Жаҳон | 14:59 / 26.07.2024
6527
2 дақиқада ўқилади

Барак Обама сайловда Камала Ҳаррисни қўллашини маълум қилди

АҚШ собиқ президенти Барака Обама ва унинг рафиқаси Мишел Обама демократик партиядан президентликка номзод бўлиши кутилаётган Камала Ҳаррисни ноябрдаги сайловларда қўллашини айтишди.

Фото: The New York Times

Эр-хотин Обамалар Ҳаррисга қўнғироқ қилиб, уни сайловда қўллашларини маълум қилган. Вице-президентнинг сайлов кампанияси суҳбат видеосини эълон қилди. «Мен ва Мишел сени қўллашдан фахрланамиз. Сен сайловдан ўтиб Овал кабинетга боришинг учун қўлимиздан келганини қиламиз», деган Обама.

«Бу мен учун кўп нарсани англатади. Келинг, ишга киришамиз», деб жавоб қайтарган Ҳаррис. Суҳбат жуда самимий руҳда ўтган.

Эътиборлиси, демократик партиянинг энг обрўли ва таъсир доираси катта вакили Барака Обама Камала Ҳаррис номзодини Байден уни илгари сурганидан 5 кун ўтгач қўллашини маълум қилди. Бу вақтда Мишел Обама демократлар вакили сифатида сайловда қатнашиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар яна авж олди.

АҚШ нашрларига кўра, Обама охирги бир ой давомида унинг президентлик вақтида вице-президент бўлиб ишлаган Оқ уйнинг амалдаги раҳбари Жо Байденни иккинчи муддатга номзодини қўйиш фикридан қайтариб келган. Байден ўзига қарши партия ичидаги бу «исён» тепасида Обамадан ташқари, Вакиллар палатаси собиқ спикери Ненси Пелоси ҳам бўлган деб ҳисоблаши ҳақида хабарлар ҳам тарқалган.

Мавзуга оид