Ўзбекистон | 10:37 / 26.07.2024
3366
4 дақиқада ўқилади

ДХХ гиёҳвандлик ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний айланмасига чек қўйди

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ҳудудларда гиёҳвандлик ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмаси тўхтатиб қолинди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда Оқолтин туманидаги “Сардоба” ЙПХ масканида тезкор тадбир ўтказилди.

Унда, “Тошкент-Жиззах” йўналишида ҳаракатланаётган Жиззах вилоятининг Бахмал туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс бошқарувидаги “Кобалт” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди. 

Натижада, автомашина юкхонасига 3080 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари яшириб қўйилганлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, мазкур шахснинг жиноий шериги бўлган – Бахмал туманида яшовчи фуқаро ҳам қўлга олинди. 

Таъкидланишича, ушбу дори воситалари Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб келинган.

ДХХ ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, Фарғона туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс Қирғизистондан келтирилган 2799 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 65 млн сўмга сотган вақтида ушланди.

Фарғона вилоятида кузатилган яна бир ҳолатда, Фарғона туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасида белгиланган тартибни қўпол равишда бузиб, Қирғизистондан 5600 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб ўтган вақтида Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Бу йўналишда ДХХ Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам божхона идоралари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказишди. 

Унда “Тошкент-Хоразм” йўналишида ҳаракатланаётган юк машинаси Ҳазорасп туманида тўхтатилиб кўздан кечирилди ва унинг юкхонасидаги маиший кондиционер ичига яшириб қўйилган 1 кг 814 гр “опий” моддаси тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди. 

Ушбу ажал оғуси Ҳазорасп туманида туғилган фуқарога тегишли эканлиги аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилди ва у кондиционерни қабул қилиб олган вақтида ушланди. Шунингдек, унинг яшаш хонадонидан ҳам 158 гр “опий” ва 1 кг 988 гр “гашиш” моддалари олинди.

Бундан ташқари, мазкур шахсни гиёҳвандлик воситалари билан таъминлаб келган, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи 2 нафар фуқаро ҳам ушланиб, улардан бирининг яшаш хонадонидан 424 гр “опий” моддаси олинди. 

Ушбу ҳолатда наркотик моддалар Тожикистондан олиб келинганлиги аниқланди.

ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Қўрғонтепа туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Андижон шаҳри томон ҳаракатланаётган “Нексия” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, унда йўловчи сифатида кетаётган 2 нафар фуқарога тегишли бўлган ва Қирғизистондан келтирилган 4 кг 861 гр “Прегабалин” номли кучли таъсир қилувчи модда борлиги маълум бўлди. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу кучли таъсир қилувчи моддаларни қабул қилиб олган вақтида Андижон шаҳрида яшовчи шахс ушланди.
 
Шунингдек, унинг танишлари бўлган Шаҳрихон туманида истиқомат қилувчи 2 нафар аёл ҳам процессуал тартибда ушланиб, улардан 1 кг 987 гр “Прегабалин” моддаси ҳамда 1342 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилуви дори воситалари олинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Мавзуга оид