Марказий банк ўзгаларнинг номига кредит олаётган фирибгарларга қарши қандай курашмоқчи?
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовнинг маълум қилишича, онлайн кредит ажратиш бўйича тижорат банкларига қўшимча талаблар белгиланяпти. Бунда ҳар бир фуқарога ўзининг номига кредит расмийлаштирилишини чеклаб қўйиш имконияти яратилади. Шунингдек, кредит олиш жараёнида ҳақиқатан ҳам кредитни ўша шахснинг ўзи олаётганини қайта текшириш амалиётини жорий этиш режалаштириляпти.
Бировларнинг номига кредит олиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларининг ошиб бораётгани фонида Марказий банк онлайн кредит олиш бўйича талабларни кучайтиришни режалаштиряпти. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 25 июл куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
«Онлайн кредит олишдаги фирибгарлик бизни жуда ўйлантираётган масала. Нафақат бизни, балки бутун дунёдаги ривожланаётган мамлакатлар марказий банкларини ўйлантиряпти. Қонунчиликка бир қатор ўзгартиришлар киритдик. Июл ойида бу ўзгаришлар Сенатда қабул қилинди. Тижорат банкларига маълум минимал талаблар белгилаяпмиз. Бу ҳар бир инсон томонидан кредит расмийлаштирилишини чеклаб қўйиш амалиёти бўлиб, тизим орқали фуқароларнинг розилигисиз банкларнинг кредит бериш имконияти чекланади. Иккинчидан, кредит олиш жараёнида ҳақиқатан ҳам кредитни шахснинг ўзи олаётганини қайта текшириш амалиётини жорий этиш режалаштирилмоқда. Буни 2 усулда кўряпмиз. Биринчи усулда, бевосита кредит олмоқчи бўлаётган шахсни хабардор қилиш орқали, иккинчи усулда кредит ҳақиқатан ҳам ўша фуқаро томонидан олинаётганига маълум воситалар билан розилик бериш тизими орқали назорат қилиш механизми ишлаб чиқилмоқда», - деди Мамаризо Нурмуродов.
МБ раисининг таъкидлашича, банклар томонидан маълум жиҳатдан шубҳали туюлган операцияларни тўхтатиб қўйиш масаласи ҳам кўриб чиқиляпти.
«Бу ерда нафақат онлайн кредит олиш, балки ўзаро пул ўтказмалари бўйича ҳам операцияларни тўхтатиб қўйиш масаласи кўзда тутилган. Бунда икки томонлама таъсир бор. Бир томондан, эртага бу мавзу муҳокама қилиниши мумкин, «банкнинг нима ҳаққи бор, менинг пулимга хўжайинлик қилишига?» деб. Иккинчи томондан, маълум жиҳатдан биз ҳимоя қилаётганимизни тушунтиришимиз қийин бўлади. Яна тўловларнинг ўтишида кечикиш бўлади — онлайн деган принципни маълум жиҳатдан бузган бўламиз», деди регулятор раиси.
Нурмуродовнинг таъкидлашича, онлайн кредит билан шуғулланувчи банкларда ҳар куни 10−15 мингта операциялар амалга оширилади. Бу энг тез ўсаётган банк маҳсулотларидан биридир. Ҳозирда рақамли банклар билан қандай қилиб кредит олишни қайта тасдиқлаш бўйича иш олиб бориляпти.
Мавзуга оид
11:56 / 11.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
12:01 / 09.11.2024
Бухорода 16 ёшли бола ўнлаб шахслар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди. У қамоққа олинган
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024