сўмга), таълим соҳасида 78 фоизни (1 млн 967 минг сўмдан 3 млн 499 минг сўмга) ташкил этган. 

Фото: Kun.uz

2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 5 млн 92 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 17,4 фоизни ташкил қилган. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.

Маълумот учун, ҳисоботни тузишда мудофаа, ички ишлар, божхона, ДХХ, прокуратура ва суд тизимларидаги маошлар, шунингдек, кичик тадбиркорлик субъектларида ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ишловчиларнинг маошлари киритилмаган.

Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори Тошкент шаҳри (8 млн 450 минг), Навоий (6 млн 602 минг) ва Тошкент вилоятида (4 млн 918 минг) қайд этилган.

Энг кам маошлар эса Қашқадарё (3 млн 634 минг), Сурхондарё (3 млн 688 минг) ва Наманган (3 млн 751 минг) вилоятларида кузатилган.

Ҳисобот даврида фақатгина иккита маъмурий ҳудудда – Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида номинал иш ҳақининг даражаси республикадаги ўртача даражадан юқори бўлиб, қолган барча ҳудудларда бу кўрсаткич республика даражасидан турли миқдорда паст шаклланган.

2024 йилнинг январ-июн ойларида ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳрида (20,2 фоиз), Самарқанд (18,2 фоиз), Андижон (17,6 фоиз), Фарғона (16,8 фоиз) ҳамда Навоий (16,2 фоиз) вилоятларида кузатилган.

Маошлар ошгани ортидан, ҳудудлар кесимидаги фарқланиш кучайиб бормоқда. Масалан, 2020 йилда энг бой ва энг камбағал ҳудудлардаги (Тошкент/Қашқадарё) ўртача иш ҳақидаги фарқ 83 фоиз, 2021 йилда (Тошкент/Фарғона) 97 фоиз, 2022 йилда (Тошкент/Самарқанд) 2,08 баробар, 2023 йилда (Тошкент/Самарқанд) 2,17 баробар бўлган бўлса, 2024 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич (Тошкент/Қашқадарё) 2,33 баробарга етган. 

2023 йилда ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда 3 млн 135 минг ходимнинг маълумотларидан фойдаланилган. Шундан 37,9 фоизи таълим, 18,3 фоизи саноат, 16,7 фоизи соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари ҳиссасига тўғри келган.

2024 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича соҳалар кесимида энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи миқдори:

  • банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятида– 14,4 миллион сўм;
  • ахборот ва алоқа соҳасида –12,4 млн сўм;
  • ташиш ва сақлаш соҳасида – 7,7 млн сўм;
  • саноат соҳасида – 6,2 млн сўм;
  • савдо соҳасида – 5,8 млн сўм;
  • қурилиш соҳасида – 5,4 млн сўм;
  • яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳасида – 4,5 млн сўм;
  • санъат, кўнгил очиш ва дам олиш соҳасида – 4,1 млн сўм;
  • таълим соҳасида – 3,5 млн сўм;
  • соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида – 3,3 млн сўм.

Индивидуал соҳалар ўзаро таққосланса, иш ҳақининг тармоқлар кесимидаги тенгсизлиги ҳам ортиб бораётганини кўриш мумкин. Хусусан, 2020-2024 йилларнинг мос даври оралиғида банк ва суғурта фаолиятида банд бўлган ходимларнинг ойлик маоши 2,63 баробарга (5 млн 487 минг сўмдан 14 млн 434 минг сўмга) ошган бўлса, бу кўрсаткич соғлиқни сақлаш соҳасида 85 фоизни (1 млн 779 минг сўмдан 3 млн 288 минг сўмга), таълим соҳасида 78 фоизни (1 млн 967 минг сўмдан 3 млн 499 минг сўмга) ташкил этган.

Мавзуга оид